Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ генерали: Украина бу йил Россияни енгади, фақат бир шарт бор...

АҚШ генерали: Украина бу йил Россияни енгади, фақат бир шарт бор...

АҚШнинг Европадаги қўшинлари собиқ қўмондони, истеъфодаги генерал-лейтенант Бен Ҳожес DW нашрига берган интервьюсида Украинанинг Россия устидан тезкор ғалаба қозониши шартини маълум қилди.

Генералга кўра, агар Ғарб мамлакатлари Украинага ҳозирги суръатда ҳарбий кўмак кўрсатса, Россия қўшини устидан ғалаба чўзилиши мумкин.

«Ҳозирги даражада қўллаб-қувватлашда давом этсак, Украина шубҳасиз ғалаба қозонади. Аммо бунинг учун 5 йил керак бўлади ва ушбу вақт давомида кўплаб бегуноҳ инсонлар қони тўкилади», – дейди собиқ қўмондон.

Таъкидланишича, агар Ғарб Украинага қирувчи учоқларни тез фурсатда тақдим этса, жорий йилдаёқ Киевнинг қўли баланд келиши, ҳатто Донбасс ва Қримни ҳам қайтариб олиши мумкин.

Бен Ҳожеснинг фикрича, Украина учувчиларини Ғарб қирувчи самолётларини бошқаришга ўргатиш осон бўлмаслиги тайин. Аммо бу омил самолётларни тақдим этишга тўсиқ бўлмаслиги керак.

«Украина янги қирувчи учоқлар бошқарувини албатта энг моҳир учувчиларига топширади. Бу университетда барини нолдан бошлашни англатмайди», – дейди АҚШ генерали.

Ғарблик баъзи сиёсатдонлар Украинага қирувчи учоқлар берилиши «қизил чизиқ» экани, яъни бу Москва билан НАТОнинг тўғридан-тўғри тўқнашувга боришини англатишини айтмоқда. Аммо Бен Ҳожес бу нуқтаи назарга қўшилмайди. Унинг фикрича, Киевга қирувчи учоқлар берилиши HIMARS ракета мажмуаси ёки Panzerhaubitze 2000 артиллерия аслаҳасини тақдим этишдан фарқ қилмайди. Собиқ қўмондон ягона «қизил чизиқ» сифатида АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россия билан муҳораба майдонига аскар юбориши эканини уқтиради.

Қайд этилишича, Украина Қримни қайта қўлга киритмагунча тўлақонли ғалаба ҳақида гапириш мумкин эмас.

«Cуверен ҳудудлар тўлиқ тикланиши керак. Россия Қримда қолар экан, биз эътиборни сусайтиришимизни пойлаб, яна ҳужум бошлайди», – деб огоҳлантиради Б.Ҳожес.

Яқинда Германия бошлиқ Европа мамлакатлари Киевга «Леопард» танкларини топширишга розилик берган эди.

Бунинг ортидан Украина раҳбарияти НАТОдан жанговар қирувчи самолётлар сўрамоқда. Ҳозирча Польша ва Франция маъмурияти ҳарбий учоқлар етказиш имконини истисно этмаган. Айрим таҳлилчилар Ғарб мамлакатларининг бу қарорга келиши вақт масаласи экани, жорий йил иккинчи ярмида Киевга жанговар самолётлар берилиши мумкинлиги айтмоқда.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг