Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Реал Мадрид» академияси раҳбарияти Ўзбекистонга қачон келиши маълум бўлди

«Реал Мадрид» академияси раҳбарияти Ўзбекистонга қачон келиши маълум бўлди

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Шу йилнинг 22 январь куни Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол федерацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Испанияда расмий ташриф билан бўлиб, «Реал Мадрид» клуби академияси директори Хулио Ронко билан учрашган эди.

Учрашув давомида «Қироллик клуби»нинг «Real Madrid Foundation Clinic» дастури асосида Ўзбекистонда «Реал Мадрид» клубининг футбол мактаби очилиши бўйича келишувга эришилганди.

Ана шу келишув бўйича иш тартибини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси директори Омон Ғофуров Испанияга ташриф буюриб, «Реал Мадрид» академияси раҳбарияти билан учрашди.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Келишувга кўра »Реал Мадрид»да фаолият юритаётган мураббийларни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича ҳам ҳамкорлик қилинади. Улар футбол мактабларида машғулотлар ўтказиш, футболчилар билан ишлаш жараёнлари ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашадилар.

Шунингдек, юртимиздаги истеъдодли болаларни Мадридга олиб бориш, «Қироллик клуби» томонидан ташкил этиладиган мусобақаларда уларнинг иштирокини таъминлаш бўйича ҳам ҳамкорлик қилинадиган бўлди.

Маълумот учун, «Реал Мадрид» академияси дунёнинг энг кучли ва замонавий академияларидан бири бўлиб, академия ҳудуди 50 гектар жойни эгаллайди. Бу ерда 1000 нафарга яқин ходимлар иш олиб боради. Академияси айни пайтда хорижий давлатларда фақат «Real Madrid Foundation Clinic» дастури асосида иш олиб бормоқда.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Эндиликда ушбу дастур асосида «Реал Мадрид» методологиясини ўзбекистондаги футбол клубларида ҳам қўллаш, футболчилар билан янгича услубда машғулотлар ўтказиш йўлга қўйилади.

Музокаралар натижасига кўра шу йилнинг июнь ойида «Реал Мадрид» клуби академияси мутасаддилари ва вакиллари юртимизга ташриф буюрадиган бўлишди. Улар Ўзбекистонда бир ойга яқин вақт давомида бўлиб, «Қироллик клуби» академиясини ташкил этиш, юртимиздаги футбол мактаблари ва академияларида испан футболи методикаси бўйича иш олиб бориш, болалар футболи мураббийларининг малакасини ошириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш борасида иш олиб боришади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг