Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда янги қонун қабул қилинди

Ўзбекистонда янги қонун қабул қилинди

Фото: «Xabar.uz»

2018 йил 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади.

Қабул қилинган Қонун давлат харидлари очиқлигини ва шаффофлигини ҳамда бу соҳада тадбиркорларнинг рақобат курашувини таъминлайди ҳамда давлат бюджети, марказлаштирилган манбалар ва давлат улушига эга бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланишга имкон яратади.

Қонун харидларнинг беш тартиб-таомилини белгилайди, ундан иккитаси давлат хариди бўйича қарор қабул қилишда инсон омилини буткул инкор этади. Қолган харид тартиб-таомиллари шаффофлиги махсус ахборот порталида зарур ахборот чоп этиш йўли билан таъимнланади.

Халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда биринчи бор ягона етказиб берувчида харидни амалга ошириш каби харид тартиб-таомили тури киритилмоқда.

Қонун қабул қилинишидан аввал мазкур соҳа 30дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган, бунда давлат харидларининг яхлит тизими мавжуд бўлмаган, бунинг натижасида ҳуқуқий коллизиялар вужудга келган. Кўп босқичли келишишлар ва такрорловчи тартиб-таомиллар коррупцияга шароит яратган ва кўп вақт йўқотишга сабаб бўлган.

Қонун давлат харидларини амалга оширишнинг амалдаги тажрибасини ҳамда халқаро тажрибани, шу жумладан,  БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича Комиссиясининг (ЮНСИТРАЛ) модель қонунчилигининг асосий қоидаларини, Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия, Беларус, Қозоғистон ва бошқа давлатлар қонунчилигини ҳисобга олган. Халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро банк, эксперт ва бизнес-ҳамжамияти, вазирлик ва идоралар вакиллари билан мухокамалар ўтказилган.

Қонундаги асосий янгиликлар:

  • Давлат буюртмачисининг иккита янги категориялари киритилган – «бюджет» ва «корпоратив» буюртмачилар;
  • Ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги белгиланди. Илгари давлат харидлари соҳасида ваколатли орган мавжуд эмас эди;
  • Давлат харидларининг барча турлари учун махсус ахборот портали жорий этилмоқда. Электрон дўкон ва аукционда ғолибни аниқлаш автоматик тарзда электрон тизим орқали амалга оширилади;
  • Махсус талаблар татбиқ этилмайдиган товарлар (ишлар, хизматлар) электрон дўкон орқали харид этилади. Бюджет буюртмачилари учун — 25 ЭКИХ, йилига 2500 ЭКИХдан ортиқ бўлмаган ҳолда, корпоратив буюрмачилар учун — 250 ЭКИХдан ортиқ бўлмаган лимитлар ўрнатилди. Аввал электрон савдо орқали биржада фақат 10-13 товар, иш, хизматлар гуруҳи рўйҳатига кирган, 100 минг АҚШ доллари қийматигача бўлган фақат биринчи даражада зарур бўлган товарлар харид қилинган;
  • Танлов савдолари ўрнатилган мезонларга жавоб берадиган товар (ишлар, хизматлар)нинг барча турларига тадбиқ этилади. Илгари танлов савдоларини ўтказиш механизми фақат капитал қурилиш соҳасида амал қилар эди;
  • Тендер танловлари учун сўм лимитлар ўрнатилган: бюджет буюртмачилари учун — 6000 ЭКИХ дан юқори, корпоратив буюртмачилар учун — 25000 ЭКИХ дан юқори. Илгари тендер савдолари 100 минг АҚШ долларидан юқори бўлган суммага ўтказилган;
  • Харид қилиш тартиб-таомиллари устидан мониторинг ва назорат тартибга солинмоқда.
  • Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича тузилаётган Комиссиянинг фаолияти харидларнинг барча турларига тадбиқ этилади. Илгари давлат харидларини назорат қилиш масаласи тартибга солинмаган, низо ва келишмовичликлар фақат электрон савдолар бўйича махсус комиссия томонидан кўриб чиқилган.

Қонунни реализация қилиш соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантиришга, тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларига тенг эркинлик яратиш, давлат секторини оптимал муддатларда товарлар (ишлар, хизматлар) билан самарали ва оқилона таъминлашга хизмат қилади, ҳамда мамлакатда қулай инвестицион муҳитни шакллантириш жараёнини давом эттиради ва халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилади.

Бугун матбуотда эълон қилинган мазкур қонун кучга кирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг