Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосарлари мақоми вазир ўринбосарлари мақомига тенглаштирилди

Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосарлари мақоми вазир ўринбосарлари мақомига тенглаштирилди

Фото: «Pravacheloveka.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 2 февраль куни «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида келтирилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, энг аввало, жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, уларни манзилли қўллаб-қувватлашга масъул этиб белгиланди.

Шунингдек, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни амалга ошириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга шахсан жавобгар қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси марказий аппарати ходимларига нисбатан, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 январдаги «Ҳудудий давлат бошқаруви органлари ходимлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 1-бандида белгиланган ҳар ойлик устамалар қўлланилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг