Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«DigiGirlz»: 60 нафар қиз келажакка қўл чўзди

«DigiGirlz»: 60 нафар қиз келажакка қўл чўзди

«DigiGirlz» таълим дастури иштирокчилари.

Фото: «Inha.uz»

«Microsoft» компанияси маҳаллий компанияларнинг қўллаб-қувватлаши ёрдамида Ўзбекистонда биринчи маротаба қизлар салоҳиятини ошириш ва уларни технологиялар соҳасига жалб этишга қаратилган «DigiGirlz» таълим дастурини ташкил этилиши ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 10 апрель куни ушбу тадбир ўтказилди.

«DigiGirlz» – «Microsoft» корпорациясининг қизлар учун илм-фан, технология, муҳандислик иши ва математика соҳаларида таълимга инвестиция дастуридир. Дастур глобал иқтисодиётнинг чақируви ва муаммоларига тайёр бўлган келажак ходимларини тайёрлаш учун мўлжалланган.

Тадбирда 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган 60 нафар қизлар қатнашди. Дастур ёш қизларга технология соҳаси ва янги инновациялар билан танишиш имконини берди.

Фото: «Inha.uz»

«DigiGirlz» дастурининг биринчи ярмида «Microsoft»нинг таълим ечимлари бўйича мутахассиси Теодора Варбанова ахборот технологиялари ривожланишида қизлар ва аёлларнинг ўрни ҳақида сўзлаб берди.

Ўзбекистонлик мутахассис Муқаддам Аҳмедова АТ-лойиҳани амалга оширишда ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Маъруза давомида олинган билимлар қизларга нимани кутиш мумкинлигини ва бу соҳадаги иш қандай натижа бериши мумкинлигини тушунишга, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида малака ошириш имкониятларини муҳокама қилишга имкон беради.

Фото: «Inha.uz»

Тадбирнинг иккинчи қисмида «DigiGirlz» дастурининг иштирокчилари амалий машғулотларда иштирок этишди. Ёш гуруҳнинг иштирокчилари (12 ёшдан 14 ёшгача бўлган қизлар) «Flappy Bird» ўйинини бошқариш учун сенсор яратишди.

Фото: «Inha.uz»

Катта гуруҳ (15-17 ёш)даги қизлар робот қўлини яратишда иштирок этишди. Ушбу девайсларни яратиш учун қизлар картон, сим, Adruino комплекти ва бошқа материалларни, шунингдек, дастурлаш бўйича билимларини ишлатишларига тўғри келди.

«Microsoft» бутун дунёдаги қизларни қўллаб-қувватлайди ва уларга ўз салоҳиятларини рўёбга чиқаришга ёрдам беради. «DigiGirlz» дастурининг асосий мақсади технология соҳасида ишлаётган қизларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдир. Бу ўқув дастури истиқболли ўқувчи қизларига технологиялар соҳаси улар учун қандай имкониятларни тақдим этаётганлигини ва уларнинг қобилиятларини намоён этиш учун тўсқинлик қилаётган гендер стереотипларни синдириш ҳамда истиқболли ўқувчиларга келажакдаги имкониятларни кўрсатиш учун мўлжалланган.

Елена Мухсинова,
«Microsoft»нинг МДҲ бўйича PR ва корпоратив ижтимоий лойиҳалар бўйича директори

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бабаходжаев:

— «DigiGirlz» таълим дастурининг Ўзбекистонга келганидан мамнунмиз. Бундай тадбирлар қизларнинг фан ва ахборот технологияларига бўлган қизиқишини уйғотишга имкон беради. Бугунги кунда АТ соҳасидаги қизларнинг нисбати жуда кичик ва бизнинг мақсадимиз кўпроқ қиз ва аёлларни технология дунёсига олиб киришдир. Шунингдек, бундай тадбирлар қизларга гендер стереотипларини енгиб чиқишга ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ўз малакасини оширишга ёрдам беради.

«DigiGirlz» ўқув дастури менга нафақат амалда ишлатса бўладиган, балки янги технологиялар оламини ҳам очди. Ёдимда, бир неча ой аввал, роботларни телевизорда кўрганимда, Ўзбекистон ҳали бундай илғор технологияларни яратишига анча бор, келажакда бўлади деб ўйлаган эдим. Аммо ҳозир «DigiGirlz»да, мана шу келажакка қўл текказиб, Ўзбекистон келажагининг яратувчиларидан бир қисми бўлишимга ишонч пайдо бўлди. Мен иштирокчилар қаторидан жой олганимдан хурсандман».

Рухсора Назарова, «DigiGirlz» иштирокчиси

Таълим дастури якунлари бўйича барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Энг фаол тўққиз иштирокчи тадбир доирасида ўтказилган танлов натижаларига кўра қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг