Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда 2025 йили ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинлари ўтказилиши мумкин

Ўзбекистонда 2025 йили ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинлари ўтказилиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг «Ўзбекистонда 2025 йил ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамалари порталига жойлаштирилди.

Ўзбекистон спорт делегацияси 2019 йилнинг 28 сентябр куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия Кенгашининг 73-ижроқўм йиғилишида иштирок этди.

Йиғилиш давомида делегация Осиё Олимпия Кенгаши президенти Шайх Ахмад Ал-Фахад Ал-Сабах ҳамда Осиё Олимпия Кенгаш аъзолари билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Унда Ўзбекистонда 2025 йилда ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинлари ва 2030 йилда ХХI ёзги Осиё ўйинлари ўтказилиши масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ижроқўм кун тартибига кўра Тошкентда 2025 йилда ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича 10 дақиқалик тақдимот ўтказилди.

Ўзбекистонда 2025 йилда ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича тақдимотдан сўнг, Ўзбекистонда барча шароитлар, шу жумладан ушбу халқаро мусобақани ўтказиш бўйича зарур спорт инфратузилмасини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишларни инобатга олиб, Осиё Олимпия Кенгаши Тошкентда ушбу нуфузли тадбирни ўтказишга розилик билдирди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2030 йилда ХXI ёзги Осиё ўйинлари ўтказилиши бўйича тақдим қилинган талабнома қабул қилинди ҳамда 2020-2021-йилларда бўлиб ўтадиган навбатдаги Осиё Олимпия Кенгашининг йиғилишида кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Ёшлар ўртасидаги ёзги Осиё ўйинлари 43 та хорижий мамлакатдан, камида 9 та спорт туридан 14-17 ёшли спортчилар ўртасида ўтказилади.

Биринчи ёшлар ўртасида ёзги Осиё ўйинлари 2009 йилда Cингапурда ўтказилган эди. 2013 йилда Нанкин (Хитой), 2017 йилда Хамбантотада (Шри-Ланка) ўтказилган бўлса, 2021 йилда Шантауда (Хитой) ўтиши режалаштирилган.

2025 йилги ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари Тошкент ва Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг