Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Америкалик ишбилармон Ўзбекистонга келади

Америкалик ишбилармон Ўзбекистонга келади

«Openbucks» компанияси (АҚШ) асосчиси ва бош ижрочи директори Марк Рочман.

Фото: «TNW»

«Openbucks» компанияси (АҚШ) асосчиси ва бош ижрочи директори Марк Рочман «Мирзо Улуғбек инновация маркази» резидентларининг IТ-хизматлари экспорти жараёнларини соддалаштириш, хорижий инвестиция компаниялари ва фондларини ҳамкорликка жалб этиш бўйича амалий тавсиялар беради.

Мазкур масала Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда БМТТДнинг «Маъмурий ислоҳотлар ва рақамли трансформация» лойиҳаси доирасида бўлиб ўтадиган электрон тижорат бўйича эксперт, америкалик ишбилармоннинг 8-16 март кунлари амалга ошадиган ташрифи давомида кўзда тутилган.

Дастур доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ва UZINFOCOM ягона интеграторида учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Бу учрашувларда 2018-2019 йилларга мўлжалланган ахборот-коммуникация технологияларини такомиллаштиришга қаратилган «йўл харитаси»ни муҳокама қилиш ва уни амалга ошириш бўйича амалий тавсиялар берилади. Жумладан, Ўзбекистонда 2018—2021 йилларда электрон тижоратни ривожлантириш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, «PayPal», «Alipay», «Visa» ва «Mastercard» халқаро тўлов тизимларидан фойдаланиш, Ўзбекистон ҳудудида электрон пулларни ҳуқуқий тартибга солиш каби мавзуларда фикр алмашилади.

Марк Рочманнинг «Mirzo Ulugbek Innovation Center»да бўлиб ўтадиган учрашуви онлайн-журналлардан фойдаланган ҳолда товарларни экспорт қилиш ва хорижий инвестиция компаниялари ва фондларини Ўзбекистонга жалб қилиш жараёнларини соддалаштиришга бағишланади.

«Openbucks» асосчисининг ташрифидаги бошқа бир йўналишидан бири — IТ-таълимдир. Марк Рочманнинг Тошкент шаҳридаги Инҳа университети раҳбарияти билан бўлиб ўтадиган учрашувида уларнинг ҳамкорликдаги ташаббуси бўлган «Silicon Valley Talks»ни келгусида ривожлантириш муҳокама этилади. Бунда Ўзбекистондаги талабалар ва ишлаб чиқувчилар учун АҚШнинг IТ-компаниялари экспертлари томонидан тайёрланган бир қатор онлайн маърузалар кўзда тутилади. Дастлабки учрашув ўтган йилнинг куз ойида «Openbucks» ва университет ўртасида ўзаро англашинув Меморандуми имзоланганидан сўнг бўлиб ўтган эди. Ўша вақтда маърузачи сифатида Марк Рочманнинг ўзи чиқиш қилган эди.

Шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университети ректорати ва талабалари билан ҳамда Самарқанд шаҳридаги филиалида ҳам учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумот учун:

«Openbucks» компаниясига Марк Рочман томонидан 2010 йилда асос солинган. Компания мижозларга чакана дўконлардан совға карталарини қўллаган ҳолда товарлар ва хизматлар учун тўловлар амалга ошириш имконини беради. «Openbucks» компанияси «Subway», «CVS Pharmacy», «Burger King», «Sports Authority», «Dollar General», «Circle K», «Shell Oil Company» ва бошқа карталар билан ишлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг