Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

«АҚШга кетган истеъдод, «Матиз» нархидаги «Малибу» ва Ҳусан Турдиалиев»: ким кимдан хафа бўлиши керак?

«АҚШга кетган истеъдод, «Матиз» нархидаги «Малибу» ва Ҳусан Турдиалиев»: ким кимдан хафа бўлиши керак?

Иллюстратив фото

Можаронинг қисқа тарихи

2020 йил 24 декабрда «Машҳур опа-сингил шахматчилар терма жамоадан чиқариб юборилгани маълум бўлди» сарлавҳали мақола чоп этилганди. Ўзбекистон тарихида аёллар ўртасида биринчи халқаро гроссмейстер мақомини олган Нафиса Мўминова ва унинг сингиллари – гроссмейстер Ҳулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалар терма жамоадан четлатилгани ҳақида ёзилганди.

Муаммолар йиллар давомида йиғилиб (Антон Филипповнинг уч йил аввал тушган ҳолатини ўқинг), охири «портлаган» бир вазиятда, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги антиқа баёнот билан чиққани ҳам ёдингиздадир. Гўё федерация ҳамма ишни жой-жойида қилган, ОАВ ва спортчилар вазиятга нотўғри ёндашгандай.

Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда мамлакатимизнинг энг иқтидорли шахматчилари ўртасида юзага келаётган ушбу муаммоли вазиятга вазирлик бефарқ қараб турмаслигини эълон қилиб, бир қанча ишлар олиб борган эди. Шу мақсадда «Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти мавжуд вазиятни холисона ўрганиш ва муаммога адолатли ечим топиш мақсадида Г.Тоҳиржонованинг отаси Алишер Мўминов билан учрашган. Унда Гулруҳбегимнинг бундай қарор қабул қилишига нима сабаб бўлганлиги, истеъдодли шахматчи Ўзбекистон терма жамоасига қайтарилиши, халқаро майдонларда жонажон Ватанимиз байроғини ҳимоя қилишга тайёрлиги каби масалалар ҳам муҳокама қилинган». Лекин мана орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтибдики, ҳануз ўша масала ҳал бўлмаган.

Бугунги кунда ҳам истедодли ёш гроссмейстеримиз Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШ терма жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти. АҚШдай катта мамлакатдан ҳам ўз «ҳаққи»ни ажратиб олган спортчи ўзимизга керак эмасми?

Гулруҳбегим Россиянинг Сочи шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган ФИДЕ Жаҳон Кубогида АҚШ терма жамоасида дебют қилиб, Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг вакилалари — Нилуфар Ёқуббоева ва Умида Омоновадан яхшироқ натижа қайд этганди. Гулруҳбегим Тоҳиржонова яқинда берган интервьюсида Ўзбекистондан кетишига ким сабабчи бўлганини маълум қилди. 

Гулруҳбегим: Кетишимга Турдалиев ва уни қилган ишлари сабаб бўлган

«Менга охирги пайт Ўзбекистон шахмат федерациясида бўлаётган ишлар ҳақида журналистлар саволлар беришяпти. Шундан келиб чиқиб шу ва бошқа саволларга ҳам жавоб беришга қарор қилдим.

«Ростан ҳам кетишингизга Федерация раиси ўринбосари Ҳусан Турдиалиев сабаб бўлганми?» – деб сўрашди.

Ҳа, ҳақиқатан ҳам кетишимга Турдиалиев ва унинг қилган ишлари сабаб бўлган. Биринчиси, мени опаларим билан Ўзбекистон терма жамоасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишимизга рухсат берилмаган. Ва ҳеч қачон уч опа-сингилда ҳеч қайси турнирда бир вақтда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишга имкон бўлмаган. Молиявий тарафдан 15 йил ичида федерация тарафидан қўллаб-қувватланмаганмиз. Бунга ўхшаш вазиятлар кўп ва булар ҳақида гапириб ўтирмайман.

«Ўзбекистонга қайтиб келасизми? Қачон қайтасиз?» – деган саволлар ҳам кўп бўляпти...

...Қизиқаётганингиз учун катта раҳмат. Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов федерация раҳбариятига келганидан кейин жуда ҳам катта ўзгаришлар бўлди. Улар жуда ҳам юқори даражадаги, яхшигина мукофот жамғармасига эга турнирларни ташкил қилишди. Ўзбекистон ёшларига, мамлакат шахматига бўлган қизиқиш, муносабат ўзгарди. Жуда катта қўллаб-қувватланиш бўляпти. Бу ўзгаришларни кўриб жуда ҳам қувондим. Мен қайтишим мумкин, агар федерацияда ўзгаришлар бўлса. Албатта, ўз юртим шарафини ҳимоя қилишдан жуда ҳам хурсанд бўлардим. Лекин ўша шароитда мен ўсишим учун бошқа давлатга кетишим керак деган қарорга келган эдим», — деган спортчи интервюда.

Ҳусан Турдиалиев ва «қора тойчоқ»

«Кун.уз» интернет нашри Шахмат федерациясининг айрим молиявий операциялари ҳақида ўрганишлари натижасида федерация балансидаги «Малибу» автомашинаси 53 млн сўмга сотилганини аниқлаган эди. Долларга чақсак, 5300 долларга бугун «Малибу» у ёқда турсин, «Матиз» берилмаётган бир замонда-я? Уни сотиб олган МЧЖ директори – федерация раисининг биринчи ўринбосари Ҳусан Турдиалиев экан.

«Ўзбекистон Шахмат федерацияси ННТ бўлгани сабабли ўз фаолиятини қонунчиликка асосан мустақил амалга оширилиши сабаб, Ўзбекистон Шахмат федерациясининг сайланган ва мустақил фаолият олиб борадиган тафтиш комиссияси томонидан ўрганилиб тегишли хулосалар берилган ва юқоридаги нархга баҳоланган», — дейилади федерация изоҳида.

«Биринчидан, федерация мулки ўртача бозор нархи (тахминан 150 миллион сўм)дан қарийб 3 баробар арзонга сотилган.

Иккинчидан, очиқ маълумотларга кўра, «Марказий шахмат клуби» МЧЖ директори Ҳусан Турдиалиев бир вақтнинг ўзида жамоатчилик асосида Шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлайди. «Малибу»ни сотиб олган МЧЖ таъсисчиларидан бири Жаҳонгир Камолов эса Шахмат федерациясининг IT-менежери ҳисобланади», — деб ёзади «Кун.уз».

Ўрганишлар натижасида яна бир ҳолат аниқланган. Шахмат федерацияси 2021 йил 12 январида 1,76 млрд сўм ва 14 январида 100 млн сўм, жами 1,86 млрд сўм миқдоридаги маблағларни яна ўша «Марказий Шахмат Клуби» МЧЖга ўтказиб берган. Тўғри, федерация нега берганлиги изоҳини тақдим этган, аммо бу шубҳали ҳолатлардан холи эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг