Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Телерадиоузатувчиларга махсус йўлтанламаслар топширилди (фото)

Телерадиоузатувчиларга махсус йўлтанламаслар топширилди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йилнинг 28 апрель куни Тошкент телеминорасида «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУК томонидан ҳудудий бўлинмаларга махсус автомашиналар топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ва «РРТМ» ДУК мутасадди раҳбарлари, ҳудудий марказлар вакиллари иштирок этди.

«Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУК Марказий Осиёда телерадиоэшиттириш тизимининг энг катта тармоғига эга – унинг таркибида 126 та антенна-матча иншоотлари бор. Шундан 28 таси 100 метрдан баланд. Тошкент телеминорасининг баландлиги 375 метр бўлса, Учқизил 350 метр, Гулистон, Навоий, Қўнғирот, Тахтакўпир миноралари 250 метр баландликка эга. Марказнинг асосий фаолият тури телерадиодастурларни истеъмолчиларга етказиш ҳисобланади. Бу жараёнда республикамиз минтақаларида жойлашган радиотелеузатиш марказларининг ўрни алоҳида. Телеминоралар чўл, тоғли ҳудудларда, турли баландликда жойлашган. Бу ерда хизмат қиладиганлар табиат инжиқликлари билан олишиб ишлашга, 10-15 кунлаб оиладан узоқда меҳнат қилишларига тўғри келади. Албатта, «РРТМ» ДУК уларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитлари яратиб бермоқда.

Маросимда бу ҳақда АКТ вазири Шуҳрат Содиқов ҳам тўхталиб, мана бугун меҳнатларингизни янада осонлаштириш мақсадида сизларга тоғли ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларга мўлжалланган йўлтанламас махсус автотранспорт воситалари топширилмоқда, бу техника мушкулларинингизни енгиллаштиришига, хизмат сифатини оширишга хизмат қилади, деди.

Шундан сўнг радиотелеузатиш марказлари раҳбарларига махсус автомашиналар калитлари топширилди. Йиғилганлар Тошкент телеминораси бўйлаб саёҳат қилишди. Алоҳида эътироф этиш жоиз, телеминоранинг 110 метр баландликда жойлашган «Коинот» ресторанида жуда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилган.  Бу ерга ташриф буюрувчилар, айниқса, таъби энг нозик меҳмонлар учун ҳам ўзига хос шинамлик муҳити яратилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг