Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбек ўқувчилари саводхонлиги халқаро дастур асосида текширилади

Ўзбек ўқувчилари саводхонлиги халқаро дастур асосида текширилади

Ўзбекистон PISA 2021 - ўқувчиларнинг саводхонлигини баҳолаш халқаро дастурида иштирок этиш тўғрисида Халқаро иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотлари (ИҲТТ) билан келишувга эришди.

PISA дастурига кўра, 2021 йилда ўқувчиларнинг саводхонлигини аниқлаш мақсадида юртимиз мактабларининг 9-синф ўқувчилари ўртасида она тили ва математика фанларидан махсус синовлар ўтказилади. Синов натижаларига кўра халқаро ўқувчилар саводхонлиги рейтингида мамлакатимиз ёшларининг ўрни белгиланади.

Айни кунларда 2021 йилда ташкил этилиши кутилаётган ўқувчиларнинг саводхонлигини баҳолаш жараёнига тайёргарлик ишлари бошланди. Режалаштирилаётган мазкур кенг кўламли тадбирда манфаатдор ташкилотлар сифатида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази, Авлоний номидаги раҳбар ва мутахассис ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Тошкент давлат педагогика университети иштирок этмоқда.

Дастурни амалга ошириш бўйича тайёргарликни баҳолаш мақсадида ўтган ҳафта Австралия таълим тадқиқотлари кенгаши катта илмий ходими Урсула Швантер хоним Тошкент шаҳрига келди. Ташриф давомида Тошкент давлат педагогика университетида бўлган ACER вакиласи Дастур бўйича мамлакат рейтингини яратиш ҳамда ҳар уч йилда ўтказилувчи махсус тестлар асосида ўсмирларнинг билим даражасини белгилаш жараёни бўйича университет раҳбарияти билан фикр алмашди.

Маълумот учун, Тошкент давлат педагогика университети ўқувчиларнинг саводхонлигини баҳолаш дастурининг фаолиятини юртимизда йўлга қўйиш жараёнида таянч олий таълим муассасаси сифатида иштирок этади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг