АҚШ Арманистон билан фуқаровий ядро дастурлари доирасида битим имзолади
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс 9 февраль куни Ереванда Арманистон ҳукумати билан фуқаровий ядровий энергетика соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Келишув АҚШ компанияларига Арманистонга ядровий технологиялар, ёқилғи ва хизматларни экспорт қилиш имконини беради. Шунингдек, америкалик компаниялар мамлакат электр энергиясининг тахминан 40 фоизини таъминлаб келаётган Арманистон атом электр станциясини кичик модулли реакторлар билан алмаштириш бўйича тендерда иштирок этиши мумкин.
Арманистоннинг «Арка» агентлиги хабар беришича, Жей Ди Вэнс икки босқичда жами 9 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб этилишини ваъда қилган. Bloomberg’га кўра, бу Арманистонга Россия ядровий энергетикасига боғлиқликдан воз кечиш имконини беради.
Вэнснинг Ереванга ташрифидан олдин Арманистон расмийлари «Росатом» раҳбарияти билан учрашган. Россия давлат корпорацияси Арманистонга «ҳар томонлама ҳамкорлик» таклиф қилгани айтилган.
Охирги йилларда Арманистон АҚШ ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни фаоллаштирмоқда. Бу Россиянинг Боку билан можаро пайтида Ереванни қўллаб-қувватламагани билан изоҳланади. 2025 йилда Арманистон парламенти мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш тўғрисида қонун қабул қилди. Шунингдек, Арманистон АҚШ билан стратегик шериклик хартиясини имзолади.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда Россияда Арманистон раҳбариятининг ташқи сиёсий йўналиши бир неча бор танқид қилинган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter