Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ибтидоий тарбияни рус мактабларидан бошлаб бўлмайди

Ибтидоий тарбияни рус мактабларидан бошлаб бўлмайди

Фото:«Xabar.uz»

Яқинда бир вазирликда ўтказилган давра суҳбатида иштирок этдим. Унда ташкилот мутахассисларидан бири ўзбек тилини тушуниши, лекин гапира олмаслигини айтиб, рус тилида сўзлашга рухсат сўради.

Йиғилганлар бир-бирига маъноли қараб қўйди: ўзбек бўла туриб, давлатнинг катта бир ташкилотида фалон лавозимда ишласа-ю, ўз она тилини билмаса...

Ачинарлиси, кейинги вақтда бундай ҳолатларни кўплаб кузатяпмиз. Тўғри, мамлакатимизда чет тилларини ўқитишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Келажак авлоднинг зуллисонайн бўлиши ижобий ҳолат, албатта. Аммо хорижий тилларни ўрганиш ўз тилини унутиш ҳисобига бўлмаслиги керак-ку?

Ишга кирасанми, рус тили керак

Айни пайтда мамлакатимизда таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган икки мингдан ортиқ мактаб мавжуд. Русийзабон синфларда 600 минг нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади.

Баъзи ўзбек оилалари ҳам фарзандларини шундай синфларга беришни маъқул кўрмоқда. Хўш, бунга сабаб нима?

— Икки ўғлимни ҳам рус мактабга берганман, — дейди қашқадарёлик Дилдора Ҳасанова. — Қишлоқ мактабида таҳсил олганим учунми ёки қунт қилмаганимданми, рус тилини яхши ўрганолмадим. Бундан кўп панд едим. Қаерга бормай, шу тилни қай даражада билишим билан қизиқишди. Рус тилини билмасдан, катта мақсадларга эриша олмаслигимни англадим. Фарзандларим мендек қийналиб юришини истамайман.

Ҳақиқатда, ҳозир давлат тилининг аҳамияти бироз сусайгандек туюлади. Чунки кадрларнинг салоҳияти ўзбек тилини билиш-билмаслиги эмас, аксинча хорижий тилни мукаммал ўзлаштиргани билан ўлчанмоқда. Ўз навбатида, жамият ҳам шунга мослашмоқда.

«Мам» дейдиган бўлди...

Фарзандларимиз қай бир мактабда ўқимасин, яхши таълим олиши тарафдоримиз, албатта. Аммо илк сабоқни ўз она тилида олмаслик аксарият ҳолатда уларнинг тарбиясига акс таъсир кўрсатяпти. Хусусан, наврасталарда одоб-ахлоқ, шарм-ҳаё, уят, увол, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби фазилатлар тўғри шаклланмайди. Буни жадид боболаримиз ҳам таъкидлаган: «…Ибтидоий тарбияни рус мактабларидан бошлаб бўлмайди, уни миллий мактабларга бериш керак. Илгари миллий ҳиссини ўстириб, ўз миллатини танигандан кейин рус мактабига бериш керакки, ҳунарга, ихтисосга тегишли илмларни ўқисин. Ундан кейин Германия, Франция, Англия мамлакатларига, ҳатто дунёнинг нариги чеккасидаги Америкага юбориб ўқитиш керак …» («Кеча ва кундуз» романидаги Мирёқуб ва жадид Шарофуддин Ходжаев суҳбатидан).

— Россияда таҳсил оладиган қайнукамнинг тавсияси билан қизимни рус мактабига бердик,— дейди Дилноза Алиева. — Аввалига хулқ-атворида ўзгариш сезилмади. Юқори синфга ўтгач, мени «мам», деб чақирадиган, устига-устак сенлаб гапирадиган бўлди. Дадаси роса дакки берса ҳам фойдаси бўлмади. Русча сўзларни аралаштириб гапирадиган одат чиқарди. Маҳалладаги тенгқурларидан ажралиб қолди. Отаси ва бошқа эркаклар олдида ҳам тортинмай шахсий, аёлларга хос мавзуларда гапираверарди. Табиатидаги ўзгаришларни кўриб, ташвишга тушдик. Мактабни тугатгач, ўзбек тилида дарс ўтиладиган коллеж ва институтда ўқитдик. Афсуски, ҳарактерида менталитетимизга хос бўлмаган унсурлар барибир сақланиб қолди.

Ўзбек тилини ўрганишни хоҳлайман

Ўтган йили 21 октябрда бўлиб ўтган тадбирда бир талаба йигит Халқ таълими вазирлиги вакилларига мурожаат қилиб: «Мен тожик тилида дарс ўтиладиган мактабда таҳсил олганман. Ўзбекистонда яшасам-да, давлат тилини билмаслигим кўп бора панд берган. Аммо мактабимизда ўзбек тили яхши ўтилмайди. Умуман, таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган муассасаларда бу фан ҳафтасига икки соат қўйилган, холос. Бу жуда кам. Устига-устак дарсликларда талай нуқсонлар бор. Ўқитувчи етишмаслиги сабаб баъзи синфларда ўзбек тили бутунлай ўтилмайди. Мен каби ўзбек тилини ўрганишни истайдиган тенгдошларим кўп. Аммо уларга юқоридаги муаммолар тўсиқ бўлмоқда. Вазирликдан мазкур масалага тегишли чора кўришини сўрардим», — деган эди.

Орадан бир йил ўтяпти бу борада бирор ўзгариш бўлганини эшитмадик. Шундан кейин мазкур муаммо мени қизиқтириб қолди. Мавзу юзасидан кўплаб мутахассислар билан фикр алмашдим. Хусусан, рус тилида дарс ўтиладиган мактабларда ўзбек тилини ўқитиш методикаси муаммолари билан шуғулланувчи олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, филология фанлари номзоди Рустам Йўлдошев шундай дейди:

— 1994 йилда ўзбек тилини ўқитиш дастури тузилган. У аслида ўзбек тили мактабларида рус тили фанини ўқитиш дастурининг таржимаси эди. Кейинги йилларда ҳам айтарли ўзгаришсиз такомиллаштирилди. Дастурда ўзбек тилининг ўзига хос афикциаллик хусусияти, табиати инобатга олинмаган. Масалан, ўзбек тилида сўзга қўшимча қўшилиши билан маъно ўзгариши, унинг мукаммаллашиб бориш хусусияти бор.  ўқувчининг нутқини ўстиришга хизмат қилувчи усуллар белгиланмаган. Унда ўзбек тили филологияси ҳақида маълумот бериш биринчи ўринга кўтарилган. Лекин биз ҳозир бошланғич синфдаги битта матн таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда тўққиз йил ўтиладиган қоидалар асосида қурилганини кўряпмиз.

Дарсликларда мавзудан мавзуга мураккаблаштириб бориш тизими бузилган. Бу ўқувчини чалғитиб, фанни ўзлаштиришига қийинчилик туғдиради. Дарслар бир-биридан кескин фарқ қилувчи мавзуларга бағишлангани боис, такрорлаш имкони йўқ. Натижада ўқувчи билимини мустаҳкамлай олмайди. Дарсликлар таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун мўлжаллангани сабабли, барча маълумотлар тўлиқ ўзбек тилида берилган. Агар дарс ўтаётган ўқитувчи малакали бўлмаса, атамалар ёки баъзи грамматик қоидаларни тушунтиришда қийналади. Ўқувчи эса, ўзбек тилини мустақил ўрганишга киришолмайди. Мана шу жиҳат энг катта камчиликлардан биридир.

Агар таълим тизимида ўзбек тили фанини ўқитиш методикаси ислоҳ қилинса, самарадорлик ошади. Шунда йигит-қизларни бир вақтнинг ўзида иккита тилни мукаммал ўзлаштиришига эришамиз.

Сўнгсўз

Бу мақола билан жамиятимизда давлат тилининг обрўйини кўтариш ва таълим тизимидаги жузъий камчиликлар ҳақида мулоҳаза юритишга чорламоқчи бўлдик. Бизнингча, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистонда яшайдиган ҳар бир инсон ўзбек тилини билиши керак. Ижтимоий ҳаёт эса, бунинг аксини, ҳаттоки миллатдошларимиз ҳам она тилини унутиб бораётганини кўрсатмоқда. Кичик кўринган мазкур муаммонинг газак олмаслиги учун ҳозирданоқ ҳаракат қилишимиз зарур.

Санжар Эшмуродов

«Ёшлар овози» газетасидан олинди.

Изоҳлар 10

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг