Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Буюк Британия Россияга нисбатан ўта жиддий айбловлар илгари сурди

Буюк Британия Россияга нисбатан ўта жиддий айбловлар илгари сурди

Фотога изоҳ: Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ва Россия президенти Владимир Путин.

Фото: Getty Images

Буюк Британия парламентининг хавфсизлик ва разведка фаолияти бўйича қўмитаси Россияни қироллик ички сиёсатига аралашувда айблади. Қонунчилик идораси томонидан эълон қилинган ҳисоботда Россия Буюк Британияга барча жабҳаларда таҳдид солувчи рақиб деб аталган. 

«Россиянинг барча саъй-ҳаракатлари Ғарбга зарба беришга қаратилган» дейилади ҳисоботда. Инглиз депутатларига кўра, Россия раҳбарияти ЕИ ва НАТОга нисбатан шу қадар чуқур душманлик кайфиятига берилганки, имкон бўлди дегунча халқаро тартибни бузишга уринади. Расмий Москванинг якуний мақсади буюк мамлакатга айланиш, собиқ СССР ҳудудида ҳукмрон мавқега эга бўлишдан иборатдир, деб ҳисоблайди ҳужжат муаллифлари.

Қайд этилишича, Россия Ғарбда биринчи навбатда Буюк Британияни асосий разведка нишони деб билади. Бу эса қиролликнинг АҚШ билан жуда яқин дўстона муносабатда экани ва Лондон аксилроссия марказларидан бирига айлангани билан изоҳланади. 

Ҳисоботда рус таҳдидининг уч жиҳати ҳақида сўз боради.

Биринчидан, расмий Москва кибермаконда ҳужумлар амалга ошириб, турли мамлакатлардаги демократик жараёнларни издан чиқаришга уринмоқда. Бу ўринда «Брексит» бўйича овоз бериш жараёни (2016), Шотландиядаги референдумни (2014) ёдга олиш мумкин.

Иккинчидан, Россия оммани чалғитувчи сохта ахборот тарқатиш орқали ижтимоий фикрни янглиш ўзанга буришга ҳаракат қилмоқда. Бу борада давлат назоратидаги RT, Sputnik каби давлат оммавий ахборот воситалари ҳамда троллардан фойдаланилмоқда. Ахборот жабҳасидаги ғирромлик ҳақида сўз борар экан, рус разведкаси Черногорияда давлат тўнтаришига уринишни дастаклагани иддао қилинган. 

Ҳисоботда Кремлнинг ахборот соҳасидаги бузғунчилик фаолиятига Британия ҳукумат идоралари муносиб жавоб бера олмаётгани қайд этилган.

Учинчидан, Буюк Британияга танда қўйган россиялик олигархлар ҳам хавф ўлароқ баҳоланган. Сўнгги йилларда Лондонга Россиядан келиб чиқиши шубҳали бўлган маблағлар оқиб келмоқда. Инглиз мутасадди идоралари шубҳали маблағларнинг манбаси билан қизиқмаган. Оқибатда Россия раҳбариятига яқин саналган олигархлар Британия элитаси билан мустаҳкам ришталар ўрнатишга муваффақ бўлган. Маҳаллий фуқаролар орасида Россия манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳуқуқшунослар, пиар мутахассислар ва риэлторлар армияси вужудга келган. Россиялик корчалонлар хайрия ташкилотлари, ҳатто сиёсий партияларга хайриялар қилган. Хавотир ила қайд этилишича, Россияда молиявий манфаати мавжуд арбоблар орасида Лордлар палатаси аъзолари ҳам бор.

Британия депутатлари махфийлик важидан қўлга киритилган маълумотларнинг катта қисми жамоатчиликка ошкор этилмаганини маълум қилган.

Ҳисобот муаллифлари мазкур таҳдидларга қарши туриш учун хорижий агентлар тўғрисида қонун қабул қилиш, жиноий маблағларга қарши курашни кучайтириш ҳамда Москва билан робиталарни чеклашни тавсия этган.

Кутилгандек расмий Москва инглиз парламенти ҳисоботини рад этган. Хусусан, Россия ТИВ вакили Мария Захарова уни «русофобия» ҳамда «сохтакорлик» деб атаган.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Кремль дунёнинг бирор бир мамлакатидаги сайлов жараёнларига аралашмаган.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг