Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мобиль алоқа ва хавфсизлик

Мобиль алоқа ва хавфсизлик

Фото: «Newsline»

Мобиль телефон ҳаётимиз, фаолиятимизнинг ажралмас қисмига айланди. Усиз келажагимизни тасаввур ҳам қила олмаймиз. Аммо интернет шиддат билан ривожланаётган бир даврда глобал тармоқ ва бошқа йўллар орқали хавф солиши мумкин бўлган турли хуружлар мобиль алоқани ҳам четлаб ўтмайдики, бугун айнан мобиль телефон ва ундаги маълумотларга йўналтирилган хатарлар ва улардан ҳимояланишга тўхталамиз.

Қандай тузилган ва ишлайди?

Мобиль алоқа тизимлари хизмат кўрсатадиган ҳудудни қамраб оладиган ячейкалар (соталар) кўринишида яратилади. Ҳар бир ячейканинг марказида ўз ячейкаси доирасида барча мобиль станцияларга хизмат кўрсатувчи база станцияси жойлашади. Абонентнинг ҳаракатланишида тизимнинг ячейкалари орасида битта база станциядан бошқасига хизмат кўрсатишни узатиш – эстафетали узатиш (handover) амалга оширилади.

Барча база станциялари ажратилган симли ёки радиореле алоқа каналлари орқали мобиль алоқасининг коммутация маркази билан уланган. Мобиль алоқа тизимларининг ўлчамлари катта бўлган ҳолда уларда қўшимча коммутация марказлари жойлаштирилиши мумкин. Коммутация марказидан умумий фойдаланишдаги телефон тармоғига чиқиш мавжуд, у орқали мобиль алоқа тизими билан ўзаро ҳаракат амалга оширилади. Абонент бошқа мобиль алоқа тизими ҳудудига ўтганида унга хизмат кўрсатиш битта мобиль алоқа тизимидан бошқасига ўтказилади, яъни роуминг амалга оширилади. 

Нималар ҳимояланади?

Мобиль алоқа тизимларини ҳимоялашдан асосий мақсадлар қуйидагилар:

  • мобиль алоқа тизимлари барча бўғинларининг (тинчлик пайти, алоҳида ва фавқулодда вазиятларда) ахборот хавфсизлигини ташқи хавфлардан ҳимоялаш;
  • шахс, жамият ва давлатнинг мобиль алоқа тизимларида айланадиган маълумотлари махфийлигини сақлашга оид ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш;

Мақсадларга асосланган ҳолда мобиль алоқа тизимларида маълумотларни ҳимоя қилиш вазифалари шакллантирилади:

  • ахборот хавфсизлигининг ички ва ташқи хавфларини аниқлаш ва башорат қилиш, уларнинг олдини олиш ва бартараф қилиш бўйича иқтисодий асосланган чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • республика миқёсида мобиль алоқа тизимларида маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ягона сиёсатни шакллантириш;
  • мобиль алоқа тизимларида маълумотларни ҳимоя қилишда қўлланадиган усуллар ва воситаларни такомиллаштириш ва стандартлаштириш;

маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятни давлат бошқаруви (лицензиялаш) механизмини яратиш ва амалга ошириш ҳамда мобиль алоқа тизимларини сертификациялаш тизимининг ва уларнинг таркибига кирувчи ҳимояланган техник воситалар, маълумотларни ҳимоялаш воситалари ҳамда қўлланиладиган ҳимоя чоралари самарадорлигини назорат қилиш воситаларининг фаолият юритишини таъминлаш.

Ҳар бир алоҳида мобиль алоқа тизимидаги маълумотларни ҳимоя қилиш тизими ҳамда унинг тузилиши ва амалга оширилишига ёндашув индивидуал ҳисобланади. Бироқ ҳар бир ҳолатда мобиль алоқа тизимидаги маълумотларни самарали комплекс ҳимоясини яратиш учун қуйидагилар зарур:

  • Ҳимояга муҳтож маълумотларнинг заифлигига таъсир кўратувчи барча омилларни аниқлаш, яъни мобиль алоқа тизимига бўлган хавфлар моделини қуриш ва чиқиб кетиш каналларини аниқлаш.
  • Хавфларни аниқлашга қаратилган маълумотларни ҳимоя қилиш усулларини асослаш.
  • Эҳтимолли маълумотлар чиқиб кетишидан бўлган зарарни минималлаштиришга асосланган мобиль алоқа тизимидаги маълумотларни ҳимоя қилиш вазифаларининг сифатли ечимини таъминловчи комплекс тизимни яратиш.

Маълумотларни тақдим қилиш турлари ва чиқиб кетиш эҳтимолли каналлари

Мобиль алоқа тизимида махфий маълумотлар муаммоси ечими мураккаблигининг асосий сабабларидан бири ушбу тизимларда унинг жисмоний турлари кўплигидир, бу эҳтимолли чиқиб кетиш каналлари мавжуд бўлишини олдиндан башорат қилади ва шу билан жисмоний ҳамда функционал жиҳатдан ҳимоя тизимининг кенг қамровли ҳимоясини ташкил қилишни тақозо этади.

Шундай қилиб, идоравий тасарруфда бўлган замонавий автоматлаштирилган мобиль алоқа тизимларида маълумот нутқ кўринишида, матн кўринишида ёки қоғоздаги график тасвирларда, фото ва киноплёнкада, проекцион экранларда, шу жумладан, компютер мониторларида ва бошқа кўринишларда айланиши мумкин.

Алоқа каналлари бўйича мобиль алоқа тизимларининг объектлари орасида айланаётган маълумотларни ўғирлаш ҳолатлари ҳам радиоканаллар линиялари орқали, ҳам симли линиялар орқали узатилаётганда юз бериши мумкин.

Мобиль алоқа тизимларининг объектларидаги маълумотлар чиқиб кетиш каналларининг барчаси учта асосий тоифага ажратилади:

- акустик каналлар;

- оптик каналлар;

- техник воситаларнинг чиқиб кетиш каналлари.

Мобиль алоқа тизимининг объектларида маълумотлар чиқиб кетишининг асосий каналлари жисмоний майдонлар ҳисобга олинган ҳолда кўриб чиқилади:    

  • акустик канал бўйича чиқиб кетиши;
  • виброакустик канал бўйича чиқиб кетиши;
  • шифрловчи ва дешифрловчи ускуналарга эга бўлмаган симли ва радиоалоқа каналлари бўйича чиқиб кетиши;
  • электромагнит каналлари бўйича чиқиб кетиши;
  • электр энергиянинг истеъмоли бир маромли бўлмаганлиги ҳисобига асосий техник воситалари электр таъминотининг иккиламчи манбалари орқали чиқиб кетиши;
  • электрик, магнитли ва акустик майдонлар хавфли сигналининг ёрдамчи техник воситаларга таъсир кўрсатиши натижасида чиқиб кетиши;
  • ерга уланган сим занжирларидаги хавфли сигналнинг электр энергияси ҳисобига чиқиб кетиши;
  • махфий маълумотлар узатиладиган занжирлар орасидаги ўзаро таъсир ва объект хавфсизлиги ҳудудидан ташқарига чиқишга эга бўлган ёрдамчи техник воситаларнинг занжирлари орасидаги ўзаро таъсир ҳисобига чиқиб кетиши;
  • асосий техник воситалар билан шакллантирилган қурилмаларнинг электромагнит нурланишлари ҳисобига маълумотларнинг чиқиб кетиши.

Хулоса

Мобиль алоқа тизимларидаги ахборот хавфсизлигининг муаммолари кўриб чиқилгандан ва таҳлил қилингандан сўнг қуйидаги хулосалар чиқарилди:

  1. Ҳар қандай ахборот тизими, мобиль алоқа тармоқлари ахборот хавфсизлигини бузувчиларининг ҳужумлари остида қолиши мумкин, ушбу ҳужумлар тармоқ ахборот соҳасига хос бўлган хавф ва заифликларни амалга оширади.
  2. Ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий базанинг таҳлили бугунги кунда алоқа опреаторларини ҳам ўзларининг, ҳам уларга ишонч билдирган фойдаланувчилар ахборот ресурсларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбурият юклайдиган ҳужжат билан расмийлаштирилган талаблар мавжудлигини кўрсатди. Бироқ мобиль алоқа тизимларида маълумотларни ҳимоя қилишни ташкил қилиш билан боғлиқ бўлган барча масалалар ҳам етарли даражада меъёрланмаган.
  3. Юқорида келтирилган талабларни бажариш учун мобиль алоқа тизимларини лойиҳалаштириш ва қуриш босқичидан бошлаб, маълумотларни ҳимоя қилиш тизимини яратишга киришиш зарур, унинг қўлланиши, мобиль алоқалар тармоқлари, операторлар ва давлатнинг хизматларидан фойдаланувчиларнинг турли гуруҳлари ахборот хавфсизлигини таъминлашда манфаатларни ҳисобга олиш имконини беради.
  4. Белгиланган мақсадга эришишнинг асосий тамойилларидан бири — ахборот хавфсизлиги базавий босқичи механизмининг амалга оширилиши ва қўлланилиши ҳамда ахборот хавфсизлиги даражасини оширишга имкон берувчи хусусиятга эга маълумотларни ҳимоя қилиш тизимини ташкил қилиш зарур ва мажбурий ҳисобланади.

Шоҳрух РАҲМАТ,
Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази департаменти бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг