Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эрон ва АҚШ делегациялари музокаралар учун Исломободга етиб келди

Эрон ва АҚШ делегациялари музокаралар учун Исломободга етиб келди

Фото: Pars Today

Эрон Ислом кенгаши мажлиси (парламент) раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф бошчилигидаги делегация АҚШ билан музокаралар ўтказиш учун Покистон пойтахти Исломободга етиб келди, деб хабар берди Pars Today.

Эрон делегацияси таркибидан хавфсизлик, сиёсат, ҳарбий, иқтисодий ва ҳуқуқий масалалар бўйича қўмиталар ўрин олган. Қолибофга ушбу сафарда мамлакат ташқи ишлар вазири Саййид Аббос Аракчи (Ироқчи), Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Акбар Аҳмадиён, Марказий банк раиси Абдунносир Ҳиммати ҳамда бир гуруҳ парламент депутатлари ҳамроҳлик қилмоқда.

Эрон томони музокаралар фақатгина қарши томон Теҳрон илгари сурган дастлабки шартларни қабул қилган тақдирдагина бошланишини билдирган. Хусусан, Қолибоф музокаралар олдидан Ливанда ўт очишни тўхтатиш ва Эроннинг музлатилган активларини озод қилиш талаблари бажарилиши шартлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Исломободга АҚШ делегацияси таркибида мамлакат вице-президенти Жей Ди Вэнс, шунингдек, махсус вакил Стив Уиткофф ва президентнинг куёви Жаред Кушнер ҳам келган. Покистон томони ушбу учрашувни минтақавий кескинликни пасайтириш йўлидаги «ҳал қилувчи босқич» деб атамоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг