Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда «Йил одами» бўлган инсон ҳақида нималарни биламиз? (фото+видео)

Ўзбекистонда «Йил одами» бўлган инсон ҳақида нималарни биламиз? (фото+видео)

Фото: «Yasmina.com»

«Xabar.uz» «Замонавий Дубай меъмори» Ўзбекистонда «Йил одами» бўлгани ҳақида маълум қилганди.

Давлат бошқарувида ярим асрлик тажрибага эга, 13 йилдан буён Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти ва бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими лавозимларида фаолият юритиб келади, оламшумул лойиҳалари сон-саноқсиз. Шайх Муҳаммад бин Рошид ал-Мактум ҳазрати олийлари нафақат «Замонавий Дубай меъмори», балки бундан-да кўпроқ таҳсину эътирофларга лойиқки, бунга ҳикоямиз давомида иқрор бўласиз, деган умиддамиз.

Инсон қийинчиликларга тўқнаш келганида унинг олдида икки йўл пайдо бўлади: ё ўз мағлубиятини тан олиб тўхташ ёки янги йўл топиб ғалаба қозониш.

Шайх Муҳаммад бин Рошид ал-Мактум

Ёшлик йиллари

Шайх Муҳаммад бин Рошид ал-Мактум (Шайх Муҳаммад) 1949 йилнинг 15 июль санасида таваллуд топган. У шайх Рошид бин Саид ал-Мактум оиласидаги тўрт ўғилнинг учинчиси эди.

Савод чиқаришни тўрт ёшида араб тили ва ислом илмидан бошлаган шайх Муҳаммад олти ёшидан «Ал-Аҳмадия» мактабида (ҳозир музейга айлантирилган) араб грамматикаси, инглиз тили, математика, география ва тарих фанларини ўрганишга киришди.

Бобоси шайх Саид вафотидан сўнг (1958 йил, 9 сентябрь) ўша йилнинг октябрида Дубайнинг тўлақонли ҳокимига айланган шайх Рошид бин Саид ишни ўғилларини амирликни бошқаришга жиддий тайёрлашдан киришди. 1966 йили шайх Муҳаммад Лондонга жўнатилади, шаҳзода Кембриждаги Белл тил мактабига киришга ҳозирликни бошлайди.

Хорижий таҳсилни тугатиб қайтган шайх Муҳаммад Дубай полицияси ҳамда Дубай мудофаа кучлари (кейинчалик булар БАА қуролли кучлари таркибига қўшилган) раҳбари этиб тайинланади. Шайх Муҳаммад 1971 йилдан бери Бирлашган араб амирликлари мудофаа вазири ҳам саналади.

Дубай амири Мактум бин Рошид ал-Мактум 1995 йилнинг 3 январида уни Дубайнинг валиаҳд шаҳзодаси этиб тайинлайди. Мактум бин Рошид ал-Мактум вафотидан сўнг, 2006 йилнинг 4 январидан Шайх Муҳаммад бин Рошид ал-Мактум расман Дубай амири саналади. Орадан бир кун ўтиб БАА президенти уни мамлакат вице-президенти ва бош вазири этиб тайинлади.

«Замонавий Дубай меъмори»нинг  оламшумул лойиҳалари

«Emirates Airline»

Шайх Муҳаммад 1985 йилнинг март ойида Дубай Туризм бўйича миллий қўмитасини бошқараётган Морис Фленеганга «Emirates Airline» деб номланган янги авиакомпания тузишни буюради.

Орадан ярим йил ўтиб, 1985 йилнинг октябрь ойида авиакомпаниянинг илк самолёти кўкка кўтарилди. Фленеганнинг айтишича, дастлаб берилган 10 миллион долларни ҳисобламаганда, давлат «Emirates Airline»ни ривожлантиришга бир дирҳам ажратмаган.

Бизга Дубайдаги аэропорт керак эмас. Дубайнинг ўзи жаҳон аэропортига айланиши лозим.

Шайх Муҳаммад бин Рошид ал-Мактум

Маълумот учун:

Бугунги кунда «Emirates» жаҳондаги энг йирик авиакомпаниялардан бири (йўловчи ташишда тўртинчи, юк ташишда иккинчи ўринда): дунёнинг олти қитъасидаги 80 дан ортиқ мамлакатга 150 дан зиёд йўналишда ҳафтасига 3 600 дан зиёд рейсни амалга оширади. 2018 йилги маълумотга кўра, 62 356 ходими бор.

Яна бир машҳур авиакомпания — «FlyDubai» ҳам бевосита шайх Муҳаммаднинг ташаббуси билан тузилган.

«Бурж ал-Араб» меҳмонхоналари

Жаҳондаги энг муҳташам — «Бурж ал-Араб» меҳмонхоналарини тузиш ғоясини шайх Муҳаммад 1995 йилдан амалга оширишга киришган, орадан тўрт йил ўтиб, 1999 йили биринчи меҳмонхона очилди.

Ушбу меҳмонхона «Jumeirah» саёҳлик гуруҳи таркибида бўлиб, ўз навбатида, «Dubai Holding» томонидан бошқарилади. Холдинг 10 мамлакатда 22 та энг муҳташам меҳмонхонага эга.

«Бурж Халифа»

Бу инсоният тарихида шу пайтгача қурилган энг баланд ер усти иншооти.

Баландлиги — 828 метр (солиштириш учун: Тошкент телеминораси — 375 метр).

Қаватлари сони — 163.

Ички майдони — 344 000 квадрат метр.

Лойиҳа қиймати — 1,5 миллиард доллар.

«Бурж Халифа» ҳамда сунъий йўл билан тикланган пальма шаклидаги орол («Palm Jumeirah») бугунги Дубайнинг «ташриф қоғози»га айланган.

2008 йилнинг январида Дубай қирғоқлари яқинида Ер сайёраси материкларини акс эттирган «Дунё» архипелагининг асосий қисми қуриб битказилди. Бу ишлар тўлиқ тугаши билан амирлик ҳудуди 500 квадрат километрга (!) кенгаяди.

Дубай метроси

2009 йилнинг 9 сентябрида очилган.

Кунига (кундузи) 300 мингдан ортиқ йўловчи ташилади.

Дубай метросида (поездларда ва станцияларда) ичимлик ичиш ва овқатланиш тақиқланган. Жарима — 100 дирҳам. Сақич чайнаганлар (жаримаси — 50 дирҳам), ухлаганлар, тамаки чекканлар, ҳайвонларни олиб юрганлар, велосипед ва алкоголли ичимликлар билан метрога кирганлар учун жарималар мавжуд. Стоп-крандан ноўрин фойдаланганларга эса жариманинг энг каттаси — 2000 дирҳам (545 доллар).

Дубай метрополитени Яқин Шарқда қурилган учинчи метро. Метро электропоездлари тўлиқ автоматлашган, машинистларсиз бошқарилади, энг юқори тезлиги — 110 км/соат. Яна бир таҳсинга сазовор жиҳат шуки, бу ерда метро шунчаки транспорт воситаси эмас, балки маданият кошонаси ҳамдир. Сайёҳларни жалб қилиш мақсадида ҳар бир станция санъат асарлари билан бойитилган.

«Meydan» отчопари

Бу томошабин сиғими (60 минг киши) ва майса билан қопланган пойга йўлаги узунлиги (2,4 км.) бўйича жаҳондаги энг катта отчопар.

Амирликлардаги отчопар мукофот жамғармаси ақлни шоширади: 26 миллион доллар. 2013 йили маррага биринчи бўлиб келган чавандознинг «кўтармаси» 10 миллион доллар бўлган.

Дарвоқе, амирликларда отпойгаларга пул тикиш қатъиян ман этилган. Мукофот жамғармаси БАА амирлари ҳамда мусобақа ҳомийлари ажратган пуллар, чипталарни сотишдан тушган маблағлардан шакллантирилади.

Дунёдаги энг катта LED-экранлардан бири ҳам шу ерда — 110 га 10 метр.

«Билимлар мукофоти»

Шайх Муҳаммаднинг 1 миллион долларлик «Билимлар мукофоти» биринчи марта интернет технологияси асосчиси сэр Тим Бернерс Ли ҳамда «Wikipedia» ҳаммуассиси Жимми Уэйлсга топширилган (2014 йил, 7 декабрь). Мукофот «дунё бўйлаб билимларни тарқатишга интилиш ва қўшилган ҳисса эътирофи рамзи» сифатида берилади.

«Dubai Cares»

2007 йилнинг сентябрида қашшоқ мамлакатлардаги 1 миллион нафар болага таълим беришда кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган кампания. Жамоатчиликдан тўпланган маблағ биринчи кампанияда (2007 й.) 1,65 млрд. дирҳам (450 млн. доллар атрофида)ни ташкил этди. Шайх Муҳаммад ўзи ҳам хайрия қилиб, маблағни 1 миллиард АҚШ долларига етказди.

Дубай ҳукумати кам таъминланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида бой инсонлар ва корпорациялар ўртасида мунтазам равишда хайрия акцияларини ташкил этиб боради.

«Noor Dubai»

Шайх Муҳаммад 2008 йилнинг 3 сентябридан «Noor Dubai» деб номланган янги ташаббусни амалга оширишга киришди. Бу ташаббус ривожланаётган мамлакатларда яшовчи бир миллион нафар даволаш мумкин бўлган кўз хасталикларидан азият чекаётганларга ёрдам бериш мақсадида кўтарилганди. 2011 йили лойиҳа билан қамраб олинган ва даволанганлар сони 5,8 милион нафарга етди.

Шахсий ҳаёти

Кенжа қизи Ал-Жалила билан «Байроқ куни» байрамида.

Шайх Муҳаммаднинг бойлиги 4 миллиард доллар атрофида дейишади (2016 йилги маълумот). Бироқ у ва ўғиллари (масалан, иккинчи ўғли Ҳамдан ибн Муҳаммад ал-Мактум) ўз бойликларини кўз-кўз қилишни исташмайди ва бошқа амирларга солиштирганда, анчайин камтарин ҳаёт тарзини афзал кўришади.

Ҳамдан ибн Муҳаммад ал-Мактум экстремал спорт турлари ишқибози. 

«1» — Амирликлардаги энг қиммат автомобиль рақами, экспертларнинг фикрича, унинг нархи 10 миллион доллардан қиммат.

Қуйидаги видеода шайх Муҳаммад ҳамкасблари билан жамоат жойида юрибди. Қўриқчилар, кортеж, полиция йўқ.

Дубай амирининг душманлари йўқ — маҳаллий ОАВ шундай фикрда.

Спорт

Шайх Муҳаммаднинг жаҳон от спортидаги мавқеи алоҳида мавзу: наслли отлар етиштиришга ишқибоз, кўзга кўринган чавандоз. Ҳатто 2006 йили 15-Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритган.

«Expo-2020»

Дубайда 2020 йили халқаро кўргазма бўлиб ўтади — ўша йили шаҳар шундай қиёфа касб этади.

Амирликлар ҳукумати ўз фуқаролари ҳақида қандай қайғурмоқда:

  • Никоҳга кираётган БАА фуқароларига бепул коттеж, ер майдонлари ҳамда 70 000 дирҳамдан субсидия берилади.
  • БАА фуқаролари оладиган энг кам пенсия — 10 200 дирҳам.
  • 20 йиллик меҳнат стажига эга бўлгандан сўнг БАА фуқаросининг пенсиясига йилига 2 фоиздан қўшилиб боради.
  • БАА да иккита пенсия бор — бева аёл ёки меросхўр ўзининг ва марҳумнинг пенсиясини олади.

Жаҳон бозорида нефть нархининг тинмай «ўйнаб туриши» Дубай амирларининг парвойига ҳам келмайди, 20 йилдирки, маҳаллий валюта курси долларга нисбатан пасайган эмас, ҳукумат бюджет харажатларини қисқартиришга уринмайди.

Нега?

Чунки бугунги Дубай 20 йил олдингисидан кескин фарқ қилади: аввал даромаднинг 83 фоизи «қора олтин»дан тушарди, ҳозир эса атиги — 6 фоизи. Умуман олганда, ҳозир БААда нефтдан келаётган долларлар мамлакат жами даромадининг учдан бирини ҳам ташкил этмайди.

Амирликлар ўз иқтисодиётини нефтга қарамликдан қутқариш учун охирги йилларда 35 миллиард доллар сарфлади.

Ҳозирги Дубай — жаҳоннинг энг асосий туристик йўналишларидан бири. Йилига ўртача 20 миллион хорижлик сайёҳ мамлакатга келиб кетади.

Саҳро мен учун босиб ўтиш машаққатли тўсиқ, муаммо эмас, балки мамлакат иқтисодиётининг янги шўъбасини очиш учун имконият бўлди.

Шайх Муҳаммад бин Рошид ал-Мактум

Сўнгсўз ўрнида

Юқоридагилар Шайх Муҳаммад бин Рошид ал-Мактумнинг сермазмун фаолияти олдида денгиздан томчи. Шубҳасиз, у давримизнинг энг буюк сиёсатчиларидан бири, халқпарвар ва адолатли раҳбар. Агар чин қалбдан истаса раҳбар ўзи кутганидан ҳам кўпини халқига бера олишига бу ажойиб инсоннинг ҳаёти ва фаолияти яхши мисолдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг