Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Европа суди илк бор Навалнийнинг Усмонов ҳақидаги баёнотларини тақиқлади

Европа суди илк бор Навалнийнинг Усмонов ҳақидаги баёнотларини тақиқлади

Европа юрисдикциясига тегишли суд Алексей Навалнийнинг Алишер Усмонов ҳақида айтган баёнотларини тарқатишни тақиқлади. Шунингдек, суд тадбиркорнинг даъвосини қаноатлантириб, Frankfurter Allgemeine Zeitung газетасининг унинг Кремль билан алоқалари ҳақидаги даъволарини туҳмат деб топган.

Гамбург ер суди миллиардер Алишер Усмоновнинг Германиянинг Frankfurter Allgemeine Zeitung (FAZ) нашрига қарши киритган даъвосини қаноатлантириб, тадбиркорга нисбатан қатор баёнотларни тарқатишни тақиқлади ва уларни тўҳмат сифатида эътироф этди. Бу ҳақда РБКга Усмонов матбуот хизмати ва унинг адвокатлари маълум қилди.

Немис суди қарорни 23 январь куни эълон қилган. Тақиқни ҳар бир бузганлик ҳолати учун 250 минг еврогача жарима солиниши, агар жаримани ундириш имкони бўлмаса — ҳар бир қоидабузарлик учун олти ойгача маъмурий қамоқ жазоси, умумий ҳисобда эса икки йилгача қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.

«Суд томонидан тақиқланган баёнотлар қаторига FAZ нашрида А.Усмонов гўёки ўз бойлигидан “Кремль манфаатлари ёки унинг топшириғи асосида” фойдалангани, Ўзбекистонда Россия ҳокимияти манфаатларини норасмий тарзда ифода этгани, шунингдек, 2006 йилда “Коммерсантъ” газетасини сотиб олгандан кейин унинг таҳририяти сиёсатига аралашгани ҳақидаги иддаолар киради», — дея хабар қилди тадбиркор вакиллари.

Шунингдек, Европа юрисдикциясига мансуб суд илк бор Россия суди томонидан аввал ёлғон деб топилган А.Навалнийнинг даъволарини тарқатишни ҳам тақиқлади.

2017 йилда Усмонов Алексей Навалнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси томонидан тарқатилган баёнотларни рад этишни талаб қилиб судга мурожаат қилган эди. Москва шаҳрининг Люблин туман суди Усмонов даъвосини қаноатлантириб, жавобгарларни у ҳақидаги баёнотларни интернетдан олиб ташлашга мажбур қилган.

Усмонов вакилларининг таъкидлашича, Навалний баёнотлари ва FAZ материаллари Европа Иттифоқи томонидан тадбиркорга қарши санкцияларни асослашда (Усмонов 2022 йил февраль ойида санкцияларга тушган) ҳамда Германияда тергов бошланишида қўлланилган. Медиа ҳуқуқи бўйича адвокат Йоахим Штайнхёфель, Усмонов манфаатларини ҳимоя қилар экан, Гамбург суди қарори «FAZ мақоласидаги асосий даъволар Навалний томонидан тарқатилган ёлғон ва обрўсизлантирувчи чўпчаклардан иборат эканини тасдиқлайди», дея таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи санкцияларининг асосланиши «туҳмат, асоссиз ва ноқонуний айбловлар йиғиндисидан иборат».

USM асосчиси Европа санкцияларини ноҳақ деб атаб, улар «сохта ва далилсиз айбловлар» асосида қабул қилинганини айтган, шунингдек, унга нисбатан тенг муносабат ва камситмаслик тамойиллари бузилганини таъкидлаган. У санкциялар бўйича қарорни суд орқали бекор қилишга уринган, бироқ Европа Иттифоқи суди бир неча бор тадбиркор даъволарини рад этган.

Санкциялар рўйхатига киритилгандан сўнг Усмонов Ғарб оммавий ахборот воситаларига қарши бир неча бор даъво аризалари киритиб, судларда ғалаба қозонган. Масалан, ўтган йил май ойида Гамбург суди Mediahuis Luxembourg S.A. медиахолдинги нашрларида 2022 йилда ҳибсга олинган Dilbar суперяхтаси Усмоновга тегишли экани ҳақидаги маълумотларни ҳақиқатга тўғри келмайди, деб топган. 2024 ва 2025 йилларда Германияда Усмоновга нисбатан қўзғатилган иккита тергов — пул ювиш ва санкцияларни бузиш гумонлари бўйича ишлар тўхтатилган.

Forbes журнали маълумотларига кўра, Усмоновнинг бойлиги 2025 йил апрель ҳолатига кўра 16,7 миллиард АҚШ долларига баҳоланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг