Қизил террор қурбони: Жаваҳарлаъл Неру қидирган жадид Пўлат Солиев ким эди?
Чапдан ўнгга: Қори Ниёзий, Камол Шарифов, профессорлар — Пўлат Солиев ва Сергей Муравейский.
1955 йил 15 июнь куни Ҳиндистон бош вазири Жавахарлаъл Неру расмий ташриф билан Тошкентга келади. Нуфузли меҳмон шарафига Ўзбекистон Фанлар академияси мажлислар залида тантанали тадбир ташкил этилади.
Анжуман якунига етгач, Ҳиндистон бош вазири таржимони ССР Иттифоқи Ташқи ишлар вазири ўринбосари Василий Кузнецовга “жаноб Бош вазир ҳурматли профессор Булат (Пўлат) Солиев жаноблари билан учрашмоқчи”, дейди. Ўша пайтдаги Ўзбекистон ССР Ташқи ишлар вазири Ғани Султонов бундай одамни танимаслигини айтиб, вазиятдан чиқмоқчи бўлади. Ҳамма ялт этиб Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Теша Зоҳидовга қарайди. Олима аёллар Ҳадича Сулаймонова ва Сабоҳат Азимжонова лабини тишлаганча ерга қараб туришарди. Бир оз сукутдан сўнг Теша Зоҳидов ўзини қўлга олиб, “Жаноб Бош вазир, профессор Пўлат Солиев анча йиллар олдин йўлда вафот этган. Қабри қаердалиги номаълум”, дея жавоб беради.
Ўша вақтда ўзбекистонликларни ноқулай вазиятга солиб қўйган, 1938 йил 28 февралда “халқ душмани” сифатида отиб ташланган, исми тилга олиниши тақиқланган бу инсон — биринчи ўзбек тарих профессори Булат (Пўлат) Солиев эди.
Ўзбекистон илм-фанининг таниқли арбоби, Марказий Осиёдаги янги тарихшунослик илмий мактаби асосчиларидан бири бўлмиш Пўлат Солиев 1882 йил 22 мартда Астрахан шаҳрида, манғит уруғига мансуб ўзбек оиласида туғилган. Шу боис расмий ва илмий ҳужжатларда унинг исми гоҳ Булат, гоҳ Бекбулат, аксарият ҳолларда Пўлат шаклида тилга олинган.
Қозон ва Уфа шаҳарларида мадраса таълимини олган, араб, форс, турк, рус, кейинчалик француз ва немис тилларини пухта ўрганган олим 1909 йилда она юрти Туркистонга келади. Булат Солиев жадид сифатида Туркистоннинг кўпгина шаҳар ва вилоятларида, жумладан, Тошкент, Фарғона, Жалолобод вилоятларида ўзининг маърифатпарварлик фаолиятини олиб боради. Тошкент ва Қўқон мактабларида тарих, арифметика ҳамда она тилидан дарс беради.
У 1917 йилда Туркистон Мухториятининг ташкил этилишида жонбозлик кўрсатади ва Мухториятнинг асосий нашри бўлган “Эл байроғи” газетасининг бош муҳаррири бўлади. 1918 йили Мухторият қулатилгач, ўзини тўлиқ илмий-педагогик фаолиятга бағишлайди. Шу йилнинг ноябр ойида Пўлат Солиев Назир Тўрақулов билан биргаликда Қўқон Халқ университетини ташкил этишда иштирок этади. Мазкур ўқув даргоҳи, асоcан, Фарғона водийсидаги қишлоқ ўқитувчиларининг малакасини ошириш билан шуғулланади ва Пўлат Солиев унинг директори этиб сайланади. Бу олийгоҳ кейинчалик Фарғона водийсидаги педагогика институтларининг пайдо бўлишида тамал тоши бўлади.
СССРнинг бутун 70 йиллик умри давомида тарих фан сифатида мафкуравий аралашув объекти бўлиб келган. 1920 йилларнинг охиригача инқилобдан олдинги тарихчилик мактаби вакиллари нисбатан эркин фаолият юритиши, ўз асарларини ўқув муассасаларида ўқитиш ва нашр этиши мумкин эди. Бундай “илиқлик”ка 1920–1928 йилларда амалга оширилган Янги иқтисодий сиёсат (ЯИС) ҳам маълум даражада имконият берган.
Булат Солиев ҳам бу пайтда ўзининг асарлари билан аллақачон маҳаллий зиёлилар орасида танилган эди. Жумладан, олим томонидан ёзилган “Манғитлар даврида Бухоро”, “Ҳиндистон Англия зулми остида”, “Бухоро тарихи, I қисм”, “Ўрта Осиёда савдо капитали даври”, “Ўрта Осиё тарихи: XI–XV асрлар”, “Ўзбекистон тарихи”, “Ўзбекистон ва Тожикистон”, “Ўрта Осиёда исломнинг тарқалиши” асарлари бирин-кетин нашр этилади. 1926 йилда Булат Солиевга профессор унвони берилади.
Булат Солиевнинг ёзиш услуби мутлақо ўзига хос эди. У, асосан, бирор илмий муаммони кўтараётганда, аслида умуман бошқа нарса ҳақида ёзган бўларди. Масалан, олимнинг 1920 йилда нашр этилган “Ҳиндистон Англия зулми остида” номли асарида Булат Солиев тарихчи сифатида капиталистик Англиянинг Ҳиндистондаги қилмишларини очиб берган бўлса-да, олим шу ўринда Ленин бошлиқ болшевиклар ҳукуматининг босқинчилик сиёсатини ҳам моҳирлик билан фош қилиб кетган. Хусусан, шундай дейди: “Ҳиндистонга хавф бўлганлиги учун Англия давлати Тибетни ўзига тобе қилди. Ўзининг назорати остига олди. Тибет ихтиёрсиз суратда Англияга итоат этишга мажбур бўлди. Кўнгилга бир сўроқ келадир: Англиянинг Тибетга ҳужум этишга қандай ҳаққи бор? Тибетда қандай иши бор? Қандай асосга биноан Англия давлати Тибетни ўзига қўшади? Белгили бу иш ҳаққониясизлик, адолатсизликдир”.
Ушбу саволларнинг барчаси аслида Туркистонни куч билан босиб олган совет доҳийларига қаратилган эди.
1920 йилларёқ Пўлат Солиев Туркистон тарихи бўйича дарслик ёзиш ишларига жиддий киришади. Аммо болшевиклар Солиев ва бошқа маҳаллий олимлар тайёрлаган тарих дарслиги лойиҳаларини доимий рад этиб келади. Шундай бўлса-да, олим 1929 йилда “Ўзбекистон тарихи” китобини нашр эттиришга муваффақ бўлади. Муаллиф тарих соҳасидаги мафкуравий кўчкига қарши эканлигини таъкидлаган ҳолда, китобнинг кириш қисмига, ўша кунлари совет мафкурачилари томонидан аёвсиз таҳқирланган Амир Темур суратини илова қилади.
“Ўзбекистон тарихи” ўқувчига Темур даврида Туркистоннинг жаҳон геосиёсатда қандай ўрин тутгани ва Туркистоннинг буюк ўтмиши ҳақида қимматли маълумотлар берарди.
Бундан сал аввал, яъни 1927 йилда ҳам Пўлат Солиев “Маориф ва ўқитувчи” журналида “Ўзбеклар ҳам Темур болалари” деб номланган мақоласи билан катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Ушбу мақола чиқиши билан совет мафкурачилари ўша даврдаги даврий нашрларда бирин-кетин Пўлат Солиевнинг мақоласи ҳақида танқидий материаллар эълон қила бошлайди.
1933 йил август ойида Бутуниттифоқ Коммунистик партиясининг Самарқанд бўлими томонидан олимнинг 1926 йилда нашр этилган “Ўрта Осиё тарихи” асари ғоявий жиҳатдан “нобоп” деб топилади. Чунки асардаги Хоразмшоҳлар давлатининг нуфузи ва Ўрта Осиёнинг XI асрда жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар советларга ёқмаган эди.
1936 йилдаги тарихчилар қурултойида Булат Солиев асарлари “ўтмиш идеаллаштирилган” ва “пантуркистик” дея баҳоланиб, олий ўқув юртларида дарслик сифатида қўллаш тақиқлаб қўйилади. Пўлат Солиевнинг тарихшунослиги “миллатчилик ва пантуркистик” руҳда дея таърифланади.
1937 йилда бошланган “Катта террор” сиёсати натижасида Ўзбекистондаги бир қатор таниқли давлат арбоблари ва адабиёт санъат намояндалари ҳибсга олинади. Булат Солиев бошига ҳам қора булутлар кела бошлайди. 1937 йил сентябрда профессор Пўлат Солиев Самарқанддаги Ўзбекистон давлат университетидан бўшатилади.
1937 йил 11 октябрда Солиевни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарилади. Унда жумладан шундай дейилади:
“Тошкент шаҳри, 1937 йил 11 октябрь. Мен Ўзбекистон НКВД 3-бўлими оператив ходими – давлат хавфсизлиги лейтенанти Гайнитдинов пантуркистик ташкилот аъзоси бўлган Пўлат Солиевга тегишли ҳужжатларни ўрганиш жараёнида унинг бутунлай Ўзбекистонда Совет ҳокимиятини ағдаришни мақсад қилган антисовет пантуркистик ташкилот аъзоси бўлганлигини, маҳаллий зиёлилар орасида мунтазам равишда советларга қарши ташвиқот олиб борганлигини аниқладим”.
ЎзССР Жиноят кодексининг 49-модда “6“ бандига асосланиб қарор қилинади: 1882 йилда таваллуд топган, партиясиз, Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон Давлат университети профессори, ССР Иттифоқи фуқароси бўлмиш Пўлат Солиев ҳибсга олинсин ва ЎзССР Жиноят Мажмуасининг 60- ва 67-моддаларига кўра жавобгарликка тортилсин.”
Шу тариқа қарийб 5 ой давом этган қийноқлардан сўнг 1938 йил 8 февралда “махсус учлик” Булат Мажидович Солиевни отувга ҳукм қилади. Ҳукм 1938 йил 28 февралда ижро этилади. Шу тариқа биринчи ўзбек тарих профессори Пўлат Солиев ССР Иттифоқининг қатағон машинаси томонидан маҳв этилади
Пўлат Солиевнинг асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки кўплаб Шарқ халқлари орасида анча кенг шуҳрат қозонади. 1954 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган Ҳиндистон Бош вазирининг ҳам олимни ёдлагани бежиз эмас эди. Солиевнинг вафот этганлигини эшитган Неру унинг “Англия зулми остидаги Ҳиндистон” асари ҳинд озодлик ҳаракати намояндалари орасида машҳур бўлгани, уларнинг мустақиллик курашларига илҳом берганини айтиб, ўзбек тарихчига миннатдорлик билдиради.
Орадан икки йил ўтиб, 1956 йилда Ўзбекистон ССР Олий суди комиссияси Булат (Пўлат) Солиев ҳақдаги 1938 йилги қарорни унинг жинояти тасдиқланмаганлиги туфайли бекор қилади. Олимнинг номи оқланади.
Солиевнинг рафиқаси Фотима ая 1987 йилда вафот этади. Булат Солиевдан 4 нафар фарзанд қолган. Улар ҳозирда турли фаолиятлар билан машғул. Пўлат Солиевнинг набираси Алишер ака Муҳиддинов бугунги кунда бобосининг меросини сақлаб келмоқда.
Убайдулла Қувваталиев,
ТерДУ қошидаги
Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори
Манба: oyina.uz


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter