Буюк Британияда уч ёшли бола тимсоҳлар қафасидан топилди, гумонланувчи қўлга олинди
Британия полицияси қотилликка уринишда гумон қилиб бир эркакни ҳибсга олди.
Зоопаркдаги тимсоҳлар сақланадиган жойдан уч ёшли болакай оғир аҳволда топилган. Бу ҳақда CNN агентлигига таяниб Tengrinews.kz хабар бермоқда.
Кембриджшир графлигида жойлашган зоопарк маъмуриятига уч ёшли бола билан боғлиқ мудҳиш воқеа ҳақида хабар келиб тушган. Болакай оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Ҳозирда унинг аҳволи оғир, аммо барқарор деб баҳоланмоқда. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимлар бола ва унинг оиласига психологик ҳамда амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Норфолк шаҳридан бўлган 30 ёшли эркак қўлга олинган. Дастлабки маълумотларга кўра, у ва жабрланувчи бола бир-бирини танимаган.
Полиция инспектори Верити Макканннинг сўзларига кўра, ҳозирда воқеа тафсилотларини тўлиқроқ тушуниш учун ушбу кўнгилсиз ҳодиса пайтида зоопаркда бўлган гувоҳлар билан суҳбат олиб борилмоқда.
Зоопарк маъмуриятининг маълум қилишича, аллигатор ва тимсоҳлар сақланадиган тропик павильон боланинг оиласига ҳурмат юзасидан вазиятга аниқлик киритилгунига қадар ёпиқ қолади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter