Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

40 ёшини қамоқда кутиб олаётган Роналдиньо ҳақида (фото)

40 ёшини қамоқда кутиб олаётган Роналдиньо ҳақида (фото)

Коллаж

Бугун, 21 март куни бразилиялик футбол афсонаси Роналдиньонинг туғилган куни — у 40 ёшда. Қалбаки ҳужжатлар билан боғлиқ фирибгарлик учун ҳозир Парагвай қамоқхонасида ўтирибди. Ўзгача ҳолат, ўзгача кайфият. Аммо, ғойибдан бўлса-да, ҳозир тўрт девор орасида «қамалиб ўтирган» дунёдаги аксарият мухлислари унга ҳар қачонгидан яқинроқ бўлса, ажабмас.

Роналдиньо майдонда не-не кароматлар кўрсатмади. Навбатдаги фотоҳикоямиз шу ҳақда.

Роналдиньо энг шуҳратли дамларини «Барселона» билан ўтказди. Порту-алегрилик футболчи каталонияликлар сафида 2005 йили «Олтин тўп»ни қўлга киритган. Бунгача эса уч йил аввал (2002 й.) Бразилия терма жамоасига жаҳон чемпионатига чиқишда ёрдам берган. Роналдиньо нафақат такрорланмас техникаси, балки беқиёс табассуми билан ҳам мухлислар ёдида қолди. Фото: Бруно Домингос / «Reuters».


Роналдиньо (Роналду ди Асис Морейра) 1980 йили порт ишчиси ҳамда сотувчи оиласида дунёга келган. Саккиз ёшида отадан жудо бўлади, акаси уни ота ўрнида катта қилган. Фото: Жорже Силва / AFP.


Роналдиньонинг истеъдоди болалигидан маълум эди. Бўлғуси «Олтин тўп» соҳиби кун бўйи копток ортидан қувиб кунни кеч қиларди. Етти ёшида илк клуби — «Ланжендонке»га қабул қилинди. Фото: «Reuters».


1995 йили Роналдиньо акаси тўп сураётган «Гремио» либосини кийди. Орадан уч йил ўтиб Бразилия «А серияси»да илк ўйинини ўтказди. Фото: Алберт Геа / «Reuters».

 


Роналдиньо 22 ёшида жаҳон чемпиони бўлди. Турнирда иккита голи, учта голли узатмаси ва Англия билан чорак финалдаги қизил карточкаси билан эсда қолди. Фото: Серхио Перес / «Reuters».


Аммо Роналдиньо «Барселона» таркибида чинакам юлдузга айланди: Чемпионлар лигаси ғолиби, икки марта Испания чемпиони бўлди. 2005 йили энг яхши шахсий соврин — «Олтин тўп» эгаси бўлди. Европадаги фаолиятини «Милан»да якунлади.  Фото: Рикардо Мораеш / «Reuters».


 

 

Профессионал фаолиятининг охирги йилларида Бразилиянинг «Фламенго», «Атлетико Минейро», «Флуминенсе» ҳамда Мексиканинг «Керетаро» клубларида ўйнади.  Фото: Рикардо Мораеш / «Reuters».


Бразил юлдузи 2018 йили Россиядаги Жаҳон чемпионатига келиб, ёпилиш маросимида қатнашди. Фото: Карл Ресайн / «Reuters».


2019 йили Роналдиньонинг номи Бразилия футболи шон-шуҳрати залидан ўрин олди. Машҳур «Маракана» стадиони яқинида унинг оёқ излари пайдо бўлди. Фото: Вашингтон Алвеш / «Reuters».


Шунга қарамасдан, Роналдиньо ўз истеъдодини тўла намоён этмай кетган футболчи сифатида эсга олинади. У футболга шунчаки севимли эрмак деб қарарди. Роналдиньо ўйиндан завқ олаётган чоғда майдонда «битта футболчи»ни кўрардик.  Фото: Тамас Кажаш / «Reuters».

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг