Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«ЎзМобайл» GSM бозоридаги тўрт йиллигини нишонлади (фото)

«ЎзМобайл» GSM бозоридаги тўрт йиллигини нишонлади (фото)

Фото: Иброҳим Душанов

2015 йилнинг 15 апрелида «ЎзМобайл» GSM стандартидаги тармоғини тижорий фойдаланишга топширган эди. Орадан тўрт йил ўтди. Бугун, 18 апрель куни Тошкентда ўтказган матбуот анжуманида журналистларга ўтган йилларда компания томонидан бажарилган ишлар ва 2019 йил режалари ҳақида маълумот берилди.

Бугунги кунда компания икки тармоқ — UZMOBILE CDMA-450 ҳамда UZMOBILE GSM тармоқларини ривожлантиришда давом этмоқда.

«Ўзбектелеком» АК тижорат директори в.в.б. Алишер Зуфаров:

«Биз Ўзбекистонда GSM стандарти юқори рақобатли бозорга охири бўлиб кирдик. Бу осон кечмади. Шу қисқа вақт мобайнида биз нафақат донгдор ва кучли операторлар билан рақобатлаша олишимизни, балки замонавий, юқори тезликка эга кенг UZMOBILE GSM тармоғини қуришга қодир эканимизни исботлай олдик. Техник имкониятларимиз бизга бугунги кунда энг инновацион хизматлар ва юқори сифатли арзон тарифларни тақдим этиш имконини берди.

Ҳозир мобил алоқа бозорининг интернет йўналишида аҳоли учун ҳам, корпоратив мижозлар учун ҳам турли-туман ва фойдали тарифларни тақдим этяпмиз. Масалан, интернет-пакетлар бўйича тариф режаларимиз — бугунги кунда бозорда энг яхшисидир».

CDMA дан — Миллий алоқа операторигача

Журналистлар билан учрашувда «Ўзбектелеком» АК «ЎзМобайл» филиалининг тарихи ҳақида ҳам сўз борди. Эслайдиган бўлсак, 2004 йилдан бошлаб, Ўзбекистоннинг етиб бориш қийин чекка ҳудудларига симсиз алоқани таъминлаш учун CDMA-450 стандартида тармоқ қурилганди. Орадан ўн йил ўтиб, 2014 йили, ҳукумат қарорига мувофиқ, филиал Ўзбекистон Миллий алоқа оператори деб эълон қилинди ва унинг олдига бир қатор давлат вазифалари қўйилди.

UZMOBILE CDMA тармоғида 160 мингдан ортиқ фаол абонентларга, UZMOBILE GSM тармоғида 3 миллиондан ортиқ фаол абонентларга хизмат кўрсатилмоқда.

Маълум қилинишича, компания Ўзбекистоннинг барча минтақаларида тармоқларини кенгайтиришни фаол давом эттиряпти. Ҳар ҳафта ўнлаб янги база станциялари ишга туширилмоқда, интернет тармоғи тезлигини ошириш учун модернизация қилиняпти, доимий равишда барча тоифадаги абонентлар учун янги тарифлар ва хизматлар жорий этилмоқда.

UZMOBILE ташқи каналининг тезлиги айни пайтда — 30 Гбит/с. Бу абонентлар учун янада юқори тезликдаги ва арзон мобил интернет тарифлари тақдим этилади, дегани.

Компания маълумотига кўра, тарифлар нархлари интернет тезлиги ва пакетлар ҳажми ошишига тескари равишда — пасаймоқда.  масалан, пакетлар ҳажми 75 000 МБ гача оширилган ҳолатда 1 МБ нархи икки марта пасайтирилди.

Жуда фаол интернет фойдаланувчилари учун автоматик равишда янгилаб туриладиган «Интернет нон-стоп» серияли БАРЧА пакетлар гуруҳи янгиланган, ушбу пакетлардан фойдаланишнинг иккинчи ойидан бошлаб, уларнинг нархи 10 фоизгача туширилади.

Корпоратив мижозлар манфаатлари ҳам компания эътиборидан четда қолмаяпти. Масалан, аҳоли ва тадбиркорлик субектлари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, 10 апрелдан бошлаб, «HUMO GSM» махсус тариф режаси ва GSM стандартидаги корпоратив абонентлар учун «SMS пакетлар» янги хизмати жорий этилди.

UZCARD ва UZMOBILE М2М тариф режалари фойдаланувчилари учун трафик ҳажми 1 апрелдан 2,5 баробарга оширилди.

«Ўзбектелеком» АКнинг абонентлар учун «ноёб таклифлар»и ҳам бор: масалан, қуйидаги рақамларга имтиёзли «тармоқ ичидаги қўнғироқлар»ни амалга ошириш мумкин: GSM стандартидаги UZMOBILE тармоғи, CDMA-450 стандартидаги UZMOBILE тармоғи, шунингдек, «Ўзбектелеком» АК қайд этилган мутлақ рақамларга.

Матбуот анжуманида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Нукус, Навоий ва Урганч шаҳарларидаги халқаро аэропортлар биноларида UZMOBILE тармоғи ички ва ташқи мобил алоқа қамрови сифати яхшилангани ҳақида маълум қилди.

2019 йил режалари

Бу йил UZMOBILE CDMA фаол абонентлари сонини 31 фоизга (220 минг абонент), UZMOBILE GSM тармоғи фаол абонентлари сонини 36 фоизга (4,6 миллион абонент) оширмоқчи. Ўзбекистоннинг барча минтақаларида 2G/3G ва 4G технологиялари бўйича UZMOBILE тармоғини кенгайтиришда давом этмоқда. 2019 йил охиригача аҳоли масканларини UZMOBILE тармоғи билан қамраб олиш ўртача 87 (GSM) ва  90 фоизгача (CDMA) оширилади.

Компания режасига мувофиқ B2B сегменти учун комплекс ечимлар жорий этилади: қайд этилган мутлақ интернет, телефония, IPTV, мобил алоқа, мижозлар ҳудудида база станцияларини ўрнатиш ва бошқа 30 дан ортиқ турли корпоратив таклифлар.

Яратилаётган янги қулайликлар орасида сайёҳлар учун мўлжалланганлари ҳам бор, умуман олганда, бу туризм соҳасини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Барча аэропортларда, темир йўл вокзалларида, автовокзалларда, диққатга сазовор ҳамда энг гавжум ҳудудларда Wi-Fi зоналари ва хизмат кўрсатиш офисларини ривожлантириш ишлари кетмоқда.

Давлат сегментининг (B2G) ҳар бир соҳаси учун эса персонал ечимлар ва тарифлар ишлаб чиқилмоқда.

Сўнгги ва муҳим янгилик: 2019 йилда «Ўзбектелеком» АК «ЎзМобайл» филиали тармоғида 5G технологияси тестдан ўтказилиши режалаштирилган.


Тадбирда UZMOBILE GSM 3-миллионинчи абоненти ҳамда компаниянинг энг яхши ҳамкор ва дилерлари тақдирланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг