Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нега аёллар IT соҳасида ишламасликлари керак? (видео)

«Дастурлаш соҳаси аёллар учун эмас дея фикрловчиларга доим худди шу саволни бераман», – дейди қаҳрамонимиз.

Дарвоқе, яқинда дунёга машҳур CNN телекомпанияси у ҳақида махсус лавҳа тайёрлаганди.

Дурдона Баҳронова «айти» соҳасидаги уч йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, ушбу соҳа айнан хотин-қизлар учун жуда мос эканлигини таъкидлайди.

«Айти» соҳасига энди кириб келаётганлар нималарга эътибор бериши керак ва айнан аёллар учун дастурлаш соҳаси қандай имкониятларни яратади? Нега жамиятда «айти» аёллар учун эмас деган янглиш фикр тарғиб қилинади ва айнан қолипни бузиш учун қаҳрамонимиз қандай лойиҳаларга қўл урган?

Xabar.uz ижодкорлари ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Дурдона Баҳронова билан суҳбатлашди.

— «Айти» соҳасида ўзини синаб кўрмоқчи бўлганлар даставвал қандай билим ва кўникмаларни шакллантиришлари лозим?

— «Айти»да муваффақиятга эришиш учун тил билиш жуда муҳим ҳисобланади, негаки дастурлаш учун ягона тил — инглиз тилидир. Шу вақтгача яратилган барча дастурий таъминот айнан шу тилда юритилади. Бу тилни билмасдан туриб «айти»ни ўрганиш жуда қийин кечиши тайин. Яна бир муҳим жиҳати «Муаммоларни еча билиш қобилияти»дир, бунга эса математикани ўрганиш орқали етиб келиш мумкин. Энг муҳим ва энг асосий нарсалардан яна бири бу – сабр. Кўпчилик айнан шу ерга келганда таслим бўлади. Айтайлик сиз инглиз тилини биласиз, муаммоларни ҳал қила олиш қобилиятингиз шаклланган, энди билим ва кўникмаларингиз сизга муваффақият келтириши учун сиздан яхшигина сабр талаб этилади.

— Нега «айти» соҳасида аёллар кам? Бу нималарга боғлиқ деб ўйлайсиз?

— Бу аслида катта муаммо ва аниқ бир жиҳат ёки камчиликни мисол келтириб бўлмайди. Лекин назаримда аёлларнинг ўзига бўлган ишончсизлиги ҳам бунга сабаб бўлган. Бу фақат «айти» соҳасида эмас, балки умумий аниқ фанларда кузатилади. Аёллар орасида муҳандис, математик ёки дастурчилар жуда кам.

Бу йиллар давомида шаклланиб, қолиб кетган стреотипдир. Негадир аёллар бошлаб берган айнан «айти» соҳаси кейинчалик эркаклар касбига айланиб кетди. Aёллар ҳам буни осонлик билан қабул қилдилар. Лекин хурсанд бўладиган жиҳати ҳам бор, ҳозирги кунга келиб ушбу соҳада аёлларнинг ўрни қанчалар долзарб ва муҳимлиги англаб етилди ва аёллар учун бу борада жуда кенг имкониятлар яратилмоқда.

— Уй бекалари учун «айти» соҳаси қандай имкониятларни яратади?

— Пандемия шароитида нафақат «айти» соҳаси, балки барча соҳаларда масофавий ишлаш имконияти ошди, бу албатта барча учун жуда қулай. «Айти» соҳасига келадиган бўлсак, ҳеч бўлмаса бир йил асосий билим ва кўникмаларни шакллантириб олгунга қадар иш жойида фаолият юритиш маъқулроқ. Кейинчалик эса бемалол масофавий шаклда ишлаш мумкин.

— «Айти» соҳасини ўрганиб олгунга қадар қанча маблағ сарфланади?

— Aгар инсонда ўз-ўзини бошқариш қобилияти яхши шаклланган бўлса. Тизимли ва тартибли тарзда ишларини режалаштира олса, албатта иложи бор. Бу индивидуал ёндашув, кимгадир эса устоз кўмаги керак. Аниқ нарх масаласига келсак, бунга аниқ жавобим йўқ. Агар хоҳиш-истак бўлса, текинга ҳам ўрганса бўлади деб айта оламан.

— «Айти» соҳасининг яқин беш йиллигини тасаввур қилиб кўрайлик?

— Айниқса, пандемия шароити бу соҳани ривожлантириб юборди, ҳозирга келиб сунъий интеллект имкониятларини кенгайтирдик, робототехникадан кенг фойдаланишни бошладик. Ўйлайманки, келажакда инсон ақлий меҳнати талаб қилинмайдиган барча соҳалар техникалар ёрдамида бошқарилади.

— «Айти» аёллар учун эмас дейдиганларга жавобингиз?

— Нега аёллар IT соҳасида ишламасликлари керак? Худди шу саволни қайта бераман. Олдиндан негадир бу фикр қотиб қолган, аёллар бу соҳани эплай олмайди, уларнинг касби эмас дея. Тасаввур қилинг, «айти» соҳаси бутун дунё учун ҳаётимизни яхшилайдиган ечимлар яратиб берса-ю, нега биз унда иштирок этмаслигимиз керак? Муаммо борми, буни ҳеч ким аёлларчалик яхши тушунмайди ва албатта унинг ечими ҳам бизнинг қўлимизда.

Дурдона Баҳронованинг олий мақсади ҳам айнан «Айти» соҳасида аёллар фаоллигини оширишга қаратилган. Бугунги кунга келиб у «Women Techmakers» ҳамжамияти етакчиларидан бири ҳисобланади.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини видеолойиҳамизда кўринг. Видеога лайк босишни ва изоҳ ёзишни унутманг!

Муаллиф: Маҳфуза Рўйиддинова,

Тасвирчи ва монтажчи: Акмал Қудратов, Равшан Нарзуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг