Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АКТ вазири «Ўзбекистон ақлли ҳукумати» лойиҳасини тақдим қилди

АКТ вазири «Ўзбекистон ақлли ҳукумати» лойиҳасини тақдим қилди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев.

Фото: «Xabar.uz»

Тошкентдаги ИНҲА университетида #MITCROADMAP2018 анжумани ўтказилгани ҳақида хабар бергандик. Анжуманда сўзга чиққан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев Ўзбекистон ахборот технологиялари соҳасининг келажаги ҳақида сўз юритди.

Вазир электрон ҳукумат янги стратегиясини тақдим этди ва мамлакатнинг рақамли шаклланиш жараёнида паст тезликли интернетни «тормоз»га қиёслади.

«Мен вазирлик лавозимига киришганимдан бери 1500 та атрофида мурожаат келиб тушган бўлса, шуларнинг асосий қисми интернет тезлигининг пастлиги ва нархи бошқа мамлакатларникидан бир неча баравар қимматлиги ҳақида», — деди Азим Ахмедхаджаев. — «Сўзсиз, бу мамлакатимизнинг рақамли шаклланиш жараёнларини сусайтириб қўяди».

«Ўтган йилнинг май ойида ташқи канал ўтказувчанлиги 65 Гбит/с. эди, бугун бу рақам 160 Гбит/с.гачани ташкил қилади, йил охиригача биз халқаро боғламаларимиз ўтказувчанлигини 10 бараваргача оширишни режалаштирганмиз, бу Ўзбекистон абонентлари учун режали тарзда интернет тезлигини ошириб бориш имконини беради», — деди вазир.

Маълум қилинишича, интернет-хизматларни сифатли тақдим этиш масалаларида вазирлик шартнома ва таклифларда уланиш тезлигининг юқори эмас, балки пастки чегаралари белгилаб қўйилишини талаб қилади.

Фото: «Xabar.uz»

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири берган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда қарийб 23 миллион нафар мобил алоқа абоненти, 20 миллиондан зиёд интернет фойдаланувчилари бор. «Электрон ҳукумат» тизими доирасида вазирликлар ва идоралар 350 дан ортиқ интерактив давлат хизматларини кўрсатмоқда.

Электрон ҳукуматни ривожлантиришнинг янги стратегиясида инновацион «Smart Government Uzbekistan» — «Ўзбекистон ақлли ҳукумати» лойиҳасини яратиш кўзда тутилган. Жаҳоннинг энг яхши тажрибаларини ўзида жамлаган ушбу стратегия 2021 йилгача бўлган вақтни ўз ичига олади.

Биргина 2018 йилнинг ўзида талаб энг юқори бўлган 50 дан ортиқ давлат хизматларини жорий этиш режалаштирилган бўлиб, шуларнинг 70 фоизи фуқаролар, 30 фоизи тадбиркорлар учун мўлжалланган.

«Smart Government Uzbekistan» бу:

  • Мобил ҳукумат — давлат хизматлари кўрсатилиши механизмларининг такомиллаштирилиши, аҳоли ва бизнес эҳтиёжларига тезкор жавоб бериш.
  • 24/7 — аҳолининг талабларига исталган вақтда, исталган жойда, исталган ахборот узатиш воситасида жавоб беришга масъул ҳукумат.
  • Доимий ислоҳ этиб борилувчи ҳукумат — бюрократик ва ортиқча жараёнларни йўқ қилиш мақсадида маъмурий ишларни оптималлаштириш.
  • Очиқ ҳукумат — йил давомида 400 дан ортиқ очиқ маълумотлар тўпламини шакллантириш.

Азим Ахмедхаджаев БМТ электрон ҳукуматлар рейтинги ҳамда «Global Open DataIndex» индекси «ТОП-50»лигига кириш мақсадлари ҳақида ҳам сўз юритди.

Агар яқин келажак режаларига тўхталадиган бўлсак, бу йил Ягона ташқи савдо операциялари электрон ахборот тизимини такомиллаштириш, UZ E-Visa ахборот тизимини яратиш, Ягона лойиҳали бошқарув миллий ахборот тизимини яратиш, «ягона ойна» марказлари фаолиятини автоматлаштириш, шунингдек, давлат органларининг 25 дан зиёд ахборот тизимларини жорий этиш мўлжалланган.

Вазир мамлакатимизда электрон тижоратнинг бугунги ривожланиш кўрсаткичлари жуда пастлиги ва мамлакатимизнинг ҳақиқий салоҳиятига мос келмаслиги ҳақида ҳам гапирди. Ҳолбуки, глобал миқёсда охирги йилларда электрон тижоратнинг ўсиш кўрсаткичлари 18-20 фоизни ташкил этяпти. 2017 йили электрон тижоратда товар айирбошлаш кўлами 2 трлн. доллардан ошди. Экспертлар бу кўрсаткич 2021 йили 4,5 трлн. долларга чиқишини башорат қилишмоқда.

«Вазирлик тизимида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси ва электрон тижоратни ривожлантириш бўлими ташкил этилди. Электрон тижорат ассоциацияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, электрон тижорат, электрон тўловлар соҳасида бизнес юритувчи компаниялар ва йирик IT-компаниялар вакилларини жамлаган жамоатчилик кенгаши тузилди», — деди вазир ўз тақдимотида.

Азим Ахмедхаджаевнинг таъкидлашича, мамлакатимиз президенти 14 май куни имзолаган «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор бу соҳа ривожи йўлида турган барча тўсиқларни бартараф этишда ёрдам беради.

Фото: «Xabar.uz»

Юқори малакали кадрлар етишмаслиги масаласини ечиш мақсадида махсус IT-мактаб қуриляпти, у ерга болалар бешинчи синфдан қабул қилинади. «Афсуски, ҳозирча у битта. Бу мактабда энг иқтидорли болалар ўқиши учун биз имтиҳоннинг имкон қадар шаффоф ўтишини таъминладик», — деди Азим Ахмедхаджаев.

Ўзбекистонда «мобил қарамлик» масаласини  ечишга киришилди. 2018 йил охирига қадар мобил тармоқ абонентининг бошқа операторга ўтишида телефон рақамини сақлаб қолиш тартиби тасдиқланади.

Шунингдек, вазир АКТ соҳасини ривожлантириш бўйича инновацион ғоялар портали (idea.mitc.uz)га ҳам тўхталди, порталда мамлакатимиз фуқаролари ҳамда чет элларда яшаётган ватандошларимиз соҳани ривожлантириш борасидаги ўз ғоялари билан ўртоқлаша оладилар.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг