Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси қирғиз тилига таржима қилинди

Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси қирғиз тилига таржима қилинди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномасининг тўлиқ матни қирғиз тилида китоб шаклида чоп этилди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берди.

Китоб тақдимоти 2018 йил 6 март куни Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган «Қирғизистон-Ўзбекистон ҳамкорлиги ривожланишининг янги уфқлари» мавзусидаги илмий-амалий конференция доирасида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, конференция ишида Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Динара Кемелова бошчилигидаги ТИВ вакиллари, Қирғизистон фавқулодда ва мухтор элчилари, ТИВ дипломатик академияси, Стратегик тадқиқотлар миллий институти, «Манас» қирғиз-турк университети, Қирғизистон Миллий университети, Қирғизистон давлат университети, Қирғизистон халқаро университети раҳбарлари ва профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.

Тадбирда видеоконференция алоқаси орқали Ўш давлат университети раҳбарияти, ўқитувчилари ва Халқаро алоқалар факультети талабалари фаол иштирок этдилар.

Конференция якунларини муҳокама қилиш чоғида Дипломатик академиянинг «Халқаро муносабатлар ва ҳуқуқ» кафедраси профессори, элчи Ирина Оролбаева таъкидлаганидек, Ўзбекистон Президенти мурожаатномасининг матни қирғиз тилида чоп этилиши Қирғизистон жамоатчилигига қўшни мамлакатнинг муҳим сиёсий ҳужжатини ўз она тилида ўрганиш имконини беради.

«Мурожаатноманинг асосий қисмларини диққат билан ўрганиб, мен Қирғизистон ва Ўзбекистонда ривожланиш учун бир йўл мавжуд деган хулосага келдим, — деди элчи. — Шавкат Мирзиёевнинг кўпчилик таклифлари Қирғизистон учун ҳам жуда долзарб. Китобни ўқиш жуда ҳам қизиқ».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг