Нодирбек Абдусатторов жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди
Германияда ўтказилган шахмат бўйича Freestyle жаҳон чемпионати якунига етди. Мусобақа драматик баҳслар ва кутилмаган бурилишларга бой тарзда ўтди.
Мусобақада Ўзбекистон шарафини икки нафар гроссмейстер ҳимоя қилди. Айниқса, Нодирбек Абдусатторов жаҳон чемпионатини ишончли тарзда ўтказди. У умумий босқичда муҳим очколарни тўплаб, мусобақанинг яримфиналига чиқди. Ўзбекистонлик ёш шахматчининг яримфиналдаги рақиби Карлсен бўлди ва ҳамюртимиз 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Учинчи ўрин учун кечган беллашувда эса Нодирбек мезбонлар вакили Винсент Кеймер устидан 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозониб, бронза медалини қўлга киритди. Абдусатторов 40 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофотга сазовор бўлиш баробарида, 2027 йилги Freestyle жаҳон чемпионатига йўлланмани ҳам ҳал қилиб қўйди.
Финал учрашувида эса норвегиялик гроссмейстер Магнус Карлсен АҚШ вакили Фабиано Круанани 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этиб, фаолиятида 21-бор жаҳон чемпионлигига эришди.
Яна бир вакилимиз Жавоҳир Синдаров эса мусобақани 8-ўринда якунлади. У 10 минг доллар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter