Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Белгия Исроилга нисбатан савдо санкцияларини қўллаш ташаббусини илгари сурди

Белгия Исроилга нисбатан савдо санкцияларини қўллаш ташаббусини илгари сурди

Фото: Anadolu Ajansı

Белгия Европа Иттифоқи муҳокамасига Исроилга нисбатан савдо санкцияларини қўллаш ташаббусини киритди. Бугун, 6 май куни Белгия бош вазири Александр де Кро шундай баёнот берди.

«Биз энди Исроилдан шунчаки савдодаги шерик сифатида фойдаланишда давом эта оламизми? Менимча, йўқ. «Биз бунга йўл қўймаймиз» деган баландпарвоз гаплар ортиқча, шунчаки бир четда туришимиз мумкин эмас», — деди у HLN телеканалига интервюсида.

Де Кро айтишича, Белгия ҳукумати бир неча ҳафта аввал Исроилга қарши санкциялар қўллаш қарорига келган. Бироқ бир давлатнинг ўзи чеклов киритса фойдасиз, савдо йўллари ўзгариб кетаверади. Шу сабабли айни пайтда муаммони ечиш имкониятлари бошқа мамлакатлар билан бирга муҳокама қилинмоқда.

«Евроиттифоқнинг Исроил билан келишувида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ шартлар бор. Биз (ЕИ дипломатияси раҳбари) Жозеп Боррелдан ушбу жиҳатини ўрганишни сўрадик», — Александр де Кродан иқтибос келтирди Le Soir нашри.

Эслатиб ўтамиз, 2 май куни Туркия савдо вазирлиги Исроил билан экспорт-импорт амалиётлари тўхтатилганини эълон қилганди. Ушбу чеклов Исроил Ғазода ўт очишни узил-кесил тўхтатса ва ҳудудга мунтазам инсонпарварлик ёрдами киритилиши йўл қўйилса бекор қилиниши айтилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг