Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президентдан олтин соат олган гурланлик аёл ким билан мусобақалашмоқда? (фото)

Президентдан олтин соат олган гурланлик аёл ким билан мусобақалашмоқда? (фото)

Президент томонидан берилган олтин соат.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ишчи гуруҳи ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, тизимдаги муаммоли масалаларни жойида ҳал этиш, ходимлар билан мулоқот ўтказиш мақсадида анъанавий тарзда вилоятларга сафар уюштирмоқда. Вазирлик раҳбарияти айни вақтда ҳам Хоразм вилоятида бўлиб турибди.

Аввалроқ хабар берганимиздек, дастлаб вилоятнинг Янгибозор туманида Рақамли технологиялар ўқув маркази очилди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг Гурлан туманидаги соҳа корхона ва ташкилотлари фаолияти билан танишишди. Яқинда мазкур туманда ҳам Рақамли технологиялар ўқув маркази фойдаланишга топширилган эди. Ҳозир марказ ўқувчи ёшлар билан гавжум.

Олдинги ташриф давомида вазирлик ишчи гуруҳи раҳбари Шуҳрат Содиқов тизимдаги корхоналарга аёл раҳбарларни кўпроқ жалб этиш зарурлигини тавсия қилганди. Ҳозирда вилоятнинг Гурлан телекоммуникациялар боғламасига Муқаддас Матмуродова ва туман почта алоқаси боғламасига Нигора Ҳайитметова, Урганч шаҳар почта алоқаси боғламасига Назокат Боймуротова раҳбарлик қилиб келмоқда.

Аёл кишининг назокати, аввалло, иш жойидаги тозалигу покизаликка, ходимларнинг ўзини тутишию муомаласига ижобий таъсир ўтказади. Буни Гурлан алоқа корхоналари биносига кирибоқ сездик. Муқаддас Матмуродова раҳбарлигида корхона ҳудудидаги иссиқхонага қайта ҳаёт бағишланган. У таъмирланиб, кўчатлар парваришига алоҳида эътибор қаратилган. Кичиккина жойдан яхшигина лимон ҳосили олинмоқда экан. Шунингдек, бу ерда товуқлар ҳам парваришланиши, ходимларнинг тушлиги учун тухумлар шу ернинг ўзидан чиқиши яна бир янгилик бўлди.

— Туманимизда 44 та мактаб бор. Шундан 34 тасига оптик толали кабеллар тортилган, яқин орада қолганларига ҳам оптик линияларни етказамиз. Тумандаги 28 мингта хонадонни тўлиқ рақамлаштиришни мақсад қилганмиз. Бугун ишчи гуруҳ аъзоларига шу мақсадимизни айтдим, албатта ёрдам беришларини билдиришди, — дейди Муқаддас Матмуродова.

Муқаддас Матмуродова ёлғизликда катта бўлган. «Олдимга яхши касб эгаси бўлишни мақсад қилиб қўйгандим, мана орзуларим ушалди, — суҳбатни давом этади у. — Бу йил жудаям унутилмас йил бўлди ҳаётимда, 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамига атаб Президентимиздан олтин соатни совға сифатида олдим. Энди мендан бахтли аёл йўқ, дунёда».

Гурлан почта боғламаси раҳбари Нигора Ҳайитметова бу ерга ишга келгунча туман ҳокими ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида меҳнат қилган. Бор эътиборни почта мавқеини тиклаш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, ходимлар учун етарли шарт-шароит ва уларнинг меҳнатига яраша иш ҳақи беришни мақсад қилганини айтади. Айни пайтда у юқори турувчи ташкилот раҳбарлари олдига муаммоларни ҳал этиш учун асосли таклифлар бериб, иш ривожи учун изланмоқда экан.

Эътиборлиси, тумандаги икки корхона бир бинода фаолият кўрсатади, унинг раҳбарлари эса аёллар. Улар ҳаётда дўст, ҳамкасблар, аммо яхши натижага эришиш учун ўзаро мусобақалашмоқдалар. Омад тилаймиз!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг