Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рақамли соғлиқни сақлаш маркази тиббиёт соҳасидаги инновацион лойиҳаларини тақдим этди (фото)

Рақамли соғлиқни сақлаш маркази тиббиёт соҳасидаги инновацион лойиҳаларини тақдим этди (фото)

Фото: Саида Мирзиёева телеграм-канали

Кеча Рақамли соғлиқни сақлаш маркази тиббиёт соҳасидаги инновацион лойиҳаларини тақдим этди.

«Шу кунгача DMED ягона тизимига 33 миллион фуқаронинг электрон тиббий карталари киритиб бўлинган ва бу шифокорларнинг ишини енгиллаштириб, беморлар билан мулоқотга кўпроқ вақт ажратиш имконини бермоқда.

Шунингдек, қайси шифокорнинг қай даражада бандлиги ва тиббий жиҳозлар ҳолатини реал вақт режимида кўрсатиб турадиган, шу йўл билан ресурсларни самарали тақсимлашга кўмаклашадиган Ситуацион марказ ҳам ташкил этилди.

Юртимизда етти йилдан буён фаолият олиб бораётган «Кўнгил кўзи» лойиҳаси сунъий интеллект ёрдамида янги босқичга кўтарилгани мени айниқса қувонтирди. Эндиликда муддатидан олдин туғилган чақалоқларда ҳаётининг илк кунлариданоқ ретинопатияни аниқлаш мумкин. Бу эса минглаб гўдакларнинг кўриш қобилиятини сақлаб қолишга ёрдам беради! Янги технологиялар билан болаларда 90 фоизгача кўрлик ҳолатларининг олдини олиш мумкин бўлади. Бу — минглаб оилаларда умид туғилади, деганидир!

Шунингдек, инсульт ва кўкрак бези саратонини вақтида аниқлаш технологиялари ҳамда бошқа кўплаб янгиликлар тақдим этилди. Шубҳасиз, сунъий интеллект профессионал шифокорларнинг ўрнини босолмайди, аммо уларнинг ишончли ёрдамчисига айланиб, мутахассисларнинг вақти ва кучини тежашга хизмат қилади.

Рақамли соғлиқни сақлаш марказига тилагим битта — миллат саломатлигини асрашга ёрдам берадиган ушбу лойиҳалар муваффақиятли амалга ошиб, халқ учун манфаатли бўлсин!

Сизга ташаккур билдираман!», деб ёзди Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг