Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германияда 30 та «баклашка» эвазига «бозорлик» қилиш мумкин, бизда эса...

Германияда 30 та «баклашка» эвазига «бозорлик» қилиш мумкин, бизда эса...

Ҳаётимизни сувсиз тасаввур қилолмаймиз. Аммо гап сув ҳақида эмас, балки бугун дунёни шиддат билан эгаллаётган пластик идишларда. Бу идишларни ишлаб чиқариш учун яна қанча сув ёки электр энергияси кетишини ҳам ҳисобламоқчи эмасмиз. Ваҳоланки хом ашёни, шу жумладан пластик идишларни қайта ишлаш энергия сарфини 70% га камайтиради. Шунинг учун пластик сув идишларни қайта ишлаш катта фойда келтиради ва атроф-муҳитни ифлослантирмаслик имконини беради.

Шу кунларда Германияда яшаётган ҳамюртимиз 30 дона бир ярим литргача бўлган сув идишларни махсус қутига топшириб бир дона ёғ, бир кило картошка, гуруч, макарон ва пиёз харид қилганини видеога олиб тарқатганининг гувоҳи бўлдик.

 

Бу идишлар бор йўғи бир сеткадан жой олганди. Биз сув ичадиган пластик идишнинг оғирлиги катта-кичиклигига қараб 13 грамдан 20 грамгача тош босаркан. Демак 30 дона «баклашка» нари борса ярим кило чиқади. Ярим кило пластик идишга ҳамюртимиз 3-4 кунлик (бизнинг миллий пулимизга 80 минг сўм бўларкан) озиқ-овқат муаммосидан қутулди.

Бизда 1 кг. баклашканинг нархи 2500 дан 3000 минг сўмгача. Демак биз 30 та баклашкани нари борса 1,500 (бир ярим минг) сўмга пуллай оламиз. Яъни 30 та баклашкага ярим кило картошка сотиб олиш имконимиз бор. Германияда яшаётган ҳамюртимиздек 80 минг сўм ишлашимиз учун 25 кг баклашка топширишим керак  – яъни 100 та, йўғе 1000, оббо 2000 дона баклашка топширишимизга тўғри келаркан.

Америкада эса бир дона баклашка 10 цент бўлса, 1 доллар қилиш учун 10 идиш ёки 100 доллар қилиш учун 1000 дона идиш керак бўлади. Демак бизнинг 2000 дона йиққан баклашкамиз Америкада 200 долларга алмаштирилади. Айни пайтда Америкада сифатли биринчи рақамли пластмассанинг бир тоннаси тахминан 400 доллар туради.

Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, агар сиз ойига 5-6 та баклашкада сув ичсангиз ундан йилига 40-60 доллар нақд пул ишлашингиз мумкин. Германияда эса пластик идишларни қайтариш тизими мавжуд.

Идишни қабул қилиш машинаси (Pfanda автомат)

Муайян маҳсулотларни сотиб олганингизда, сиз контейнер учун депозит яъни рfand тўлайсиз. Бўш идишни қайтариб берганингизда, сиз омонатингизни қайтариб оласиз. Бўш идишлар қайта ишланади ёки қайта ишлатилади. Pfand тизими Германияда чиқиндини саралашнинг муҳим катта қисмидир. 

Бўшаган идиш учун сиз қайтариб оладиган маблағ 8 дан 25 центгача. Бу идиш турига боғлиқ. Бу идишларда топшириш мумкин деган махсус белгилар бор.

Сиз уларни сотадиган ҳар қандай дўконда қайтариб беришингиз мумкин ва сиз пулни қайтариб оласиз.

Шиша, пиво идишлари, алюминий қутилар, бир марталик, кўп марталик  шиша ва пластик бутилкалар, йогурт идишларини топшириш орқали сиз омонатга эга бўласиз.

Сут қутилари ва бутилкалари – улар сариқ қайта ишлаш қутисига ташланади, кўпгина шароб идишлари – улар шиша қайта ишлаш қутиларига киритилади ва ушбу идишлар қаторида бошқа мамлакатларда сотиб олинган идишларга пул тўланмайди.

Агар сиз контейнерда ушбу белгилардан бирини кўрсангиз, унда «омонат», мавжуд. Рfand логотипи кўпинча штрих кодининг ёнида жойлашган.

Мақола тайёрлаш асносида баклашка топшириш пунктига шундоқ мўраладим, кексароқ амаки катта қопда 15 килодан ошиқроқ баклашка учун, (демак мингдан ошиқ) 36 минг сўм пул – омонатга эга бўлди. Германиялик ҳамюртимиз 30 дона баклашкага 3-4 кунлик овқат заҳирасини харид қилган бўлса, ҳамюртимиз мингдан ошиқ баклашкага бир дона нон, 10 дона тухум ва бир кило макарон сотиб олди.

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг