Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Эркин курашчи бўлишим ҳам мумкин эди»

«Эркин курашчи бўлишим ҳам мумкин эди»

Фазлиддин Ғоибназаров

Фото: «Eurosport»

Бокс бўйича Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби Фазлиддин Ғоибназаров ўз фаолиятини профессионал боксда давом эттираётганини биласиз. У шу вақтгача 3 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган ва биттасида нокаут қайд этган.

Ҳозирда юртимизда бўлиб турган боксчи «SPORTS.uz» интернет ахборот порталига интервю берди.
Ғоибназаров боксдаги илк қадамлари, устозлари, муваффақиятлар ҳамда профессионал боксга ўтиш қарори ҳақида сўзлаб берган.

Аслида мен курашчи бўлиб кетишим мумкин эди, бироқ ўша вақтда ўқиш вақти машғулотларга тўғри келмаган. Дарслар асосан тушдан кейин бўларди. Кунларнинг бирида синфдошим Достон мени ўзи қатнаб келаётган бокс тўгарагига таклиф қилди. Бирга бордик. Барчаси шундан бошланди. Энди бу ҳаётим мазмунига айланиб улгурди. Бунда биринчи устозларим Аброр Турсунпўлатов, Нодир Ғуломов, Олим Муҳаммедовнинг ҳам хизматлари беқиёс.

Фазлиддин Ғоибназаров

Боксчи нима учун профессионал боксга ўтганини қуйидагича изоҳлаган:

— Анчадан бери профессионал боксга қизиқаман. Бу ерда янада кўпроқ натижаларни қайд этишни истайман. Асосий сабаб шу. Унинг фарқига келсак, биргина қўлга тақиладиган қўлқоплари билан ҳам ажралиб туради. Профессионал боксда спортчи битта рақибга қарши тайёргарлик кўради. Ҳаваскорда эса умуман бошқача – бир нечта рақиб билан учрашиш керак. Шу жиҳати билан буни профессионал боксдан қийинроқ деб ўйлайман. Рақиблар қандай тактикада тушиши, чапақайми ёки аксинча, билмаймиз. Хуллас жуда кўп машаққат талаб қилади. Профессионалда эса гарчи битта рақиб бўлса-да, натижаси бутун фаолиятга катта таъсир ўтказади.

Профессионал боксдаги биринчи жангимда Виктор Васкес исмли бокчи билан куч синашдим. У менга қараганда тажрибалироқ боксчи саналарди, зарбаларга чидамли эди, лекин мен ҳам бўш келмадим. Қанча урмай, рақибим йиқилмасди. У ҳам ютиш учун чиққан. Ана шу жангда профессионал боксда «янги»лигим билинди. Шундай бўлса-да, барчаси биз учун муваффақиятли тугади. Энди секин бунга кўникиб боряпман. Айнан шу жанг профессионал рингда кўп куч сарфлашга мажбур қилган жанг бўлиб турибди. Мухлислар кутган ғалабалар ҳали олдинда, деб ўйлайман.

Фазлиддин Ғоибназаров
Фото: «Sports.uz»

Боксчи ўз сўзида нима учун айнан АҚШ компанияси билан шартнома имзолаганига ойдинлик киритди. Айтишича, боксчига кўплаб промоутерлик компанияларидан таклифлар тушган, бироқ ўзи Флойд Мейвезерга қарашли «Top Rank» компанияси билан ишлашни маъқул кўрган. У мазкур компания билан ҳамкорлик қилиши орқали ярим ўрта вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони, америкалик Теренс Кроуфорд билан спарринг тушган.

Фото: «Sports.uz»

Фазлиддин Ғоибназаровнинг 9 декабр куни ўтказилиши режалаштирилган жанги бекор қилинди. Унинг ўзи буни жароҳат билан изоҳлаган.

Эски жароҳатим безовта яна қила бошлади. Олдинги жангларда бу унчалик билинмаган эди. Жанг вақтида жароҳат билинмайди, бироқ мазкур тўқнашувдан олдин ўтган машғулотларда янада кучайганини сездим. Бу жиддий масала. Биргина хато бутун фаолиятга катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун олдин даволанишга қарор қилдим.

Фазлиддин Ғоибназаров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг