Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Электрон ҳукумат, интернет ва телекоммуникациялар... АКТ вазирлиги ҳисобот берди

Электрон ҳукумат, интернет ва телекоммуникациялар... АКТ вазирлиги ҳисобот берди

Фото: Xabar.uz

Бугун, 11 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» матбуот анжумани ўтказилди.

Унда мамлакатимизда замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, электрон давлат хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш, давлат органлари ва аҳоли ўртасида янги мулоқот механизмларини жорий этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

– Президентимизнинг 2020 йил 28 апрелдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, АКТ вазирлигида рақамли иқтисодиёт билан шуғулланадиган яхлит тизим яратилди – дейди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳматов. – «Электрон ҳукумат», иқтисодиёт тармоқлари ва қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, IT-Паркларни ташкил этиш ва бошқариш каби вазифалар тўлиқ вазирлик ваколатига ўтди. 2020-2022 йилларда жами 268 та лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш доирасида 104 та, иқтисодиётнинг реал секторида 87 та, телекоммуникациялар борасида 35 та, аграр соҳада 2-4 та, IT-Парклар бўйича 18 та лойиҳаларнинг амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, вазирлик олдига давлат идоралари маълумотлар базасини таснифлаб, уларни идоралараро интеграцион платформага улаш, электрон ҳамкорликнинг ягона технологик талабларини жорий этиш вазифаси қўйилган.

Юртимизда рақамлаштиришни жадаллаштириш, ҳудудларда рақамли тафовутни бартараф этиш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулай давлат хизматларини кўрсатиш мақсадида Ўзбекистан Республикаси Президенти «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонни имзолаган.

Ушбу муҳим ҳужжатга кўра, 2020-2022 йилларда ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш доирасида, аҳоли пунктларини интернет тармоғига, жумладан, кенг полосали уланиш портларини 2,5 миллионгача кўпайтириш, 20 минг километр оптик толали алоқа линияларини қуриш ва мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш орқали кенг полосали мобил алоқа қамрови даражасини 95 фоизга етказиш белгиланди.

Caption

Вазирлик вакилларининг таъкидлашича, бугун халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 Гбит/с.ни ташкил этмоқда.

Оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36,1 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с.га 45,0 минг сумни (4,3 долл.) ташкил этади.

Интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 22.1 миллиондан ошиб, шундан 19 миллиони мобил интернетни ишлатувчилар ҳисобланади.

Магистрал транспорт телекоммуникация тармоғини янада ривожлантириш бўйича 2 та лойиҳа якунланди. Эндиликда республика бўйлаб 237 та объектга қурилмалар ўрнатилади.

Эътиборлиси, мобил алоқа тармоғини ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 11 ойида 4,5 мингта таянч станциялари қурилиб, ишга туширилган, 3 мингта станция модернизация қилинган. Натижада республика аҳоли масканларининг мобил алоқа қамрови даражаси 97 фоизга, мобил интернет тармоғига уланиш 87 фоизга етказилган.

Шунингдек, 5 Петабайт сиғимга эга Маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази ишга туширилган.

Бундан ташқари, жорий йилда Жиззах эркин иқтисодий зонасида оптик толали алоқа кабелларини ишлаб чиқариш бўйича янги корхона ҳам иш бошлади.

Ижтимоий соҳа объектларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани маълум қилинди.

Республикада 10 154 та умумтаълим мактаблари, 5 781 та мактабгача таълим ташкилотлари ва 3 527 та соғлиқни сақлаш объектлари мавжуд бўлиб, жорий йил 1 декабр ҳолатига 7 150 та (70%) халқ таълими, 4 581 та (80%) мактабгача таълим ташкилотлари ва 2 747 та (78%) соғлиқни сақлаш объектларига жами 12 867 километр оптик толали алоқа линиялари ташкил этилиб, юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш имконияти яратилган.

Жорий йил якунига қадар мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш объектларининг 100 фоиз тезкор интернет тармоғига уланишини таъминлаш режалаштирилган.

Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш йўналишига 2021 йилда 386,5 миллион доллар миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилинади. Шундан мобил алоқа операторлари тармоқларини ривожлантириш учун 136,9 миллион долларга тенг лойиҳалар амалга оширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг