Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ишла қале Телеграм?». Инсониятни ғорга етакловчи тақиқлар ҳақида

«Ишла қале Телеграм?». Инсониятни ғорга етакловчи тақиқлар ҳақида

Фото: «nevnov.ru»

Бир куни телевизорда бир қиз (баъзилар шу ўринда «зулфиячи» сифатини ишлатишни яхши кўради, аммо менга бундай умумлаштириш ёқмайди, шунинг учун яна таъкид билан айтаман: у мен учун — бир қиз) бугунги кундаги турли ижтимоий тармоқлар, мессенжерларнинг зарарлари ҳақида гапирар экан, бир қизиқ фикр айтди. Қайсидир иштирокчи телеграм орқали Лондонда ўқиётган дўсти билан гаплашиш осон бўлаётгани, керак бўлганда, видеоқўнғироқ ҳам қилиб, уни кўриб турган ҳолда (зўр-а, бир пайтлар фантастик фильмларда бўларди, қарияпмиз) суҳбатлашишнинг имкони борлигини айтганди. У қиз:

— Нега, ундан кўра, ота-оналаримиздек мактуб орқали гаплашиш яхши-ку?

— Қанақасига? Интернетда тезлик бор, маълум сонияда фикрим етиб боради. Мактубни қанча кутиш керак?

— Аммо мактубнинг ўзгача завқи бор, уни қўлингизга оласиз, ҳидлайсиз.. фалон пистон... (уёғи эсимда йўқ).

Хуллас, олий маълумотли ўша қиз 21-асрда туриб, шу фикрларни айтаётганди. Ҳа, мактубни фақат конверт ичида бўлади, деб ўйлайдиганлар, китоб, газета, умуман маърифат фақат қоғозда бўлади, деб ишонадиганлар ҳали ҳам бор. Ёш авлод ичида ҳам.

Буни эслаганимнинг сабаби, бугун Россияда Телеграм мессенжерини тақиқлашди.

Москванинг Таганский туман суди «Роскомнадзор»нинг Telegram мессенжерини блоклаш ҳақидаги талабини қаноатлантирди. 

Россия ҳукумати Телеграмда тарқатилаётган маълумотларда экстремизм, терроризм каби ғояларга эга бўлиши мумкинлиги, улар Россияга ва барча фуқароларга, хусусан мессенжер фойдаланувчиларига хавф туғдириши мумкинлигини иддао қилди ва ушбу тармоқ эгаси Павел Дуровдан фойдаланувчиларга тегишли маълумотларни аниқлаш, ўзаро суҳбатларни керак бўлганда олиш мумкин бўлган тизимни назорат органларига беришни талаб қилди. Уларнинг айтишича, Россияда уюштирилган баъзи терактларда жиноятчилар ўзаро алоқа қилиш учун айнан телеграмдан фойдаланишган. Сервис федерал хавфсизлик хизматига фойдаланувчиларнинг ёзишмаларини расшифровка қилиш имконини берувчи калитларни тақдим этмади. Бугун бўлиб ўтган судда Телеграм ахборот тарқатишни ташкиллаштирувчилар махсус хизматлар билан ҳамкорлик қилиши шартлиги белгилаб қўйилган «Ахборот тўғрисида»ги қонунни бузишда айбланди.

У қандай мессенжер, унинг қандай қулайликлари бор тушунтириб ўтирмайман, шунчаки, яна бир қизиқ воқеа: сал олдинроқ, техник сабаблар туфайли бутун дунёда, хусусан Ўзбекистонда ҳам телеграм бир неча соат ишламай қолди.  Ўшанда баъзи инсонларнинг муносабати, умуман пайдо бўлган бир кайфият ҳайрон қолдирди:

 — Қани бекорчилар, телеграм ишламай қолдими, энди ишланглар...

 — Ана энди, тўртта нон олиб ота-онангизни кўриб келишингиз мумкин...

 — Қизлар билан гаплашаётганлар энди нима қилади?.. ва ҳоказо.

Эътибор беринг, кўпчилик телеграм деганда асосан бекорчилар бир-бири билан валақлашиб ўтирадиган тармоқни тушунар экан. Аслида, телеграмнинг имкониятлари кўп. Масалан, масофадан туриб тадбиркорлик ишларини ҳал қилиш мумкин, турли ҳужжатларни, файлларни юбориш мумкин, баъзи фойдали гуруҳларга кириб ҳар қандай масалада консультация олиш мумкин. Мен масалан, ёзган мақолаларимни телеграмдан жўнатаман, бухгалтерлик ишимда ҳужжатларни (масалан ўша куни «Болалар спортини ривожлантириш учун ўтказган ҳомийлик маблағи»нинг тўлангани ҳақидаги маълумотни солиқчининг телеграмига ташлаб бергандим) жўнатиш, қабул қилиш учун жуда қулай. Яъни, ишга машинада ёки автобусда борасиз-ку, шу каби бу ҳам восита. Воситанинг бир тури. Ишни қулайлаштирувчи, маълумот етказишни тезлаштирувчи ёрдамчи. Шу холос.

Яъни мессенжернинг йўқолиши фақат валақлашиб ўтирадиганлар учун эмас, барча соҳалардаги коммуникацияни узиб қўяди. Кимдир телеграм ёки ижтимоий тармоқлар фақат бўш вақтни ўтказадиган кўнгилочар жой деб ўйласа, унинг муаммосидир.

Энди тасаввур қилинг, худо кўрсатмасин, агар бизда ҳам телеграм бир муддат ишламай қолса, ёшларнинг бўш вақтини унумли сарфлашлари учун имконият пайдо бўлди, ўзи йигит-қизларни бузаётганди, менталитетимизга тўғри келмайдиган турли телеграм каналлар бор эди, яхши бўлибди дейдиган «маънавиятчилар» ҳам, «мактуб ёзинг, ҳиди бор» дейдиган «ўша қизлар» ҳам қаршимизга чиқади, ишонаверинг. Телеграм ёки интернет бўлмаса, ҳамма тўртта нон олиб бир-бирини кўргани боради, деб олқишлайдиганлар бўлади, афсуски...

Бир нарсани тўғри тушуниб олишимиз керак  — интернет душман эмас, воситадир. Яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам қулайлаштирадиган бир восита. Агар ҳар қандай восита бир жамиятда кўпроқ ёмонликни тарқатса, демак ўша ерда ёмонлик кўпроқ.

Пичоқ каби. Пичоқ билан қовун сўйиш мумкин, у билан одам ўлдириш ҳам мумкин. Пичоқни тақиқласак, одамни тош билан уриб ўлдиришади. Қовунни ҳам тош билан уриб ёриб, кейин ейишади.

Шунақа. Цивилизация тақиқланган сари, одам ғорга қараб қайтаверади.

Қаҳрамон Асланов
«К
un.uz»дан олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг