Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қашқадарё ва Хоразм ҳокимлари қаттиқ огоҳлантирилди

Қашқадарё ва Хоразм ҳокимлари қаттиқ огоҳлантирилди

Бугун, 27 июль куни Бош вазир Абдулла Арипов раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган.

Йиғилишда ҳудудларни ободонлаштириш, архитектура қиёфасини яхшилаш ишларини амалга оширишда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан турар ва нотурар жойларни бузиш ишларини ташкил этишда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни баратараф қилиш масалалари кўрилган.

Xabar.uz манбасининг хабар беришича, йиғилишида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган.

Йиғилиш танқидий руҳда ўтди. Президентнинг тадбиркорлар мол-мулки дахлсизлиги ва уни бузиш ҳамда уларга зарар етказишни қатъий тақиқлаш бўйича берган топшириғини бузгани учун Урганч шаҳар ҳокими (Абдуллаев), шаҳар прокурори (Давлатов)га ҳайфсан эълон қилинган.

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев йўл қўйган жиддий камчиликлари учун қаттиқ огоҳлантирилган.

Бош вазирнинг айтишича, турар ва нотурар жойларнинг бузилиши билан боғлиқ масалаларни шахсан Ўзбекистон Президенти назоратга олган.

Бугун Яккабоғ тумани ҳокими Донаев Шоҳмурод Холбоевич ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Туман ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаев ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

2019 йил 20 июль куни Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев «Ҳисор Сарлочин» МЧЖга тегишли савдо дўконларини бузиш ишларини ташкиллаштираётган вақтда мазкур жамиятда ишловчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Б.И. ўзига тегишли савдо дўконини бузилишига фаол қаршилик кўрсатиб, М.Т.нинг юз қисмига елим идишда бўлган бензин ёқилғисини сепиб, уни ёқиб юборганди.

Бироз аввалроқ эса Яккабоғлик тадбиркор, туман ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаевга бензин сепиб ёқиб юборган Баҳриддин Исомовнинг дўкони бузилмаслиги маълум қилинган эди.

Кеча эса Хоразмда уйи бузилган ва уйсиз яшаётган аҳоли ҳокимликка қарши намойиш ўтказган. Вилоят ҳокими эса улар билан музокара ўтказиб, товон пули тўланишини айтган.

Кейинроқ эса норози аҳоли ва шаҳар ҳокимлиги ўртасида келиб чиққан тушунмовчиликни жойига чиқиб ўрганиш, таҳлил қилиш ва ижобий ҳал этиш учун Бош вазир ҳам борганди.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг