Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эксперт: Анъанавий бозор электрон тижорат деб аталмиш ноанъанавий бозорга ўзгармоқда

Эксперт: Анъанавий бозор электрон тижорат деб аталмиш ноанъанавий бозорга ўзгармоқда

Шаҳбоз АЛИМОВ, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази мутахассиси

Фото: «Xabar.uz»

Бугунги кундаги кучли рақобат шароитида ҳар бир бизнес фаолиятини олиб бораётган субъектлар электрон тижорат имкониятларидан фойдаланишга мажбур.

АКТ — тараққиёт гарови

Компаниялар электрон тижорат ёрдамида бўлғуси мижозлар, мол етказиб берувчилар ва буюртмачилар билан web тизими орқали алоқа ўрнатиши, савдо битимларини амалга ошириш учун керакли ҳужжатларни электрон кўринишда айирбошлаши, товар ва хизматлар сотилиши ва етказиб берилишини назорат қилиши, товар рекламаси ва хариддан кейинги қўллаб-қувватлаш ва харид учун электрон тўловни амалга ошириш масалаларини арзон ва қулай амалга ошириши мумкин. Шунинг учун электрон тижорат компаниялар фаолиятининг ажралмас қисмига айланиб боряпти. Айниқса, ривожланган давлатлар, электрон тижоратнинг имконият ва истиқболларини аниқ ҳис қилган ҳолда, бу соҳага етарлича инвестиция ажратмоқдалар.

Тараққий этган давлатлар ялпи миллий маҳсулотида электрон тижорат салмоқли ўрин эгаллайди. Чунки бу соҳани янги иқтисодий тизим сифатида баҳолай олган давлатлар ушбу соҳада етакчи ўринни эгаллаш мақсадида уни ҳар томонлама ўргана бошлашди. Аввало, электрон тижоратни ривожлантиришга халақит берадиган тўсиқларни бартараф этиш механизмларига катта эътибор беришган. Масалан, Европа Иттифоқи бу борада ўзининг «Электрон Европа» (e-europe) лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу лойиҳа ЕИнинг келажак янги иқтисодий тизимдаги ҳолатини яхшилашда муҳим рол ўйнайди.

Ривожланаётган давлатларда электрон тижоратни мамлакат экспорт салоҳиятини оширувчи асосий жараён деб билишади.

Шуни инобатга олиб, бу давлатлар ҳукуматлари асосий эътиборларини электрон тижорат тараққиётига туртки бўладиган ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини ривожлантиришга қаратмоқдалар.

Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш

Шу ўринда Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш имкониятлари йилдан-йилга ўсиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Унинг ривожланиши миллий ишлаб чиқарувчиларимизга янги бозорлар очиш, янги мижозлар топиш имкониятини яратади. Электрон тижоратни ривожлантириш бўйича танланган ва амалдаги йўлдан тўғри бориш – келажакда мамлакатимиз иқтисодиётини жаҳон бозорининг етакчи вакилларидан бирига айлантиради. Ўзбекистон электрон тижорат бўйича мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг тўғри йўли танлаганлиги халқ фаровонлигига, жамиятимизнинг тараққий топишида, иқтисодий ривожланишимизда ўз аксини топади. Шу билан бирга, электрон тижорат мамлакатимизда фаолият олиб бораётган кичик бизнес вакилларининг имкониятларини мислсиз даражада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон давлат органлари электрон тижоратни ривожлантиришда дунё тажрибасида кенг қўлланилган қуйидаги тамойилларга амал қилмоқда:

  • электрон тижоратни ривожлантиришда корпоратив сектор фаол рол ўйнаши лозим;
  • электрон тижоратга нисбатан давлат органлари томонидан асосланмаган турли чекловлар қўйилишига йўл қўймаслик лозим;
  • давлат ҳокимияти электрон тижорат жараёнига, ушбу соҳа субъектларини қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқ базасини такомиллаштириш мақсадида аралашиши мумкин;
  • электрон тижоратни бошқариш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда давлат ҳокимияти интернетнинг ўзига хосликларини инобатга олиши лозим;
  • электрон тижорат жараёни маъмурий-ҳудудий бўлиниш ва давлат чегараларига боғлиқ бўлмаган равишда глобал кўламда содир бўлиши мумкин.

Статистика

Интернетнинг жадал ривожланиши ва абонентлари сонининг кескин ўсиши анъанавий бозорларни онлайн тижорат ёки электрон тижорат деб аталадиган ноанъанавий бозорга ўзгартирмоқда. Ҳозирда истеъмолчилар ва тадбиркорлар учун барча сегментдаги маҳсулот ва хизматларни қамраб оладиган жаҳон электрон тижорат бозорларида арзон ва қулай усулда сотиб олиш ва сотиш иконияти пайдо бўлди.

Statista GmbH компаниясининг интернетдаги нашрига кўра, электрон чакана савдо ҳажми 2017 йилдаги 2,3 триллион АҚШ долларидан 2021 йилда 4,48 триллион АҚШ долларига кўтарилиши кутилмоқда.

2017 йилда Business.com Media, Inc. компанияси эса дунёнинг 10та энг йирик электрон тижорат бозорларини аниқлади ва уларнинг йиллик онлайн савдо ҳажми қуйидаги рақамларни ташкил этди: Хитой – 672 миллиард АҚШ доллари, АҚШ – 340 миллиард, Буюк Британия – 99 миллиард, Япония – 79 миллиард, Германия – 73 миллиард, Франция – 43 миллиард, Жанубий Корея – 37 миллиард, Канада – 30 миллиард, Россия – 20 миллиард, Бразилия – 19 миллиард АҚШ доллари.

The 2015 Global Retail E-Commerce Index маълумотига кўра, 2015 йили АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Япония, Германия жаҳон рейтингида кучли бешликдан жой олган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда жами интернетдан фойдаланувчилар ва мобил алоқа абонентлари сони кўплиги мамлакатимизда электрон тижоратни фаол ривожлантириш учун катта туртки бўлади. «Ахборотлаштириш тўғрисида», «Электрон тўловлар тўғрисида», «Электрон рақамли имзо тўғрисида», «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунлар электрон тижорат тизими фаолият юритиш учун қонуний асос бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, 2016-2018 йилда Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш концепцияси электрон тижоратни янада ривожлантиришнинг, рақобатга бўлган муҳитни кенгайтириш ҳамда электрон тижорат соҳасида янги инфратузилма пайдо бўлишининг асосий йўналишларини белгилайди.

Шаҳбоз АЛИМОВ, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази мутахассиси

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг