Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бир вақтда уч ОТМга йўналиш танлаш қандай бўлади?

Бир вақтда уч ОТМга йўналиш танлаш қандай бўлади?

Фото:«Xabar.uz»

11 март куни эфирга узатилган «Муносабат» ток-шоусида кириш имтиҳонларида ДТМ вакили 3 та йўналишни танлаш тартиби қандай бўлишига ойдинлик киритди. 

Унда «Масалан, абитуриент 1-йўналишга контрактга, 2-йўналишга грантга, 3-йўналишга контракга кирди, дейлик. Бундай вазиятда грантга кирган 2-йўналишни танласа бўладими», деган мазмунда савол берилди.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз каналида бу саволга жавоб ёзди. 

«Абитуриентлар ҳужжат топшираётган пайтда, 3та йўналишни устувор кетма-кетликда белгилайди. Яъни биринчи, иккинчи ва учинчи йўналиш сифатида қайси ОТМларни танлаганини олдиндан белгилашади. Худди шу пайтгача ҳарбий имтиёзга абитуриентлар 2 та ОТМни танлагани каби.

Бундай вазиятда абитуриент устувор йўналишга кира олмаган тақдирдагина кейинги йўналишда омадини синаб кўриши мумкин. Агар хоҳ контракт, хоҳ грант бўлсин, устувор йўналишга тўплаган бали етса, унда кейинги йўналишлар учун танловда иштирок эта олмайди.

Айтайлик, фарғоналик абитуриент тарих йўналиши бўйича қуйидаги кетма-кетликда ОТМларни танлади дейлик:

1-йўналиш: ЎзМУ

2-йўналиш: Шарқшунослик институти

3-йўналиш: ФарДУ

Абитуриент тест синовларидан 150 балл тўплади, дейлик. Бу балл ЎзМУга контракт, ТДШИ ва ФарДУга эса бюджетга етарли бўлса, унда абитуриент қайси бирини танлаши мумкин? Шарқшуносликнинг бюджетини танласа бўладими?

Йўқ, бўлмайди! Бундай вазиятда абитуриентда танлов имконияти йўқ, у устувор йўналиш сифатида 1-ўринда ЎзМУни белгилагани учун, шу ернинг контрактига кирган ҳисобланади, қолган 2 йўналиш инобатга олинмайди. Қачонки у ЎзМУга етарли балл тўплай олмасагина, кейин Шарқшунослик ҳисобланади. Агар абитуриент бали ЎзМУ ва Шарқшуносликка етарли бўлмасагина, кейин ФарДУ инобатга олинади».

Яъни устувор ОТМга кира олмасагина, балл кейингисига ўтади.

Хуллас абитуриентга танлов имконияти фақат ҳужжат топшириш вақтида берилади холос. Ўша пайтда у ОТМлар рўйхати ва уларнинг кетма-кетлигини тўғри танлаши керак, тест ўтгандан кейин унда танлов ва ўзгартириш имкони бўлмайди.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг