Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олимпиада ғолибларига Инҳа университети ўқув марказига бепул йўлланма берилди

Олимпиада ғолибларига Инҳа университети ўқув марказига бепул йўлланма берилди

Фото: Инҳа

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент ахборот технологиялари ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетлари билан ҳамкорликда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги физика ва математика фанлари бўйича Республика олимпиадасини ташкил қилди.

Республика олимпиадасида мамлакат ҳудудида жойлашган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчи ёки битирган ўқувчилари, шунингдек, ўн бир йиллик умумий ўрта мактабларнинг 11-синф битирувчилари иштирок этдилар.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги физика ва математика бўйича Республика олимпиадасига 2018 йилнинг 20 январида старт берилган эди. Дастлабки босқич танловнинг www.matfiz.uz сайтида 20 январдан 10 февралга қадар онлайн режимда ўтказилганди. Унда жами 4755 нафар ёшлар рўйхатдан ўтиб, 4 минг нафар ўқувчи онлайн тестда иштирок этганлар. Мазкур босқичда 80 баллдан юқори натижага эришган 585 нафар иштирокчи навбатдаги босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Шундан сўнг Тошкент ахборот технологияларининг вилоятларда жойлашган бўлинмаларида шу ҳудуд ҳамда минтақавий вилоятлардан келган ўқувчилар иштирокида олимпиаданинг иккинчи босқичи ўтказилди.

Ёзма имтиҳонлар якунига кўра, энг юқори натижани қайд этган 13 нафар ўқувчи 23 февралда ўтказилган сўнгги босқичда иштирок этдилар.

Натижаларга кўра, Ўткир Султонов (Самарқанд), Умрбек Машарипов (Хоразм) ва Муҳриддин Саъдуллаев (Бухоро) Республика олимпиадасининг ғолиблари деб топилдилар.

Ғолибларга ҳамда сўнгги босқичга етиб келган ўқувчилар диплом ва «Ўзбекистон почтаси» АЖ, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фонди, Электромагнит мослашув маркази ДУК, «UNICON.UZ» ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, сўнгги босқичнинг барча қатнашчиларига Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг ўқув марказида инглиз тилини бепул ўрганиш учун йўлланма тақдим этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг