“Эркабулан, қаердасан?” — Октагон мағлубият майдонимизга айланмасин
Ёшлигимизда кўчада ёки мактаб атрофида бир манзара кўп такрорланарди. Ёши сал каттароқ, қитмирроқ болалар ўзидан кичикларни ёнига чорлаб, бош бармоғини тик тутар, овозини ингичка қилиб: “Ким хўроз? Ким макиён?” — деб гижгижловчи қилиқлар қиларди.
Гўё ўша бармоқни ушламасанг — макиён, ушласанг — хўрозсан. Болалик ғурури, соддалик, уятдан қочиш, кўп олдида “қўрқоқ” бўлиб қолмаслик ҳисси билан икки томон ҳам чақириқни қабул қиларди. Шундан кейин сўз талашиш, турткилаш, жанжал бошланиб кетарди. Бу жанжалдан эса наф кўрадиган, роҳат оладиган учинчи тараф, яъни ўша гижгижловчилар бўлар эди. Уришганлар ё жароҳат оларди, ё руҳан синган ҳолда қолаверарди.
Октагон лигасини томоша қилар эканман, беихтиёр ўша болалик воқеалари ёдимга тушади. Фақат бугун саҳна алмашган, иштирокчилар улғайган, аммо моҳият деярли ўзгармаган. Октагон лигаси — бу фақат спорт эмас. Бу катта ўйин саҳнаси, ахборот макони ва моддий манфаатлар майдони. Ҳар бир ҳаракат, ҳар бир сўз, ҳар бир жанг тасвири шундай ёритиладики, томошабин экрандан узила олмайди, унинг ҳис-туйғулари бошқарилади.
Шу сабабли бу мусобақа катта аудиторияни ўзига тортади. Ғалаба — эйфория, мағлубият — тушкунлик. Бу жараён ортида катта тарғибот ва манипуляция ҳам яширинган. Кечаги OCTAGON 84 мусобақасида Шаҳзод “Голд”дан ҳамма ғалаба кутди. Нега? Чунки ижтимоий тармоқлар уни спортчи сифатида эмас, миф сифатида яратди. Камералар, баланд овозли интервьюлар, таҳдидли сўзлар — барчаси образ яратиш учун хизмат қилди.
Лекин ринг образга ишонмайди. Ринг рекламага алданмайди. У фақат тайёргарликни, ақлни, техникани ва интизомни синайди. Қанчалик кўп “қаҳрамон” қилиб кўрсатманг, рингда кучлилар ғалаба қилади.
Албатта, Октагон лигаси спортнинг соф шакли эмас. Бу медиа-шоу. Бу рейтинг, пул ва шуҳрат савдоси учун қурилган улкан саҳна. Бу ерда айрим “жангчи”лар ҳақиқий жанг учун эмас, шов-шув учун яратилади. Ижтимоий тармоқларда “сен ўликсан” деб ёзади, камера олдида бақиради, лекин рингга чиққан заҳоти биринчи зарбага ҳам чидай олмайди. Аммо миллионлаб кўз олдида миллат байроғини кўтариб чиқади. Ана шундай сохта “қаҳрамон”ларга бизда ростдан ҳам эҳтиёж борми?!
Бизга керак бўлгани — бақироқ эмас, камтар, лекин чинакам кучли спортчилар. Йиллар давомида тер тўкиб тайёргарлик кўрган, интизомни ҳаёт тарзига айлантирган, микрофонда эмас, рингда гапирадиган инсонлар. Олдида йўқ рақибига “қаердасан?” деб қичқиравермай, жимгина ғалаба қозонадиганлар.
Энди шунчаки “Голд”лар эмас, балки ҳақиқатан ҳам олтин қийматига эга бўлганлар — меҳнат, ақл ва интизом билан байроғимизни кўтарсин. Акс ҳолда Октагон мағлубият майдонига айланиб, спортимизнинг “ёмон кунлари” кўпайиб бораверади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter