Элдор Шомуродов, Тимур Кападзе... Йилнинг энг яхшилари аниқланди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси турли номинациялар бўйича ғолибларни аниқлади.
"Энг яхши ҳудудий футбол ассоциацияси"
Қорақалпоғистон футбол ассоциацияси "Энг яхши ҳудудий футбол ассоциацияси" сифатида эътироф этилди.
Диёра Ҳабибуллаева — “Аёллар Олий лигаси тўпурари”.
Жорий мавсумда аёллар чемпионатида 31 та гол уриб, энг яхши тўпурар бўлган “Севинч” жамоаси футболчиси Диёра Ҳабибуллаевага соврин топширилди.
Садриддин Ҳасанов — “Йилнинг энг яхши ёш футболчиси”.
2025 йилда Ўзбекистон U-17 терма жамоаси билан Осиё кубогини қўлга киритган, мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топилган ҳамда U-17 Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этган Садриддин Ҳасанов “Йилнинг энг яхши ёш футболчиси” деб эътироф этилди.
Владислав Хан — “Аёллар футболи бўйича йилнинг энг яхши мураббийи”.
“Севинч” жамоаси билан жорий мавсумда чемпионат ғолиблигини қўлга киритган ҳамда Чемпионлар лигасида муносиб иштирок этаётган Владислав Хан “Аёллар футболи бўйича йилнинг энг яхши мураббийи” деб эътироф этилди.
Нилуфар Қудратова — “Аёллар Олий лигасининг энг яхши футболчиси”.
“Севинч” клуби етакчи футболчиси Нилуфар Қудратова “Аёллар Олий лигасининг энг яхши футболчиси” сифатида эътироф этилди.
Тимур Кападзе — “Йилнинг энг яхши мураббийи”.
Илк бор Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб, тарихий натижага эришган Тимур Кападзе “Йилнинг энг яхши мураббийи” деб эътироф этилди.
Юсуф Эргашев — “Болалар футболи бўйича йилнинг энг яхши мураббийи”.
ЎФА биринчилиги, вилоят терма жамоалари ўртасидаги мусобақа ғолиби, ўсмирлар терма жамоаларига 8 нафар футболчини етказиб берган “Бунёдкор” академияси мураббийи Юсуф Эргашев “Болалар футболи бўйича йилнинг энг яхши мураббийи” соврини билан тақдирланди.
Насибабону Тошмуҳаммедова — “Йилнинг энг яхши аёл ҳаками”.
Суперлиганинг 2025 йилги мавсумида илк бор бош ҳакам сифатида фаолият олиб борган ҳамда халқаро мусобақаларда ўйинларни бошқарган Насибабону Тошмуҳаммедова “Йилнинг энг яхши аёл ҳаками” деб топилди.
Илгиз Танташев — “Йилнинг энг яхши ҳаками”.
Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида муҳим учрашувларни бошқарган, халқаро мусобақаларда фаолият олиб борган ҳамда 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати ўйинларига номзод сифатида қайд этилган Илгиз Танташев “Йилнинг энг яхши ҳаками” сифатида эътироф этилди.
Диёра Ҳабибуллаева — “Йилнинг энг яхши аёл футболчиси”.
Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси етакчиси Диёра Ҳабибуллаева “Йилнинг энг яхши аёл футболчиси” деб топилди.
Элдор Шомуродов — “Йилнинг энг яхши футболчиси”.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан биргаликда илк бор Жаҳон чемпионатига йўл олган ҳамда “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси сафида муваффақиятли ўйинлар намойиш этган Элдор Шомуродов “Йилнинг энг яхши футболчиси” деб топилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter