Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: «немис машинаси» йўлга тушди

Битта кубок учун 32 жамоа: «немис машинаси» йўлга тушди

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат Европа қитъасидан саралаш баҳслари орқали иккинчи бўлиб манзилга етиб келган Германия терма жамоасига!

Лақаби: «Nationalelf» (миллий ўн бир), «Mannschaft» (Жамоа), «Adler» (Лочинлар).

Конфедерация: УЕФА.

Бош мураббий: Йоахим Лёв.

Сардор: Жером Боатенг.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Лотар Маттеус (150).

Тўпурар: Мирослав Клозе (71 гол).

ФИФА рейтингида: 1 (2018 йил 12 апрель).

Энг юқори ўрин: 1 (1992 йил декабрь, 1993 йил август, 1993 йил декабрь, 1994 йил февраль-март, 1994 йил июнь, 2014 йил июн–2015 йил  июль, 2016 йил июль, 2017 йил сентябрь–2018 йил апрель).

Энг паст ўрин: 22 (2006 йил март).

Илк ўйин: Швейцария Германия 5:3 (Базел, Швейцария; 1908 йил 5 апрель).

Энг йирик ғалаба: Германия Россия империяси 16:0 (Стокҳольм, Швеция; 1912 йил 1 июль).

Энг йирик мағлубият: Англия – Германия 9:0 (Оксфорд, Англия; 1909 йил 13 март).

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 18 марта (чемпион: 4 марта).

Европа чемпионатидаги иштироки: 12 марта (чемпион: 3 марта).

 Танишув

Амалдаги жаҳон чемпиони Германия 1908 йилдан ФИФА, 1954 йилдан УЕФА аъзоси саналади. Бугунги кундаги Германия терма жамоаси тарихдаги Веймар республикаси, Учинчи рейх ва Германия федератив республикасининг ворисидир. Германия футбол федерацияси шарқий Германиянинг Франкфурт шаҳрида жойлашган. Германия билан боғлиқ 1950 – 1956-йилларда Саар терма жамоаси, 1952 йилдан то 1990 йилгача Германия демократик республикаси фаолият юритган.

Совринлар

Германия қўлга киритилган совринлар бўйича дунёнинг биринчи жамоаси ҳисобланади. Улар ҳисобида тўртта жаҳон ва учта Европа кубоги мавжуд. Шунингдек терма жамоа ҳисобида жаҳон чемпионатининг тўрттадан кумуш ва бронза медаллари ҳамда Европа чемпионатининг учтадан кумуш ва бронза медаллари бор. Германия терма жамоаси амалдаги конфедерациялар кубоги ғолиби саналади.

Олдин дубл

Немислар Европада олтин дубл қайд этган илк миллий терма жамоа ҳисобланади. 1972 йилда Европа чемпионатида ғолиб бўлган «бундестим» икки йилдан сўнг жамоа сардори Франц Беккенбауэр бошчилигида «жаҳон»ни забт этишган. Кейинчалик бундай натижага Франция ва Испания ҳам эришди. 2014 йили немислар кетма-кет тўртта жаҳон чемпионатида совриндорлар қаторидан жой олган илк терма жамоага айланди (2002 йил кумуш, 2006 ва 2010 йиллар бронза, 2014 йил олтин).

Илк ўйинлар

1899 йилдан 1901 йилгача немислар ва инглизлар ўртасида бешта ўртоқлик учрашуви ўтказилган. Баъзи манбаларда айнан шу ўйинлар «бундестим»нинг илк расмий ўйинлари сифатида қайд этилади. Инглизларнинг ғалабалари билан якунланган мазкур баҳсларни немислар расмий ўйин сифатида қабул қилишмайди. Аммо мазкур ўйинлар ташкилотчиси саналган Валтер Бенсеман немис футболининг асосчиси сифатида тан олинади.

1900 йилда немис футбол уюшмаси ташкил этилгач, мутасаддилар доимий терма жамоа тузиш ҳақида бош қотиришди. 1908 йилнинг 5 апрелида илк расмий ўйин Швейцарияга қарши ўтказилди. Базелдаги «Ландхоф» стадионида ўтказилган ўйин мезбонларнинг 5:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Мазкур жамоалар иштирокидаги роппа-роса бир йилдан сўнг Карлсруэда ўтказилган ўйинда немислар ўз тарихидаги илк ғалабани қўлга киритишди – 1:0. 2008 йилнинг 26 мартида биринчи ўйиннинг юз йиллик юбилейи арафасида Германия терма жамоаси яна ўша эски рақиб Швейцарияга қарши ўзларининг ҳисоб бўйича 800-ўйинларини ўтказишди ва 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Дастлабки турнир ва рекорд ҳисоб

Терма жамоа учун илк йирик турнир 1912 йилдаги олимпиада бўлди. Дебют турнирнинг биринчи босқичидаёқ Австрияга йирик ҳисобда (1:5) ютқазиб қўйган жамоа яна бир баҳсда Россия империясини янада йирикроқ 16:0 ҳисобида енгди ва бу натижа бугунги кунгача Германия учун рекорд, Россия учун антирекорд ҳисобланади.

ФИФАга аъзолик ва катта ғалаба!

ФИФА томонидан 1942 йилда дискалификация қилинган Германия урушдан кейин аъзоликни қайтариш ҳақида ўйлай бошлади. Бу борада уларга Швейцария ёрдам берди. Икки давлат клублари доирасида бир нечта ўртоқлик ўйинлари ўтказилди. Хориж матбуотининг танқидларига қарамай 1950 йилнинг сентябрида Германия ФИФАнинг тўлақонли аъзосига айланди. 1950 йилнинг 22 ноябрида Штутгартда урушдан кейинги илк ўртоқлик учрашуви Германия ва Швейцария терма жамоалари иштирокида ўтказилди ва немисларнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди.

1954 йили Швейцарияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати гуруҳ ўйинида ўша пайтдаги дунё етакчиси Венгрияга йирик ҳисобда ютқазганида кўпчилик Германиянинг кучига ишонмайди. «Плей-офф» орқали финалга чиққач эса яна ўша венгерлар билан олтин медал учун курашади. Машҳур Ференц Пушкаш бошлиқ венгерлар финалда сенсацион тарзда мағлуб этилади ва Германия ўз тарихидаги илк олтин медални қўлга киритади.

Кейинги ютуқлар

Жаҳон чемпионатидаги иккинчи муваффақият дастлабкисидан 20 йил ўтиб қўлга киритилди. Ўз уйида ўтган чемпионатда немисларнинг ишонган ҳужумчиси Герд Мюллер Ҳолландияга қарши финал ўйинида ҳал қилувчи голни киритди.

1990 йилги жаҳон чемпионатида Германия Лотар Маттеус ва Юрген Клинсман каби юлдузлар билан навбатдаги олтин медални қўлга киритди. Марадона бошлиқ Аргентинани финалда мағлуб этган «немис машинаси» худди Бразилия ва Италия сингари уч карра жаҳон чемпионига айланди. Немислар устози Франц Беккенбауэр эса ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида олтин медални қўлга киритган инсонлардан бири бўлди.

Ниҳоят сўнгги чемпионлик ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Йоахим Лёв бошчилигида Бразилия майдонларида «рақс тушган» немислар ярим финалда мезбонларни йирик ҳисобда мағлуб этгач финалдаги рақиб ким бўлишидан қатъи назар фаворит дея эътироф этилишлари аниқ эди. Бироқ Месси бошлиқ Аргентина осонликча тан берадиганлардан эмасди. Ўйин қўшимча таймларгача етиб борди ва захирадан майдонга тушган Марио Гётце олтин медалларни тақдим этувчи голни рақиб дарвозасига киритди. Турнир давомида Мирослав Клозе бразилиялик Роналдони ортда қолдириб, 16 та гол билан жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурар деган номни қўлга киритди.

Асосий юлдуз

Германия терма жамоасида юлдуз футболчилар кўп. Уларнинг ҳар бири кучли чемпионатларнинг етакчиси ҳисобланади. Алоҳида сифатларига тўхталсангиз уларнинг бир-биридан кучли тарафлари ҳам бисёр. Масалан, Тони Кроос ҳужумни бошлаш бўйича намуна кўрсатса, Масъуд Ўзил сўнгги пасни қойиллатади, ёш Лерой Сане дунёнинг энг тезкор футболчиларидан бири. Гап қандайдир натижа ва дунё футболида қолдириладиган из ҳақида кетар экан, бу сифатларнинг барчаси иккинчи даражали бўлиб қолади.

Россиядаги чемпионат Томас Мюллер учун ҳамюрти Мирослав Клозенинг рекордини янгилаш ва фамилиядоши Герд сингари футбол тарихида қолиш учун ажойиб имконият. Бавариянинг Вайлхайм шаҳарчасида туғилган болакайнинг орзуси ўз минтақасининг энг кучли клубида тўп суриш эди. Унинг орзуси 11 ёшида, ёшлар жамоасига қўшилганида илк бор амалга ошди. Феликс Магат назарига тушган йигитча ёшлар бўйича мутахассис Луи ван Гал даврида катта футболга кириб келди. У илк тўлақонли мавсумида «Бавария» билан чемпионлар лигаси финалига қадар етиб борди, терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида иштирок этди. ЖАРдаги чемпионатда жароҳат олган Михаэл Баллакнинг рақамида майдонга тушган ёш йигитчадан ҳеч ким мўъжиза кутмаганди. Бироқ Томас Англияни тор-мор қилишга катта ҳисса қўшди, Марадонанинг Аргентинасини боши берк кўчага олиб кирди, бронза медали учун Уругвайга қарши кечган ўйинда ҳам гол урди. Натижада ўзининг 20 ёшида жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурарига аталган «олтин бутса» соҳибига айланди.

Мюллернинг фантастик техникаси йўқ, у ўйинни яхши тушунади ва «очилиш»ни қойиллатади, шерикларининг ҳаракатини яхши ҳис қилади. Бу хусусиятлар барча мураббийларга тўғри келади ва у асосий таркибдан ўрин олади. Томас ана шундай ўйини билан терма жамоа ва клубида муҳим ўйинчига айланди ва бундеслиганинг тўпурарлари рўйхатида бормоқда. У терма жамоанинг вице-капитани саналади. Учинчи уринишда клуби билан чемпионлар лигасида ғалаба қозонди ва Бразилиядаги чемпионатда Португалия дарвозасига 3 та тўп киритиб, ЖАРдаги тўпурарлик натижасини такрорлади. Ажабланарли факт шуки, чемпионатда тўпурарлик қобилиятини намойиш этаётган Томас Европа биринчилигида ҳалигача бирорта гол урмаган. Бу хатони тузатиш учун 28 ёшли немис футболчисида ҳали вақт бор.

 Саралаш баҳслари

Саралаш баҳсларидаги рақиблар борасида Лёв шогирдларининг омади келди. Улар Европанинг ўртамиёна жамоаси Шимолий Ирландия, авлодлар алмашинувини бошдан ўтказаётган Чехия, анчадан буён саралаш баҳсларидан нарига ўтолмаётган Норвегия, Озарбайжон ва аутсайдер Сан-Марино билан бир гуруҳдан ўрин олди. Ортиқча муаммога дуч келмаган бош мураббий Йоахим Лёв турли схемаларни синаб кўриб, барча ўйинларни ўз фойдасига ҳал этди. Саралаш баҳсларининг асосий қаҳрамонларидан бири 9 та голли пасга муаллифлик қилган ёш футболчи Жошуа Киммих бўлди.

Сўнгги бешта ўйин 

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 8 октябрь

Озарбайжон

5:1

Горецка (2), Вагнер, Рюдигер, Жан

 Кайзерслаутерн

2

2017 йил 10 ноябрь

Англия

0:0

Лондон, Англия

3

2017 йил 14 ноябрь

Франция

2:2

Вернер, Штиндл

Кёлн

4

2018 йил 23 март

Испания

1:1

Мюллер

Дюсселдорф

5

2018 йил 27 март

Бразилия

0:1

Берлин

 Рақиблар

Немислар илк ўйинини Россия пойтахтида Мексикага қарши ўтказади. Бу жамоани Лёвнинг ёшартирилган таркиби ўтган йилги Конфедерациялар кубогидаги мағлуб этганди. Мазкур жамоалар иштирокидаги 4 ўйиннинг учтасида немислар ютган бўлса, бир марта дуранг қайд этилган.

Гуруҳдаги яна бир рақиб Швеция билан умумий ҳисобда 13 марта тўқнаш келган Германия терма жамоаси бир марта ютқазган, холос. Сўнгги пайтлардаги учрашувларни ёдга оладиган бўлсак, «ЖЧ-2014» саралаш баҳслари бу икки терма жамоани бир-бирига рўбару қилган. Эсингизда бўлса, ўша учрашувда Иброҳимович бошлиқ шведлар 0:4 ҳисобини дуранггача олиб борган эди.

Шу кунгача бўлиб ўтган Кореяга қарши икки учрашув ҳам немисларнинг ғалабаси билан тугаган. 2002 йилдаги ярим финал баҳсида Гуус Хиддинк бошчилигидаги кореяликларнинг финалга чиқишига ҳакамлар ҳам ёрдам бера олишмаган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг