Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Ислоҳотларни, ижро органлари ишидаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак»

Шавкат Мирзиёев: «Ислоҳотларни, ижро органлари ишидаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак»

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 3 январ куни Вазирлар Маҳкамаси комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш ва янги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда «Ўзбекистон24» телеканалида хабар берилди.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси ҳамда Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплексининг ўтган даврдаги фаолияти таҳлил қилиниб, 2018 йилга мўлжалланган режалари ва энг устувор вазифалари муҳокама этилди.

Президент кун тартибидаги масалага танқидий ёндашиб, аксарият ташкилотлар ўз фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил эта олмаётгани, қабул қилинган қарор ва дастурларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётганини таъкидлади.

— Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ижро органлари ишидаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак. Бунинг учун қуйи бўғиндаги ишлар самарадорлигини ошириш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш барча раҳбар ва мутасаддилар фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур, — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди.

Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, мактаб таълими сифатини ошириш, тест синовлари ва олий ўқув юртлари фаолиятини такомиллаштириш, спортчиларнинг бўлғуси мусобақаларга тайёрлаш борасидаги ишларга эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда иқтисодиёт соҳа ва тармоқларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жумладан, қатъий пул-валюта сиёсатини юритиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини кучайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, замонавий саноат корхоналари барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев жорий йилда амалга оширилган ишларни чуқур таҳлил қилиш асосида эришилган ютуқларни янада мустаҳкамлаш, йўл қўйилган камчиликларнинг такрорланмаслиги учун барча зарур чораларни кўриш, 2018 йилда бажариладиган аниқ вазифалар бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг