Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дебатларда: ташқи сиёсат ва хавфсизлик масаласи

Дебатларда: ташқи сиёсат ва хавфсизлик масаласи

Ташқи сиёсат ва хавфсизлик мавзусида партиялараро бўлиб ўтган дебатлар борасида сиёсатшунос эксперт Н.Шодиев интервью берди.

Шу кунларда ойнаи жаҳон орқали сиёсий партиялардан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларнинг вакиллари ўртасида дебатлар бўлиб ўтмоқда. Улардан бири ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалаларига бағишланди. Ушбу дебатларни кузатган эксперт сифатида уларнинг мавзуси ва мазмуни, ўзига хослиги хуссида фикрингизни билдирсангиз.

Н.Шодиев: Сиёсий партиялардан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларнинг вакиллари ўртасидаги бўлиб ўтган дебатлар сайлов жараёнларидаги сиёсий рақобатни янада аниқроқ ракурсларда намоён этди. Ушбу дебатларда Президентликка номзодларнинг сайловолди дастурларида кўрсатилган вазифа ва йўналишлар янадабатафсилроқ, янада аниқроқ таҳлил этилди. Сиёсий партиялар томонидан ташқи сиёсат ва хавфсизлик масаласинингмуҳокама қилинишимамлакатимиздаги сиёсий жараёнларда янгиликдир. Ташқи сиёсат мавзуси олдинлари тор доираларда ва қатъий рамкаларда кўриб чиқилган бўлса, бугун у сиёсий дебатларда очиқ муҳокама қилинмоқда.

Журналист: Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган саволларга ҳар бир партиянинг ўз позицияси ва жавоблари кўрсатилди. Партиялар дебатда шўларининг ташқи сиёсий фаолиятининг устувор жиҳатларини ҳам баён этишди. Уларнинг ташқи сиёсат борасидаги позицияларининг ўзига хослиги нимада. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?

Н.Шодиев: Дебатда кузатганимиздек ҳар бир партия ташқи сиёсатнинг асосий устувор йўналишлари хусусида ўз фикрларини баён этди.Экопартия ташқи сиёсатда асосий устувор вазифалари сифатида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, трансчегаравий муҳофаза этилаётган ҳудудларни барпо этиш ва минтақанинг экологик барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор беришини таъкидлаган бўлса, ХДП Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббускор халқаро сиёсат юритиш тарафдори эканлигини билдириб ўтди. ЎзЛиДеПвакили тизимли ва пухта ўйланган, прагматик ташқи сиёсий ва иқтисодий дипломатияни фаол давом эттиришини таъкидлар экан,  Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамкорлик стратегияси ишлаб чиқилишини масалаларини муҳим вазифа сифатида кўрсатди.

“Адолат” социал демократик партияси Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланишини таъкидлади.

Бу маназарадан шуни илғаш мумкинки, бошқа партиялардан фарқли ўлароқ Халқ демократик партияси мамлакатнинг ташқи сиёсий устуворлигини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги йўналишида кўрмоқда. Қолган партиялар ташқи сёсий устуворликда якдил бўлиб, асосан Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик тарафдори. Аммо, ҳамкорлик йўналишларида фарқлар бор. Экологик партия трансчегаравий дарёларнинг сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, минтақанинг экологик барқарорлигини таъминлашга кўпроқ нисбат бераётган бўлса, Либерал демократик партия ўзаро савдо айланмаси ҳажмини камида оширишҳамда транзит имкониятларини кенгайтиришга урғу бермоқда. 

Журналист: Дебатда Афғонистон масаласига алоҳида эътибор қаратилди.Бу борада партияларнинг позицияларини қандай баҳолайсиз?

Нурали Шодиев: Ҳақиқатда Афғонистон масаласи кун сайин долзарблашиб бормоқда. Аммо, кейинги беш йилда Афғонистон билан муносабатлар янгича бир форматда ривожланди. Дебатда сиёсий партияларимизнинг позицияси Афғонистон векторида умумий жиҳатдан ўхшаш бўлса-да, аммо, турлича қарашлар  ва ёндашувлар мавжуд. Экопартия Афғонистон билан сув ресурслари ва экологик муаммолар, трансчегаравий муаммоларни биргаликда ҳал этишни ўз ичига олган ҳамкорлик муносабатлари борасида чиқиш қилган бўлса, ХДПдан кўрсатилган номзод вакили Афғонистонда тинчлик ўрнатишга бел боғлаган нуфузли давлатлар ўз масъулиятига олиши лозимлигини хусусида баёнот берди. Шунингдек, ЎзЛиДеПдан Президентликка номзоднинг вакили Афғон халқи муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги кераклигини таъкидлар экан, Афғонистондаги муаммолар ечими йирик иқтисодий-ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш билан боғлиқлигини айтиб ўтди ва ҳозирда ҳам амалга оширилаётган гуманитар кўмак масалаларига тўхталди. Аммо, ЎзМТДПнинг номзоди вакили ҳамда “Адолат” СДП номзоди вакили Афғонистондаги бугунги жараёнлар бўйича аниқ позициясини намоён этди. “Адолат” СДПдан номзод вакили Афғонистонда этносиёсий гуруҳлар вакилларидан иборат инклюзив ҳукумат шаклланиши тарафдори эканлигини айтиб ўтдива Афғонистонни Марказий Осиёнинг бир бўлаги сифатида таърифлади.

Дебатдаги бу баҳслардан шундай хулосага келиш мумкинки, ҳар бир сиёсий партия ўз мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда Афғонистон йўналишида ўзига хос ёндашувларга эга.

Журналист: Ўзбекистон сўнгги беш йилда жаҳонга очилди ва халқаро бозорларга  мамлакатимиз иқтисодиёти интеграциялашмоқда. Шу боисдан бугунги кунда ҳалқаро иқтисодий ҳамкорлик борасидаги сиёсий партияларнинг аниқ позициялари шаклланган деб ўйлайсизми?

Нурали Шодиев: Ўзбекистон халқаро майдонда ўзининг прагматик сиёсатини давом эттирган ҳолда, ташаббусларини босқичма-босқич амалга оширмоқда. Бу борада халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиб, Ўзбекистон халқаро даражада тадбирларни юқори савияда ташкил этмоқда. Бу борада бугунги сиёсий рақобат шароитида кураш олиб бораётган сиёсий партияларимизнинг ҳам ўзига хос мақсадлари ва стратегияларини кеча бўлиб ўтган дебатлардан кўришимиз мумкин. ХДПдан номзод вакилиЕвроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишига хайриҳохлигини билдириб, аъзолик асосан  ижтимоий масалаларга қаратилиши лозим деб ҳисоблашини айтиб ўтди. ЎзЛиДеП номзоди вакили мамлакатимиз дунёга кенг очилаётгани, иқтисодиётимиз жаҳон бозорларига интеграциялашиб бораётганини таъкидлаб, ташқи иқтисодий ҳамкорликни кенг миқёсда йўлга қўйиш тарафдори эканини, шунингдек, бугунги тараққиёт талаблари айнан ташқи иқтисодий сиёсатимиз горизонтлари кенгайишини талаб этаётганини билдирди.

ЎзМТДП номзоди вакили халқаро иқтисодий муносбатларимизда миллий қадриятларимизнинг дахлсизлигига ва маънавиятимизга зиён етмаслигига эътибор қаратилиши айтиб ўтган бўлса, буни  “Адолат” СДП халқаро майдонда яккаланиб қолишимизга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлаган ҳолда танқид қилди. Ушбу партиянинг позияси очиқ ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.

Журналист: Дебатда хориждаги ватандошларимиз билан ҳамкорлик масаласи алоҳида мавзу сифатида кўтарилган. Бу мавзу сиёсий партияларимиз сайловолди дастурларидаги ифодасини ва вакилларнинг дебатлардаги таъкидларини қандай баҳолайсиз?

Нурали Шодиев:  Бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш керакки, бу мавзу сиёсий партияларимизнинг сиёсий жараёнлардаги кун тарибидан илк бор ўрин олиши. Дебатдаги чиқишлардан ҳам хулоса қилиш мумкинки, бу йўналишда ЎзЛиДеП анча дадил таклиф ва ташаббуслари билан ажралиб турибди. Сабаби хорижлик ватандошлар билан ишлаш масаласи ушбу партиядан кўрсатилган номзоднинг ташаббуси билан мамлакат ташқи сиёсати йўналишиларидан бирига айланганди. Аммо, бу мавзу бўйича ҳар бир сиёсий партиянинг ўзига хос йўналиши бор.

Экопартия мамлакатимизда “яшил сиёсат”ни жорий этишда хорижлик ватандошларимизни жалб этиш, сувни тежаш технологияларини қўллаш, муқобил энергия манбаларини амалиётга жорий этишда уларнинг иштирокини таъминлашга эътибор беришини билдирди. ХДПдан номзод вакили эса хориждаги ватандошларимиз билан турли диологларни амалга ошириш, турли ассоциациялар ташкил этиш таклифларини айтиб ўтди. ЎзМТДП хорижлик ватандошларимизни маънавий ва маданий меросимизни хорижга танитишфикрларини айтиб ўтди. “Адолат” СДП эса уларнинг хориждаги ҳуқуқ ва манфаттларини таъминлаш бўйича қонунчилик нормаларига таклифлар киритишни билдирди. 

Журналист: Хавфсизлик ҳар бир жамият, давлат, минтақа кун тартибидаги долзарб масаладир.Дебатда ҳам бу борада қизғин баҳслар бўлиб ўтди. Сиз сиёсий партияларнинг хавфсизлик борасидаги устуворликларни белгилашига қандай муносабат билдирган бўлар эдингиз?

Нурали Шодиев:  Сиёсий партияларнинг дебатдаги чиқишларидаўз йўналиши, тажрибаси ва сиёсий мақсадлари қамровидан келиб чиққан ҳолда ички хавфсизлигимизга таҳдидларнинг устуворлик даражасини белгилаб кўрсатишди. Экологик партия Орол муаммосини энг муҳим таҳдид сифатида баҳолади, ХДПдан номзод вакили эса ахборот хуружларини жамиятимиздаги устувор хавф сифатида кўрсатди. ЎзЛиДепдан номзод вакили аҳолимизнинг тинчлигини таъминлаш энг устувор вазифа деб таъкидлади. ЎзМТДП эса маъанвиятга таҳдидларни кўрсатди. Аммо, шуни айтиб ўтиш керакки, ушбу хавфларнинг бартараф этиш механизмларини ЎзЛиДепдан номзод вакилидан ташқари ҳамма партия ҳам аниқ кўрсатиб ўтмади. ХДПдан номзод вакилининг ахборот хавфсизлигини сақлашда давлатнинг ролини ошириш борасидаги таклифи анча баҳсталаб бўлиб, бу айнан ахборот хуружларидан жамиятни ҳимоялашнинг оптимал механизми деб бўлмайди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ушбу дебатлар жамиятдаги долзарб масалалар муҳокамаси ва сиёсий партияларнинг ёндашувларидаги хилма-хиллиги билан ўзига хос тарзда ўтди. Энг муҳими жамоатчилигимиз таклиф ва ташаббуслари асосида шакллантирилган,мамлакат тараққиёти учун муҳим бўлган мавзуларда сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар вакиллари ўз позицияларини очиқ намоён этишди. Бу ҳам сайловолди сиёсий рақобат муҳитини ифодаловчи муҳим омиллардандир. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг