Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Зўравонликка қарши профилактика: ўғил бола тарбияси билан шуғулланиш

Зўравонликка қарши профилактика: ўғил бола тарбияси билан шуғулланиш

«Яқиндан бошлаб республикамизнинг 14 та ҳудудида иккитадан реабилитация марказлари фаолияти йўл қўйила бошлади. Бошпаналари ҳам мавжуд бўлган бу марказларда психолог, ҳуқуқшунос, тиббиёт ходимлари зўровонликдан жабр кўрганларга ёрдам беради. Марказлар давлат бюджетидан молиялаштирилади. Ички ишлар,  Бош прокуратура, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман сингари ташкилотлар марказлар билан бевосита ҳамкорликда ишлайди», — деди Республика аёлларни Реабилитация қилиш ва мослаштириш марказининг раҳбари Муқаддам Расулова «Ўзбекистонда гендер сиёсатининг конституциявий асослари» мавзуига бағишланган тадбирда.

Ушбу тадбирда Омбудсман вакили, Маҳалла ва Оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ИИББ, маданият ва санъат арбоблари иштирок этишди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаев:

— Зўровонликларнинг урчиб кетаётганига сабаблардан бири ён-атрофдагиларнинг томошабин бўлиб тургани. Тазйиққа учраганлар билан ҳақиқатан ҳам ишлаётган одамлар бор. Минбардан туриб биз зўровонликка қаршимиз деган билан иш битмайди. Психолог, ҳуқуқшунос, маҳалла фаоллари ва реабилитация маркази ходимлари ҳамкорликда ҳар бир жабрланганлар билан алоҳида кунлаб, ойлаб ишлайди. Бир зўровонликка учраган аёлнинг қанча муаммоси бор масалан. Нафақат бир аёлга ёрдам бериш, балки уни атрофидагилар билан ишлашнинг ўзи бўлмайди. Тазйиққа учраётганларни бости-бости қилиб, ажримлар сонини камайтириш эмас, балки бугун ўша зўровонлардан жабрланаётганни қутқариш масалаларини кўришимиз керак. Ўша оилага зўрланганни олиб кириб қўйганимиз олиб чиқиб кетганимиздан ҳам кўра ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.  Зўровонликка қарши фақат аёллар ўзлари курашавермасдан эркаклар ҳам баравар бирга қадам ташлаши керак. Биз фақат қизларгагина оилани сақлаш масъулиятини юклаб қўйяпмиз. Эркакларни оила олдида бурчли қилиб тарбиялаш эътибордан четда қолиб кетаётгандек. Зўровонликка қарши профилактика — ўғил бола тарбияси билан жиддий шуғулланиш.

 Тошкент давлат юридик университети аспиранти Камола Алиева:

— Аввало «аёлнинг ўзи айбдор», деган қарашлардан қутулишимиз керак. Илмий иш қилиш жараёнида сўровнома ўтказган респодентлар орасида, «аёл оилада зўровонликка сабр қилиши керакми», «агар аёл айбдор бўлса унга қарши зўровонлик ишлатиш мумкинми», «эркакнинг зўровонлиги оқланиши мумкинми» деган саволларга кўпчилик афсуски «ҳа» деб жавоб берган. Уларнинг орасида аёллар борлиги ачинарли. Қолаверса бу борада телевидения каналларида аёлларни ўзини айбдор қиладиган кўрсатувлар кўп. Аёлнинг оилада, жамиятда қадрини туширадиган кўрсатувлар кўп. Масалан «Ёр-ёр» ана шундай лойиҳалардан бири. Бундан ташқари теленовеллалар, сериаллар ҳам оилада зўровонликни табиий тушунишни ёшлар онггига сингдириб бораяпти. ТВда вақтинчалик чора сифатида гендер экспертиза ўтказиш керак. Буни цензура деб тушунмаслик лозим, бу аёлларни ўзини айбдор қилиш тушунчаларини йўқотгунча вақтинчалик чора...

Ана шундай баҳс-мунозараларга бой бўлган тадбир сўнгида оилавий зўровонликка барҳам бериш, аёлларни ҳар қандай зўрлик ишлатишдан ҳимоя қилиш бўйича иштирокчиларнинг таклиф ва тавсиялари эшитилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг