Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АКТ вазирлигида «Openbucks» компанияси асосчиси билан учрашув бўлиб ўтди

АКТ вазирлигида «Openbucks» компанияси асосчиси билан учрашув бўлиб ўтди

«Openbucks» компанияси асосчиси ҳамда президенти Марк Рочман.

Фото: «Mitc.uz»

Бугун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида АҚШнинг «Openbucks» компанияси асосчиси ҳамда президенти Марк Рочман билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда вазирнинг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров иштирок этди.

Фото: «Mitc.uz»

Аввал хабар берганимиздек, жаноб Марк Рочман мамлакатимизга Ўзбекистон IТ-саноатидаги имкониятлар билан яқиндан танишиш, дастурий таъминот бозорида фаолият олиб бориш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида ташриф буюрган.

Меҳмонга мамлакатда ахборот технологияларини ривожлантиришга доир йирик лойиҳалар, дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга яратилган имкониятлар хусусида маълумот берилди. Жумладан, «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази фаолиятининг ўзига хосликлари, марказга аъзо компанияларга берилган имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Инновация марказининг маҳаллий ва халқаро дастур ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги ҳамкорликни ўрнатиш юзасидан иштироки дастурий таъминот саноатининг тезкор ривожи учун хизмат қилмоқда. Натижада, «Openbucks» каби халқаро миқёсда нуфузга эга компаниялар билан алоқалар ўрнатиляпти.

Учрашувда томонлар Ўзбекистонда электрон тўлов тизимларини яратиш юзасидан ҳамкорликни ўрнатиш истиқболини муҳокама қилдилар.

Бугунги кунда Ўзбекистонда «электрон тижорат»ни ривожлантириш ҳукумат эътиборидаги муҳим масала ҳисобланади. Шу боис, мулоқотда яқин масофада контактсиз тўловларни амалга ошириш технологиясини ривожлантириш, «PayPal», «Alipay», «Visa» ҳамда «Mastercard» каби халқаро тўлов тизимларини Ўзбекистонда жорий қилиш режалари ўртага ташланди. Шу билан бирга, «Кремний водийси билан мулоқот» дастури доирасида истиқболдаги режа ва ташаббусларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Учрашувда блокчейн технологиясидан жамият ривожи йўлида, хусусан давлат хизматларини кўрсатишда фойдаланиш бўйича халқаро тажрибага эътибор қаратилди.

Ўзбекистондаги ташрифи давомида Марк Рочманнинг «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази ва унга аъзо компанияларга, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига, Тошкент ахборот технологиялари университетига, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетига, Турин политехника университетига, Бухоро муҳандислик ва юқори технологиялар институтига ташриф буюриши режа қилинмоқда.

Маълумот учун: «Openbucks» компаниясига 2010 йилда асос солинган бўлиб, компания «электрон тижорат» соҳасида инновацион хизматлар учун дастурлар ишлаб чиқаради. Шунингдек, «Openbucks» компанияси интернет тўловлари учун ҳам махсус тизимлар яратади. Бунда фойдаланувчининг кредит карточкаси унинг интернетдаги саҳифасига уланади ҳамда маҳсулотлар учун тўловларни махсус кодлар орқали амалга ошириш мумкин бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг