Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил Тиллабоев

Халқ учун ишла, ўзинга қайтмаса, фарзандингга қайтади!

Таълим, инқироз ва умид

Таълим, инқироз ва умид

Фото: «Xabar.uz»

Таълим ҳаёт ва мамот эканлигини мен айтмасам ҳам ҳамма билади, шу ҳаёт-мамот масаламиз аҳволи қандай, таълим тизимида ислоҳотлар қандай кетаяпти, муаммоларни қай йўл билан бартараф этиш керак? Шу ҳақда мактабнинг ичида юриб ва ижтимоий тармоқларни кузатиб ушбу фикрлар туғилди. Таълим тизимида 14 йил ишлаб, катта-кичик муаммоларни ва ютуқларни кўриб билган одам сифатида ушбу мақолани ёзишга ҳақлиман деб ўйладим.

Таълим сифатига салбий таъсир кўрсатувчи муаммолардан бири  ўқитувчиларнинг бошлиқлари кўплигидир. Ўқитувчилар бюджетдан текин ойлик олади, деб фикрлайдиган раҳбарлар уларни қишлоқ хўжалиги ишларига, маҳалла ишларига, мажбурий обунага ва, энг ачинарлиси, кўча тозалашга мажбур қилаётгани телевидение томонидан ҳам баралла айтилмоқда.

Тўғри, секин-аста бу муносабат юмшатилаётганини ҳам кўриб турибмиз, лекин барибир бу муаммо мавжуд экан, буни муаммо ўлароқ кўрмайдиган Халқ таълими вазири: «Ўқитувчи фақат дарсга кириб, таълим бериши керак эмас. Педагог ўз маҳалласининг фаоли бўлиши жоиз. Маҳалла аҳли ва фаоллари ўртасида жамиятдаги ислоҳотларни тарғиб қилсин. Керак бўлса уйма-уй юриб, тушунтириши лозим», — деб таъкидлар экан, ўқитувчидан яхши кайфиятда сифатли дарс ўт, дея талаб қилишга ҳаққимиз йўқ.

Кейинги муаммо — қоғозбозлик ва бюрократия. Биласизми, бир гап айтмоқчиман, мен ҳар бир дарсга ишланма ёзаман ва, энг қизиғи, дарсда ундан бирон марта ҳам фойдаланмайман, дарсни фалон-фалон усулларда ўтаман дейман, лекин синфхонага кирдимми, мавзуни истаган усулда болаларнинг кайфиятига, ўртага ташлаган саволларига қараб ўтавераман. Шунинг учун дарс ишланмаси ҳеч бўлмаса 10 йил педагог бўлиб ишлаган ўқитувчи учун шарт эмас деб ўйлайман.

Ўқитувчи шунча йил дарс ўтдими, китобларнинг қайси саҳифасида қайси мавзу борлигини ёддан билади. Унга ҳар сафар бир хил конспектни қайта-қайта ёздирмасдан, ўз соҳаси бўйича ўқувчиларга бирон янгилик бера оладиган қўшимча китобларни ўқишига вақт берайлик. Агар инглиз тили ўқитувчиси бўлса инглиз тилидаги  киноларни кўрсин, талаффузини ростласин.

Энсангизни қотирдимми, парадокс эшитдингизми, «аслида конспектдан кўра кераксиз юзлаб қоғозу ҳисоботларни керак бўлса уйига олиб кетиб тўлдириб юрган бечора ўқитувчини ўша қоғозлардан қутқара олмаяпмизу, конспектларни гапиришга нима бор?» деяпсизми? Осилсанг баланд дорга осил деб мен биратўла таълимда конспект аслида кераксиз эканлигини исботламоқчиман,  йиллик, ойлик юклама ҳисоботлари, ўз устида ишлаш дафтари, иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш режалари, бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар билан ишлаш режалари, методик бирлашма ҳужжатлари, фан ойлиги ҳужжатлари ҳақида эса гапиришни лозим топмадим, ҳамма тушуниб қўя қолсин энди (ҳужжатларнинг тўлиқ руйхати билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин).

Навбатдаги муаммо — кадрларнинг сифати. Истаймизми-йўқми, мактабларни шунча таъмирлаб, замонавий компютерлар билан таъминласак-да, таълим сифати ўсаётганини кўрмаяпмиз. Чунки таълимдаги ҳал қилувчи омил бўлган педагоглар онгини ўзгартирганимиз йўқ, тизимдаги жуда кўплаб мутахассисларда совуққонлик ва боқибеғамлик авж олиб кетганки, мана шундай бир хил қолипга тушиб, мослашиб кетган ўқитувчиларни энг замонавий технологияларни қўллаб ҳам уйғота олмаяпмиз.

Буни ўқитувчидан амалий натижа талаб қилган ва бу натижани муносиб рағбатлантирган ҳолда бартараф этиш мумкин. Сингапур таълим тизими ҳам шу ҳолдан 60-40 тизими асосида осонгина чиқиб кетган экан. Яъни, ўқитувчи яхши ишламаса ойлигининг 60 фоизи, яхши натижага эришса 100 фоиз тўланар экан.

Моддий аҳвол. Таълим тизимидаги энг мураккаб муаммомиз. Мажбурий ижро бюроси ташкил қилинди, ойлиги 2,5 миллион сўм, ҳарбий соҳаларда 3 миллион сўмдан ортиқ. Мана шу ва шу каби бошқа барча соҳаларга кадрлар етиштириб берадиган таълим тизими ходимлари нега 500 минг ёки бир миллион сўм билан кун кечиришга мажбур? Моддий тарафдан камсуқум устоз қандай қилиб хотиржам дарс бера олади? Ўқитувчи уйидаги етишмовчиликни ўйласинми ёки таълим берсинми? Мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камайиб кетганининг бир сабаби ҳам шунда эмасми?

Умид. Мана шундай муаммолар гирдобидаги таълим тизимида 23 ёшли, чет эл (Англия) дипломига эга Алишер Саъдуллаев вазирнинг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Ниҳоят Президентимиз ёшларга энг юқори лавозим бериб синаб кўрмоқда.

Мен бу йигит билан «Фасебоок» орқали суҳбатлашгач, Фарғона вилоятига қилган сафари давомида бирга юрдим. Унинг ушбу муаммоларга муносабатини кўрдим. Шунга амин бўлдимки, у қаерда учрашувлар ташкил қилса муаммоларни тан олмоқда, ҳеч қандай баландпарвоз гаплар билан овутишга ҳаракат қилмаяпти, ўзининг ваколатида бўлмаган юқоридаги камчиликларни йўқотишга ҳаракат қилмоқда, кучи етмаётганига  виждони қийналаяпти, ўзи масъул бўлган йўналишни эса ҳавас қиларли даражада уддаламоқда. Амалга ошираётган ишлари ҳақида «Фаsебоок»даги саҳифасида ҳар куни мунтазам ёритиб бормоқда, халқ билан реал ҳаётда ва ижтимоий тармоқда фаол мулоқот қилмоқда.

2017-йил сўнгида лавозимга тайинланган давр – 6 ойда амалга оширган ишлари ҳақида халққа ҳисобот тақдим қилди. Янги йилдан буён эса ҳар ойда инглиз тили ўқитувчилари, психологлар ва ёшлар етакчилари учун алоҳида-алоҳида видеоконференсия ташкил этиб, республика миқёсида ёшлар билан ишлаш бўйича энг яхши таклифларни алмашиш механизмини йўлга қўйди. Учрашувларда ёшлар ҳаётига ўзгартишлар киритамиз, бизнинг рақобатчиларимиз Тошкентдаги ёки Хоразмдаги эмас, Япония, Англия ёки Америкадаги ёшлардир, биз уларни ақл-заковатимиз билан ортда қолдиришимиз шарт дея ёшларни руҳлантирмоқда. Бирга юрган икки кун ичида кунига 5 та туманнинг мингдан ортиқ устозлару ўқувчи-ёшлари билан суҳбатлашиб улгурди.

У ўзгариш қилишга интилаяпти, лекин ёлғизлиги билиниб турибди. Агар таълим тизимини ростан ҳам ўзгартириш, яхшилаш ниятимиз бор экан, муаммолар гирдобига биргина Алишерни ташлаб қўйиб томоша қилмаслик керак деб ўйлайман. Ёшларга юқори лавозим бериб синадик, мана бемалол ишончимизни оқламоқда, энди у каби ёшларни таълим тизимига, унинг ёнига бутун бир жамоа қилиб жалб этишимиз керак. Шунда улар том маънода Президент жамоаси бўлар эди!

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг