Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Германияда «сиёсий зилзила»: Мерц учун қўрқинчли туш, Путин ва Трамп учун хушхабар

Германияда «сиёсий зилзила»: Мерц учун қўрқинчли туш, Путин ва Трамп учун хушхабар

«Германия учун муқобил» партияси аъзолари ғалабани нишонламоқда.

Фото: AP Photo

Жорий йил 6 сентябр куни Германиянинг Саксония-Анхалт федерал ерида маҳаллий парламент (ландтаг) учун бўлиб ўтган сайлов нафақат мазкур ҳудуд, балки бутун мамлакат учун хавотирли натижа билан якунланди.

Ўта ўнг қанотга мансуб «Германия учун муқобил» (Alternative für Deutschland, AfD) партияси электоратнинг 43,8 фоиз овозини ва маҳаллий парламентдаги 83 та ўриндан 39 тасини олишга муваффақ бўлди. Германия канцлери Фридрих Мерц бошчилигидаги Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) эса атиги 17,2 фоиз овоз йиққан. Эътиборга молик жиҳати, Саксония-Анхалт федерал ерини сўнгги 24 йил мобайнида ХДИ идора этиб келган.

Миллатчилик, айирмачилик руҳидаги радикал баёнотлари билан тилга тушган партиянинг бу қадар кескин фарқ билан ғалаба қозониши «сиёсий зилзила» деб аталмоқда.

Нацистлар партияси сабаб Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши ва миллионлаб инсоннинг ўлдирилишига сабабчи бўлган Германияда миллатчилик ўта нозик масала саналади. «Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади» деганларидек, немислар миллатчилик ҳаракатларига нисбатан ўта эҳтиёткор муносабатда бўлади. Аммо шундай эҳтиёткорлик муҳитида ҳам миллатчилик, ирқчилик ва аксилислом руҳидаги сиёсий дастурни илгари сураётган «Германия учун муқобил» партиясининг мавқеи ошиб бораётгани, партия Саксония-Анхалт федерал ери бошқарувини қўлга киритаётгани ўта кескин тенденция деб баҳоланмоқда.

Радикал партиянинг Саксония-Анхалтдаги муваффақияти Германия канцлери Фридрих Мерц учун «қўрқинчли туш» деб баҳоланаётгани бежиз эмас. Зеро, ушбу мағлубият 2025 йил май ойида лавозимга киришганидан буён жиддий ислоҳотлар қила олмаётган ва халқ ишончини қозона билмаётган Мерц сиёсий карьерасининг интиҳоси бўлиши ҳам мумкин. Мерц партиясининг нуфузи тушиб бораётганига ишончи комил бўлган «Германия учун муқобил» партияси ҳамраиси Алиса Вайдел аллақачон канцлер Рождество байрамига қадар истеъфога кетиши ҳақида баёнот берди. Мерцнинг ўзи эса сайловдаги мағлубиятни «инсонлар кўнглига йўл топа олмаслик» билан изоҳлаган.

Бундестаг депутати Гюнтер Кригс ҳам ўзи аъзо бўлган ХДИ партиясига ишонч ўта паст даражага тушиб кетганини тан олган.   

Канцлер Фридрих Мерц ўта оғир сиёсий вазиятга тушиб қолди.
Фото: AP

«Германия учун муқобил» партияси қочқинлар ва муҳожирларга нисбатан муросасиз позицияси билан танилган. Infratest dimap маркази хулосасига кўра, радикал партиянинг Саксония-Анхалтдаги ғалабаси қочқинлар ва муҳожирларга қарши позиция эмас, кўпроқ ижтимоий ва иқтисодий сиёсат билан боғлиқдир. Яъни ушбу ғалаба ҳудуд аҳолиси Мерц бошчилигидаги ҳукумат ва партиянинг сиёсий дастуридан норози эканидан далолат беради.

Таҳлилчи Дирк Эммерихнинг фикрича, немис халқи сиёсий элитанинг қуруқ ваъдаларига ишонмай қўйди. Иқтидордаги сиёсатдонлар йиллар мобайнида миграция, энергетика, инфратузилма, молия-иқтисод каби жабҳалардаги муаммоларни ҳал қилишга сўз бермоқда, аммо ваъдалар қоғозда қолиб кетмоқда. Дейлик, пенсия, тиббий суғурта каби ҳассос масалаларни ҳал этиш йиллар мобайнида пайсалга солинмоқда. Шу боис ҳам электорат гарчи радикал қанотга мансуб бўлса-да, «Германия учун муқобил» партиясига ишонч билдирмоқда. Нуфузи шиддат билан ошиб бораётган радикал партияни фақат оқилона қарор ва аниқ сиёсий ечимлар орқалигина тўхтатиш мумкин.  

«Германия учун муқобил» партиясининг ғалабаси Россия ҳамда унинг раҳбари Владимир Путин учун хушхабар деб баҳоланмоқда. Мазкур партия Россияга нисбатан хайрихоҳ муносабати, Украинага нисбатан эса кескин позицияси билан ажралиб туради. Ўтган йили партия Россия манфаатларини ҳимоя қилиш ва Москвага жосусликда ҳам айбланган эди.

Путин ҳам “Германия учун муқобил” немис халқи ва немис иқтисодиёти манфаатларини аниқ ва изчил ҳимоя қилиши”ни айтиб, партияни очиқ мақтагани маълум.

Кремль омили сабаб Германиядаги радикал партиянинг сиёсий ғалабаси Европа Иттифоқи миқёсида хавотир уйғотмоқда. Жумладан, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас «Германия учун муқобил» партиясининг Саксония-Анхалтдаги сайловда эришган натижаси юзасидан ташвиш билдирган. ЕИ бош дипломати бу ҳодиса Россия томонидан Европага нисбатан гибрид ҳужумлар уюштирилаётган вақтга тўғри келганига ҳам эътибор қаратган.

Ташвишу хавотирлар асоссиз эмаслиги аллақачон маълум бўлди. «Германия учун муқобил» партиясининг ҳамраиси Тино Хрупалла ҳудудий сайловдаги ишончли ғалабадан кейин Берлин Россияга нисбатан санкция сиёсатини ўзгартириш кераклиги ҳақида баёнот берди.

«Биз Россия билан яна яхши муносабатларга эга бўлишни истаймиз», — деган партия ҳамраиси.  

Масаланинг яна бир мураккаб жиҳати шундаки, «Германия учун муқобил» партиясини АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти қўллаб-қувватлайди.

2025 йил май ойида Германиянинг Конституцияни муҳофаза этиш бўйича федерал идораси (BfV) «Германия учун муқобил» партиясини экстремистик тузилма деб эълон қилган эди. Ўшанда АҚШ маъмурияти Берлиннинг бу қарорини қоралаганди.

Трамп ҳудудий сайловдаги ғалаба муносабати билан ҳам хайрихоҳлик руҳида пост эълон қилган. Миллиардер Илон Маск эса радикал партиянинг ғалабасини очиқ-ойдин дастаклаб, унинг аъзоларини «Баракалла!» дея олқишлаган.

Ҳозирча Германиянинг бир вилояти бошқарувини қўлга киритган радикал партия ишонч билан олға қадам ташламоқда.

2025 йил феврал ойида бўлиб ўтган федерал сайловда «Германия учун муқобил» сайловчиларнинг 20 фоиз овозини ҳамда 630 ўринли парламентда 152 мандатни қўлга киритган эди.

2024 йил июнда бўлиб ўтган Европа парламенти сайловида эса партия 16,5 фоиз овоз йиққанди.

«Германия учун муқобил»нинг Бундестагдаги аъзолари.
Фото: AP

Германия ҳукумати «Мамлакатимиз тарихи ўнг экстремизмнинг ўсишига йўл қўймаслик кераклигини ўргатди», дея баёнот бериб келади. Бу ўринда расмий Берлин 1933 йилда Адолф Ҳитлер бошчилигидаги миллатчиларнинг ҳокимиятга келганига ишора қилаётганини сезиш мумкин.  “Германия учун муқобил” партиясининг нуфузи ва таъсири ошиб бораётгани бу борадаги хавотирларни янада кучайтирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг