Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«25 жонни ўлдирган» шаҳзодани маҳкамага тортиш талаб қилинди

«25 жонни ўлдирган» шаҳзодани маҳкамага тортиш талаб қилинди

Шаҳзода Ҳарри Афғонистондаги жангларда вертолёт учувчиси сифатида қатнашган.

Фото: PA

Буюк Британия шаҳзодаси, Сассекс герцоги Ҳаррининг ҳарбий хизмат йиллари Толибон ҳаракатининг 25 нафар аъзосини ўлдиргани ҳақидаги эътирофи Афғонистонда норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Мулла Абдулла AP агентлиги мухбири билан суҳбатда 2011 йили Ҳилманд вилоятидаги уйига Британия ҳарбийлари зарба бергани оқибатида яқинларидан айрилганини айтган.

«Биз халқаро ҳамжамиятдан ушбу шахсни маҳкамага тортиш ва товон пули ундиришни талаб қиламиз. Уйимиз, оила аъзоларимиз, бор-будимиздан мосуво бўлганмиз», – деган у.

Толибон маъмурияти вакили Абдулқаҳҳор Балхий шаҳзода Ҳаррининг сўзларини изоҳлар экан, ҳарбий коалиция бегуноҳ аҳолини ўлдириб, афғон халқи қалбида битмас жароҳат қолдирганини айтган.

Норозилик намойиши иштирокчилари шаҳзода Ҳарри ва унинг дўстлари Афғонистон вилоятларида содир этган шафқатсизликларни қоралаган.

Аввал хабар берганимиздек, 38 ёшли Ҳарри яқинда чоп этилган «Spare» («Захира») деб номланган китобида Афғонистонда хизмат қилаётган вақтида 25 кишини ўлдирганини тан олган.

Ушбу мемуар Буюк Британиянинг ўзида ҳам танқидларга сабаб бўлди. Букингем саройи китобда тилга олинган қатллар масаласида муносабат билдирмади.

Буюк Британия қироли Чарльз III нинг ўғли Ҳарри қироллик армиясида 10 йил хизмат қилган. Хусусан, у 2008 ва 2012 йилларда Афғонистондаги жангларда иштирок этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг