Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Очофат айиқ, аждарҳосифат илон ва ўткиркўз бургут қуршовида» – Cиёсатшунос Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатига баҳо берди

«Очофат айиқ, аждарҳосифат илон ва ўткиркўз бургут қуршовида» – Cиёсатшунос Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатига баҳо берди

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ўзаро робиталарда «Бжезинский синдроми»дан халос бўлмоқда, деб ҳисоблайди. Таҳлилчи Facebook тармоғидаги шахсий саҳифасида президент Шавкат Мирзиёевнинг 5-6 декабрь кунлари Қозоғистонга амалга оширган ташрифи якуни юзасидан кузатувлари билан ўртоқлашган.

«Бу ташриф ҳам Ўзбекистон–Қозоғистон муносабатларидаги бошқа сафарлар қатори стандарт муносабатларни давом эттиради деб ўйлаган эдим. Йўқ. Икки давлат ўртасида янги руҳият, янги муносабат шаклланяпти. Биринчи маъмурият даврида икки давлат ўртасидаги муносабатларда носоғлом рақобат, ишончсизлик ва совуқлик устувор кўринар эди. Мен бу муносабатларни «Бжезинский синдроми» деб номлаган эдим. Сабаби, Бжезинский ўзининг «Буюк шахмат доскаси» китобида «Марказий Осиёнинг лидери ким: Қозоғистонми ёки Ўзбекистон?!» деган савол қўйган эди. Ва мана шу савол икки давлат элитасининг тафаккурида мустаҳкам жой эгаллаб, носоғлом рақобатни янада кучайтирган эди», – дейди К.Раббимов.

Қайд этилишича, бугун Марказий Осиёдаги геосиёсий вазият бошқача. Расмий Остона учун минтақавий ҳамкорлик ва мувофиқлашув жуда муҳим. Мамлакатнинг асосий қўшниси – Россия билан муносабатларида эса хавфли нуқталар мавжуд. Хусусан, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг «Биз ўзаро муносабатларда давлатимизнинг қадр-қимматини қурбон қилмаймиз!» деган оҳанги Москва норозилигига сабаб бўлаётир.

«Ўзбекистонда ҳам ҳокимият ўзгариши билан мутлақ янги геосиёсий қараш ва оҳанг пайдо бўлди. Давлат раҳбарларининг ички маданияти, психологияси, стратегияси ички ва ташқи сиёсатда нақадар ҳал қилувчи роль ўйнашига бу яхши бир мисол. Ўзбекистон ҳам ўзининг ички муаммоларини ҳал қилиши учун минтақавий ва ташқи сиёсатда иҳоталаниш ва ўжарлик қилиш эмас, манфаатларга асосланган интенсив ҳамкорлик сиёсатига ўтди», – дея мулоҳазаларини давом эттиради эксперт.

Таҳлилчи сафарга «давлат ташрифи» мақоми берилгани, Нурсултон шаҳрида Ўзбекистоннинг янги элчихонаси очилганини ижобий ҳол ўлароқ баҳолаган.

«Асосийси, икки давлат «иттифоқчилик муносабатлари» тўғрисидаги декларацияни имзолаган. Бу декларация жуда катта сиёсий-рамзий аҳамиятга эга. Бу декларация икки давлатнинг ўзаро координацияси юқори даражада бўлиши кераклигини англатади. Бу декларация, агарки реал ҳаётда тўлақонли ишласа, Марказий Осиё минтақасининг геосиёсий мустақиллиги учун жиддий сиёсий платформа бўлиши мумкин», – деб ҳисоблайди К.Раббимов.

Сиёсий таҳлилчи Марказий Осиё минтақаси дуч келаётган геосиёсий воқеликни образли тарзда ифодалайди ва мавжуд ҳолатдан чиқиш йўлини ҳам таклиф этади.

«Бугунги вазият шундайки, давлат раҳбарлари қуршовда қолаётган дўстларни эслатади. Бир томонда баҳайбат ва еб тўймас қўнғир айиқ, бошқа томонда аждарҳосифат катта илон, осмонда кўзлари ўткир бургут ҳам кўринади. Ҳар бирининг ўз манфаати бор. Глобаллашув – майдондаги очиқликни, ҳамма бир-бирини кўриб туришини англатади. Энди яширинишнинг иложи йўқ. Қочадиган жой ҳам йўқ. Энди ўзлик асосидаги ишонч, дўстлик, ҳамкорлик ва коллектив мудофаа даври бошланди. Бу икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари, қанчалик самимий ва барқарор бўлади – вақт кўрсатади. Лекин, агарки томонлар тушунса, рақобатдан кўра икки давлатнинг бир-бирини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, иккаласи учун ҳам яхши бўларди», – дея хулоса ясайди Камолиддин Раббимов.

Аввал хабар берганимиздек, 6 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев Оқўрда қароргоҳида ҳамкасби Қосим-Жомарт Тоқаев билан музокаралар ўтказди.

Музокара давомида икки мамлакат ўртасидаги умумий товар айланмасини 10 миллиард долларга етказиш режаси маълум қилинди. Ташриф доирасида Нурсултон шаҳрида Ўзбекистон элчихонасининг янги бино ҳам очилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг