Энди автобус кутаётганда ҳам спорт билан шуғулланишингиз мумкин
Тошкентда жамоат транспорти инфратузилмасини тубдан ислоҳ қилиш ва уни замонавий урбанистика тамойилларига мослаштириш йўлида мутлақо кутилмаган, аммо илғор қадам ташланди. Сергели туманида пойтахт тарихидаги илк спорт-бекат расман ишга туширилди.
Одатда жамоат транспортини кутиш қимматли вақтимизни ҳавога совуришдек туюлади. Бироқ, Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази бу тушунчани буткул ўзгартиришга қарор қилди. Сергели туманидаги энг гавжум нуқталардан бири — машина бозори яқин атрофида жойлашган автобус бекати негизида пойтахтнинг илк спорт-бекати барпо этилди.
Уушбу ҳудуд нафақат машина бозори сабабли юқори транспорт оқимига эга, балки бу ердан жами 12 та йўналишдаги автобуслар ўтади. Бу эса ҳар куни минглаб йўловчилар ушбу нуқтада тўхташини англатади. Эндиликда пойтахтликлар ва шаҳар меҳмонлари автобус келгунча бўлган 10-15 дақиқалик вақтни шунчаки телефонга тикилиб эмас, балки турникларда тортилиш ва енгил жисмоний машқлар бажариш орқали ўтказишлари мумкин.
Инфратузилмани соғлом турмуш тарзи билан интеграция қилиш бугунги кунда дунёнинг энг ривожланган мегаполислари қўллаётган замонавий усулдир. Тошкент шаҳри ушбу лойиҳани жорий этишда халқаро тажрибага таянди. Масалан, Жанубий Корея ва Сингапур аҳоли саломатлигини кундалик қатнов йўналишларига сингдириш бўйича етакчилар ҳисобланади. У ерда бекатлар нафақат спорт элементлари, балки саломатликни мониторинг қилувчи рақамли датчиклар билан ҳам жиҳозланган. Франция ва Колумбияда эса воркаут-бекатлар орқали камҳаракатлилик муаммосига қарши курашишни шаҳар дизайнининг бир қисмига айлантиришган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ёндашув шаҳар инфратузилмаси фақатгина бир нуқтадан иккинчи нуқтага ҳаракатланиш воситаси эмас, балки аҳолининг қулайлиги, саломатлиги ва кундалик фаровонлигига хизмат қиладиган жонли экотизим бўлиши кераклигини исботлайди.
Ҳар қандай бекатни ҳам шунчаки спорт майдончасига айлантириб бўлмайди. Мутасаддилар воркаут-бекатларни жойлаштиришда бир нечта қатъий мезонларга таянмоқда.
Биринчидан, бу хавфсизликдир, яъни спорт элементлари қатнов қисмидан хавфсиз масофада ва пиёдалар ҳаракатига халақит бермайдиган қилиб ўрнатилиши шарт. Иккинчидан, конструкция мустаҳкамлигига эътибор берилади: ташқи муҳит ноқулайликларига, яъни ёмғир ва иссиққа чидамли, бузиб юборишга қарши материаллардан фойдаланилади. Учинчидан, қурилмаларнинг хавфсизлиги доимий назоратда ва техник хизматда бўлади.
Сўнгги вақтларда Тошкентда эски, ноқонуний дўконли бекатлар бузилиб, ўрнига кутиш майдони кенг, перронлари қулай ва замонавий сервислар билан жиҳозланган янги намунавий бекатлар қурилаётгани жамоатчилик диққат марказида турибди. Сергелидаги спорт-бекат ҳам ушбу кенг кўламли модернизациянинг ўзига хос мантиқий давомидир.ҳокимлиги ва соҳа мутасаддилари ушбу лойиҳани муваффақиятли деб топса, пойтахт бўйлаб спорт-бекатлар сонини кескин кўпайтиришни режалаштирмоқда. Энг муҳими кейинги манзил қаерда бўлишини айнан шаҳар аҳолисининг ўзи белгилайди.
Агар сиз ҳам уйингиз, ўқиш жойингиз ёки ишхонангиз яқиндаги серқатнов бекатда шундай воркаут майдончаси бўлишини истасангиз, ўз таклифларингизни Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказининг расмий телеграм-боти орқали юборишингиз мумкин. Шаҳар ривожи унинг аҳолиси фаоллигидан бошланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter