Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Электрон ҳукумат маркази бир йиллик фаолиятини сарҳисоб қилди (видео)

Электрон ҳукумат маркази бир йиллик фаолиятини сарҳисоб қилди (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон жадал суръатларда ривожланаётган мамлакат бўлиб, 35 млн.дан зиёд аҳолисининг 22,5 млн.дан ортиғи интернет фойдаланувчилари ҳисобланади.

Бугун илғор ахборот технологиялари туфайли аҳоли, бизнес ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларда қулайликлар яратиш, бошқарувда адолату шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупциянинг олдини олишда энг яхши кўмакчи бу электрон ҳукуматдир.

2020 йил 28 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказини ташкил этиш вазифаси белгиланган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 июндаги 409-сон қарори асосида Марказ фаолияти йўлга қўйилди.

Шу билан бирга давлат раҳбари томонидан электрон ҳукумат соҳасидаги муҳим ҳужжат – «Рақамли Ўзбекистон – 2030» Стратегияси тасдиқланди.

Марказнинг бир йиллик фаолияти муносабати билан электрон ҳукумат доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоби жамланди. Қуйида улар билан қисқа факт ва аниқ рақамларда танишишингиз мумкин.  

Электрон ҳукуматнинг Идоралараро интеграция платформаси такомиллаштирилиб, давлат органларининг 120 дан ортиқ ахборот тизимлари ва хизматлари ўртасида ойига ўртача 100 миллиондан зиёд ахборот алмашинуви амалга оширилмоқда. Ушбу кўрсаткичлар 2020 йилга нисбатан 2 баравар, 2019 йилга нисбатан эса 7 баравар кўпдир.
Бу жараёнлар инсон омилини камайтириб, коррупцияни йўқотишга, адолат ва шаффофликни таъминлашга кўмаклашади.

Барча ахборот тизимлари ва электрон давлат хизматларига кириш «калити» саналган OneID (ягона идентификация тизими) эса 1 миллиондан зиёд рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга 70 дан ортиқ ахборот тизимларига кириш имконини бермоқда.  Фойдаланувчиларнинг рўйхатдан ўтиши янада содда ва қулай бўлиши учун 2020 йилда тизимнинг янги талқини ишга туширилди.

Давлат хизматларидан фойдаланишнинг ягона нуқтаси бўлган Ягона интерактив давлат хизматлари портали электрон ҳукумат инфратузилмасининг муҳим ташкилий қисмидир. Бугун портал орқали аҳолига 260дан зиёд электрон хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Жорий йил бошидан 2 миллиондан ортиқ аризалар қабул қилинган бўлиб, бу нафақат вақт, балки молиявий харажатларни ҳам тежамоқда.

Электрон ҳукуматнинг Ахборот тизимлари ва ресурслари ягона реестри орқали 29 та ташкилотнинг 93 та ахборот тизимлари лойиҳа-техник ҳужжатларини келишиш, улар бўйича хулосалар олиш жараёнлари автоматлаштирилган тарзда амалга оширилган.

Яна бир муҳим лойиҳалардан бири Маълумотномалар ва классификаторлар регистри ҳисобланади. Ҳозирда тизим орқали 41 та классификаторни алоҳида веб-сервис орқали интеграция қилиб, онлайн юклаб олиш ҳамда масъул давлат идоралари томонидан янгилаб бориш имконияти мавжуд.

Электрон ҳукуматнинг Ягона биллинг тизими орқали йил бошидан бери умумий қиймати 974 миллион сўмлик 8,4 миллиондан ортиқ транзакциялар амалга оширилди. Ушбу тизим давлат божлари ва йиғимларининг тўлов ҳужжатларини шакллантириш, тўловлар шаффофлигини ошириш имконини беради. 2021 йилда Ягона биллинг тизимининг янги талқини ишга туширилди.

Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталига (data.gov.uz) 149 та давлат идоралари томонидан 20 та соҳа бўйича 11 мингдан ортиқ маълумотлар тўплами жойлаштирилган. Улар қулай иловалар, ижтимоий ва тижорат хизматларини яратишда муҳимдир. Соҳани янада ривожлантириш мақсадида порталнинг янги талқини ишлаб чиқилиб, синов тариқасида ишга туширилди (data.egov.uz).

Рақамли ривожланиш даражаси рейтингини шакллантириш бўйича Nis.uz ахборот тизими ёрдамида 107 та давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳудудларидаги 203 та туман ва шаҳарларнинг рақамли трансформация даражаси кўрсаткичлари – «яшил», «сариқ», «қизил» тоифаларга ажратилди.

Давлат хизматларини кўрсатишда адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида бугун иқтисодиётнинг барча тармоқларига, давлат муассасаларига рақамли технологиялар фаол равишда жорий этилмоқда.

Жумладан, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимини жорий этиш натижасида ижтимоий нафақа тайинлашда 11 турдан ортиқ турли ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилиш бекор қилиниб, 1,2 миллиондан зиёд оилаларга ижтимоий нафақа бўйича моддий ёрдам пули автоматлаштирилган тарзда ажратилди.

Танланма статистик кузатувларни планшет қурилмалар ёрдамида ўтказиш ҳисобига уларнинг самарадорлиги ва ишончлилиги оширилди, қоғоз сарфидан тўлиқ воз кечилди ҳамда маълумотларни тўплаш вақти 2 баробарга ва уларни ахборот тизимига киритиш, қайта ишлаш муддати 5-10 баробарга қисқартирилди.

Электрон солиқ хизматлари порталида (my.soliq.uz) 50 дан зиёд электрон хизматлар жорий қилиниб, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали 12 турдаги ҳужжат ва 27 хил ҳисобот электрон шаклда юборилмоқда ва солиқлар электрон тўланмоқда.

«Яширин иқтисодиёт»га қарши курашишда муҳим ютуқ ҳисобланган онлайн назорат касса машиналари ва виртуал кассалардан 100 мингдан зиёд тадбиркорлар фойдаланишмоқда.

«Рақамли божхона» лойиҳаси доирасида 6 та янги ахборот тизими ва 13 та электрон давлат хизматлари жорий этилди. Юкларни божхона декларациясидан ўтказиш вақти 2 соатдан 5 дақиқага камайтирилди.

Республика божхона постларига 7 мингдан зиёд назорат-ўлчов мосламалари ўрнатилиши ҳисобига 2-3 кунгача давом этадиган божхона текширувлари вақтини 10-15 дақиқагача қисқартиришга муваффақ бўлинди.

«Тез тиббий ёрдам» тизими туфайли бугун чақирувдан шифокорларнинг етиб келишигача бўлган вақт 2 баравар қисқарди.

Авваллари мурожаат махсус гуруҳга 30 дақиқада етказилган бўлса, ҳозирда ушбу кўрсаткич 1 дақиқани ташкил этмоқда.

Тизимда йўлга қўйилган GPS навигаторлар ёрдамида тез ёрдам машиналари оптимал маршрутини автоматик аниқлаш, вақт ва инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали аҳолига хизмат кўрсатиш сифати оширилмоқда.

«Электрон кундалик» тизими ҳар чоракда ўқитувчиларнинг 20 соатгача вақтини тежамоқда. Шунингдек, қоғоз кўринишидаги кундалик ва журналларнинг бекор этилиши ҳисобига йилига 100 миллион долларгача бюджет маблағлари иқтисод қилиниши назарда тутилган. Тизим орқали ота-оналар фарзандининг ютуқ ва қизиқишларини назорат қилиши ва таълим жараёнида фаол иштирок этиши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар ахборот тизими (E-ma’muriy ish) 50дан зиёд ваколатли органлар ахборот тизимлари билан интеграция қилиниб, маъмурий баённома бланкасини харид қилиш учун йилига ўртача 3,5 млрд. сўм, материалларни судга тақдим этишга транспорт харажатлари учун йилига ўртача 11 млрд. сўм, ваколатли орган ходимларини судга бориб-келиш вақти сарфламаслиги ҳисобига йилига ўртача 13 млрд. сўмнинг тежалишига эришилди.

«E-XSUD» тизими орқали судлар фаолиятини рақамлаштириш ҳисобига судялар ва суд ходимларининг иш вақти 7 бараваргача қисқаришига ҳамда қоғоз сарфининг иқтисод қилиниши ҳисобига давлат бюджетидан йилига 10,5 млрд. сўмдан ортиқ маблағ тежаб қолинишига эришилди.

Суд мажлисларини видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиш ҳисобига давлат бюджетидан 4,1 млрд. сўм, фуқароларнинг 16,6 млрд. сўм миқдоридаги маблағлари тежалишига эришилди.

Олий суднинг Интерактив хизматлар портали (my.sud.uz) орқали 12 турдаги электрон хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилиб, фуқаролар ва тадбиркорларга низоларни суд биносига ташриф буюрмай масофадан ҳал этиш имконияти яратилди.

«Шаффоф қурилиш» ахборот тизими ишга туширилиб, қурилишга рухсат олиш, тендер ғолибларини танлаш жараёнлари автоматлаштирилмоқда. Тизим доирасида жорий қилинган тендер платформаси ёрдамида умумий қиймати 6,5 трлн. сўмлик 2,5 мингдан зиёд (2568) лотлар эълон қилиниб, унда олти мингдан зиёд (6090) қурувчи ташкилотлар қатнашди. Тендер жараёнида бир ярим мингдан (1536) зиёд лотлар (60 фоизи) бўйича ғолиблар аниқланди ва бошланғич қийматнинг 8,23 фоизи ёки
527,5 млрд. сўм маблағ давлат бюджетига иқтисод қилинди. 

Навоий кон-металлургия комбинатида 30-тегирмон блокида автоматлашган бошқарув тизими жорий этилиши туфайли тегирмон унумдорлиги 10 фоизга ошди.

Бошқа саноат блокларида тегирмон блокларининг тўхтаб қолиш вақти 3 фоизга қисқарди ҳамда фавқулодда тўхтаб қолиш вақтида унумдорликни 10 фоизга ошириш ва қувват сарфини 4 фоизга камайтиришга эришилди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолиятида технологик ҳамда хизмат транспорти воситаларида GPS назорат тизимининг жорий этилиши ҳисобига «Ёшлик-1» ва «Қолмаққир» конларида ишга туширилган транспорт техникаси томонидан 14 минг тонна дизель ёқилғи-мойлаш материаллари тежалишига ва бунинг натижасида 85 млрд. сўмлик харажатлар иқтисод қилинишига эришилди.

Рақамлаштириш жараёнида тижорат компаниялари, хусусий сектор вакиллари ҳам фаол иштирок этишмоқда, жумладан:

«Капиталбанк» акциядорлик тижорат банкининг «Apelsin» мобил иловаси (www.apelsin.digital универсал тўлов тизими) 2020 йилда анча оммалашиб, аҳоли учун маҳаллий ва халқаро тўлов тизимлари ўртасида конверсация, пулни қайтариш тизими, ўз онлайн ҳамёни ва бошқа қулайликларни яратди. Илованинг 1 миллиондан (Play market) ортиқ юклаб олингани ҳамда фойдаланувчилар томонидан юқори баҳоланиши (5 баллдан Play market’да 4.7, App store’да 4,8 балл) истеъмолчилар ишончини қозонганидан далолатдир.

«INSPIRED» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасининг «Payme» мобиль иловаси ҳам аҳоли ўртасида энг оммалашган (1 миллиондан зиёд юклаб олинган) тўлов ва пул ўтказмаларини амалга оширувчи кўп функционал тўлов тизими ҳисобланади.

Мобиль илова 37 мингдан зиёд фойдаланувчилар томонидан баҳоланган бўлиб, уларнинг 90 фоизи максимал 5 балл баҳо қўйиб, юқори ишонч билдиришган.

Бугун юртимизда электрон ҳукуматни ривожлантириш йўлида: янада қулай бўлган мобил, транзакцион ва эҳтиёж юқори бўлган давлат хизматларини жорий этиш, сунъий интеллектни қўллаш орқали «ақлли» шаҳарларни ривожлантириш, фуқаролар ва давлат органлари ўртасидаги маълумотлар алмашинувида «адолат кўпригини» яратиш каби бир қатор истиқболли мақсадлар мужассам.

Электрон ҳукумат – бу сизу биз қураётган шаффоф келажак!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг