Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ Ўзбекистонга 5,35 миллион доллар ажратди

АҚШ Ўзбекистонга 5,35 миллион доллар ажратди

USAID миссияси директори Микаэла Мередит педагог ва ўқувчилар билан.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги билан имзоланган таълим тизимини ривожлантиришга кўмак грант шартномасига (DOAG) қўшимча 5,35 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Грант шартномасига муфовиқ 2019-2026 йилларга мўлжалланган умумий ўрта таълим тизимини кенг қамровли ислоҳ қилиш бўйича дастурни қўллаб қувватлашга Қўшма Штатлар 55 миллион доллар сармоя киритади.

«Таълим – қашшоқликни камайтириш, саломатлик, тенглик, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун кучли воситадир. Болалар ва ёшлар мактабга боришга, яшаш ва ишлаш учун зарур бўлган кўникмаларни ўрганишга ва эгаллашга тайёр бўлса, улар ўзлари, оилалари, жамият ва мамлакати учун ёрқин келажак қуриши мумкин. Ишончим комилки, яқиндан ҳамкорлик давом этар экан, USAIDнинг қўшимча сармояси вазирликни таълимни ислоҳ қилиш мақсадларига эришувида қўллаб-қувватлаши таъминланади», – дейди USAID миссияси директори Микаэла Мередит.

USAID инглиз ва ўзбек тиллари, математика ва ахборот-коммуникация технологияларини ўқитишни такомиллаштириш мақсадида вазирлик билан ўқитувчилар малакасини ошириш, дарсликлар, иш дафтарлари ва ўқитувчилар учун қўлланмалар билан таъминлашда ҳамкорлик қилиб келади.

Ажратилган қўшимча маблағнинг бир қисми келажак иқтисодиётида 8−11-синф ўқувчиларининг иш ўрнини таъминлаш ва яратиш лойиҳаларига йўналтирилади.

2019 йил 28 сентябрь куни икки давлат ўртасида таълим тараққиётига кўмаклашиш бўйича муҳим келишув имзолаган. Мазкур ҳужжатга кўра, Қўшма Штатлар ҳукумати келгуси беш йил давомида мамлакатимиз таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун кўп миллион долларли кўмак ажратади.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил сентябрь ойида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ёшларнинг ишга жойлашиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган 10 миллион долларлик дастурни (YES) ишга туширди. Беш йиллик дастур 8−11-синф ўқувчилари малакали ходим, тадбиркор сифатида ишлаш учун зарур кўникмаларга эга бўлишига кўмаклашади ва ёшлар бандлигини оширади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг